Тўй ҳашам ўзни намойиш этишми?

2018 йил 17 март куни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти 4-сонли талабалар турар жойида “Педагогика, психология ва ўқитиш методикаси”, “Физика ва кимё”  кафедралари ўқитувчи ходимларидан доцентлар Тойчибай Байтураев, Лобар Нигматова, катта ўқитувчи Захро Мирходжаева, доцент Абдухаким Ахмедов ҳамда тарбиячи педагог Жавлонбек Қутлимуротовлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни тартибга солиш тўғрисида»ги мурожаатномаси бўйича давра суҳбати ўтказишди.

Тўй инсон умрининг энг эсда қоладиган фасли, бебаҳо онларидир. Ота – она бир умр ўзи емай – ичмай фарзанди учун йиғинади. Неча йиллаб орзу қилганлари рўёби фарзандининг бахтли онларини кўрганида юзага чиқади, десак, янглишмаган бўламиз. Орзу – ҳавасларнинг бўлгани яхши, аммо ана шу орзу-ҳавасларни рўёбга чиқаришга бироз қийналиб, диққат бўлиб қолаётган оилалар ҳам йўқ эмас.

Ҳашаматли тўй қилиш қонунан таъқиқланади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 29 июнда Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманига ташрифи давомида берилган топшириқлар ва кенгайтирилган тарзда ўтказилган мажлис баёни топшириқлари ижросини таъминлаш, шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2012 йил 10 мартдаги 732-сонли ҳамда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 2012 йил 18 апрелидаги 137/4-18-сонли «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни тартибга солиш тўғрисида»ги қарорларининг ижроси самарадорлигини ошириш, шаҳар аҳолиси орасида уларнинг тарғиботини кучайтириш мақсадида «Жамоатчилик Кенгаши» томонидан тавсия этилаётган таклифлар асосида пойтахтнинг барча маҳаллаларида ушбу тартибни тарғиб этиш тавсия этилади:

1. Никоҳ тўйи ўтказилаётганидан маҳалла хабардорлигини таъминлаш мақсадида ФҲДЁ идоралари томонидан никоҳланувчи ёшларнинг ариза топшираётган вақтида уларнинг яшаш жойларидаги маҳаллалардан маълумотнома олиниши;

2. Тўйхона, ресторан ва кафеларда ўтказиладиган тадбир иш кунлари соат 7:00дан 9:00гача, 12:00дан 14:00гача ва 18:00дан 23:00гача ўтказилиши;

3. Тадбирларда таклиф этилганлар сонининг чекланиши (200-300 кишидан оширмаслик);

4. Тадбирда диний мавзуда маъруза кўзда тутилган бўлса, фақат дин соҳаси вакили томонидан маъруза қилиниши;

5. Инсон туғилиши билан боғлиқ барча тадбирларни фақат яқин қариндошлар даврасида ўтказилиши;

6. Туғруқхонадан олиб чиқиш тадбирини барча санитар нормаларга риоя қилган ҳолда, ортиқча дабдабаларсиз ташкил этилиши;

7. Бешик тўйи, ўғил тўй, ақиқа каби маросимларнинг 20-30 нафардан иборат яқин қариндошлар ўртасида ортиқча сарф-харажат ва тоғораларсиз ўтказилиши;

8. Никоҳ тўйи билан боғлиқ маросимлар қисқартирилиши. Шу ўринда оқўрар ва фотиҳа маросимларини бирлаштириш, ортиқча харажат талаб қилувчи барча ҳолатларга қатъий чек қўйиш тавсия қилинади.

9. Рамазон ва Қурбон ҳайитларида келин томонидан юбориладиган йўқловларга чек қўйиш. Келин ва куёвнинг ота-онаси, яқинлари, айниқса кексаларни бориб кўриш ва тарихий обидаларни зиёрат қилиш ёки турли кўнгилочар масканларига боришларини ташкил қилиш.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг танқидидан кейин тўйлар бошқача ўтадиган бўлди. Тўйларда энди вальс тушиш, торт кесиш, гул отишу пул сочиш тақиқланди.

Чекловлар жумласига яна қуйидагилар киритилган:

– енгил машиналар сонини чеклаш (фақат келин-куёвга);

– аудио соз-овозларни пасайтириш;

– миллий қўшиқларни кўпайтириш;

– Love Story’ни йўқ қилиш;

– келин саломни никоҳ тўйи вақтида тўйхонанинг ўзида ўтказиш ва турли совғалар беришни йўқ қилиш.

Янги тартибга мувофиқ, қовурдоқ, чаллар ва қуда чақириш маросимлари бекор қилинган.

Мучал тўйи ва ақиқа маросимини ўтказмаслик сўралган.

Бундан ташқари, марҳумларни хотирлаб ўтказиладиган маросимларга тўхталиб, жаноза ўқилгач, 3 кунгача дастурхон безатилмаган ҳолда фотиҳагарчиликни ташкил қилиш тавсия этилади.

4–ТТЖ тарбиячи-педагоги Жавлонбек Қутлимуротов ахбороти

Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов