Уч авлод бонги
Ўзбек халқининг бой мусиқий мероси ҳақида сўз кетганда, бу бебаҳо бойликнинг бизгача етиб келишида жонбозлик кўрсатган устоз санъаткорларнинг ижодий фаолиятига тўхталмасдан илож йўқ. Биз бу ўринда Ражабийлар сулоласининг йирик намояндаси, атоқли бастакор, хонанда ва созанда, Ўзбекистон халқ артисти, академик Юнус Ражабий (1897–1976) номини тилга олиб ўтиш жоиз.
ТИҚХММИда “Ибратли, иқтидорли, ижодкор, истеъдодли инсонлар” рукнида ўтказилган тадбирда ражабийлар сулоласининг уч авлоди борасида сўз кетди. Ана шу шажаранинг вакиллари иштирок этишди. Ўзбекистон халқ ҳофизи Ҳасан Ражабий ва ўғиллари Жавлон Ражабий, Азиз Ражабий ва неваралари Юнус Ражабийлар билан биргаликда ташриф буюришди. Отаси ва ўзлари ижросидаги ашулаларни ижро этишдан олдин Ҳасан ака шулар хусусида сўзладилар.
Пойтахтимизнинг Чақар маҳалласида санъатсевар боғбон Ражаб ота оиласида ака-ука Ризқи ва Юнус Ражабийлар дунёга келди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, моҳир созанда Ризқи Ражабий (1887–1977) танбур чолғуси бўйича шуҳрат қозонади. Бугун Ризқи ота нохуни остида садоланган “Мискин”, “Насруллойи”, “Муножот”, “Абдураҳмонбеги”, “Самои дугоҳ”, “Гулёр-Шаҳноз”, “Гардуни” ва “Уфори сегоҳ”, “Тановор”, “Гиря”, “Сувора” каби магнит тасмаларига муҳрланган кўплаб мақом ва мумтоз куй йўллари миллий мусиқа хазинамиздан мустаҳкам ўрин олган. Шунингдек, Ризқи Ражабий оиласида бўлажак мақомшунос олим ва созанда (танбур ва дутор чолғулари ижрочиси), санъатшунослик фанлари доктори Исҳоқ Ражабов (1927–1982) вояга етди. Мумтоз мақомларга доир салмоқли тадқиқотлари билан “Шашмақом”га оид мураккаб илмий-назарий, тарихий ва амалий масалаларни ҳал этиб берган Исҳоқ Ражабов Юнус Ражабийнинг энг яқин маслакдошларидан бири эди.
Янги авлод мақомчиларига устозлик қилиб юрган кезлари шогирдларига қарата айтган, “Кўпроқ диққат билан тингла, шунда куй дилингга кўчади”, – деган таъкиди Юнус Ражабийнинг ўзига хос шиорига айланган эди. Дастлаб дутор чертиш машқини акаси Ризқи Ражабийга қизиқиб бошлаган Юнус тез орада илк кўникмаларни ҳосил қилади. Машҳур найчи-созанда Абдуқодир Исмоиловнинг бетакрор нолаларидан илҳомлангач, най чалишни мустақил равишда ўрганишга киришади. Туркистон халқ консерваториясида ўқиб юрган кезлари (1919–1923) бу чолғулардаги ижрочилик малакаларини оширади, кейинчалик дутор ижрочилигини Ҳожи Абдулазиз Расулов кўмагида такомилига етказади.
Айни пайтда ашулачилик санъатига ихлоси баланд Юнус Ражабий эл ардоғидаги устоз ҳофизлардан сабоқ олади, жумладан, андижонлик Мирза Қосим ҳофиздан Фарғона-Тошкент мақом йўлларининг айрим қисмларини ўрганади. 1910 йилларга келиб, бу мақомларнинг барча ашула йўлларини Мулла Тўйчи Тошмуҳаммедов, Шораҳим Шоумаров, Иноғомжон ҳофиз ва Илҳом ҳофизлар устозлигида мукаммал ижро этишга эришади.
Ширали овоз соҳиби Юнус Ражабий тез орада эл назарига тушиб, ҳақли равишда обрў-эътибор қозонади. Инчунин, ҳузурли дард ва бетакрор овоз таровати билан йўғрилган ноёб ҳофизлик истеъдоди “Ушшоқ”, “Кўча боғи I-II”, “Гиря”, “Гулёр-Шаҳноз”, “Баёт I-II”, “Талқини баёт”, “Дугоҳ-Ҳусайн”, “Чоргоҳ I”, “Қаландар I”, “Адоий I-II”, “Кошки” сингари мумтоз ашула йўлларида ёрқин ифодасини топади.
Мақомларни мукаммал ўрганиш йўлидаги тинимсиз изланишлар Юнус Ражабийни “Шашмақом” маркази – Бухорога етаклайди. “Мен бу ерда Ота Жалол, Ота Ғиёс, Уста Шоди, Қори Камол, Абдусамад Бегижон, Қори Нажм, Домла Ҳалим Ибодов каби ўзбек ва тожик халқлари орасида донг чиқарган моҳир мақом ижрочилари билан учрашдим. Улардан мақомларнинг тарихий масалалари ва ижро этиш асосларини ўргандим. Олдин билганларимни мукаммаллаштирдим, улар билан бирга мақом йўлларининг айримларини ижро этдим” , – деб хотирлайди санъаткор.
Миллат қайғуси билан ёнган Юнус Ражабий мумтоз “Шашмақом”ни сақлаб қолиш ва ундан келгуси авлодни баҳраманд этиш йўлида яна бир бор жасорат намунасини кўрсатди, Б.Зикриев, М.Толмасов, Д.Ибодов, М.Тошпўлатов, Ё.Довидов, М.Муллақандов каби устозлар ижросига таяниб, оқилона йўл тутди. Бу жараёнда унинг илмий-ижодий салоҳияти ҳам ёрқин намоён бўлди. Жумладан, мақом туркумларида етишмаётган чолғу ва айтимлар ўрнини шу услуб доирасида яратган ижод намуналари билан тўлдирди, форсий ғазаллар билан “ўқилган” айтим йўлларига туркийда битилган мумтоз шеърият намуналарини ҳам мазмун, ҳам аруз баҳрларига кўра тўғри танлаб боғлади ҳамда нозик дид билан заргарона ишловлар берди. Бу салмоқли ишнинг якуни сифатида “Шашмақом” мажмуаси 1959 йили “Ўзбек халқ мусиқаси” нота ёзувлари туркумининг бешинчи жилдида “Бухоро мақомлари” номи билан нашр юзини кўрди. Жумладан, 1963 йили Исҳоқ Ражабовнинг “Мақомлар масаласига доир” салмоқли монографик тадқиқоти эълон қилинди ва шу асосда кейинчалик мақомшунослик фан тармоғи шаклланди, 1970 йилларга келиб ўзбек санъаткорлари – Мирсодиқ Тожиев ва Мирхалил Маҳмудовларнинг композиторлик ижодиётида мақом қонуниятлари билан уйғунлашган симфониялар юзага келди ва довруғи жаҳонга ёйилди, 1972 йили Тошкент давлат консерваториясида “Шарқ мусиқаси” кафедраси очилиб, унда мақомларни амалий ва назарий ўрганиш ишлари йўлга қўйилди, 1983 йилдан эса ҳар тўрт йилда бир маротаба Ёш мақом ижрочиларининг Республика (ҳозирда Юнус Ражабий номидаги) танлови ўтказила бошланди. Санъаткорнинг наинки мусиқа, балки миллий маданиятимизни ривожлантиришга қўшган беқиёс ҳиссаси муносиб баҳосини топган эди. Жумладан, у 1953 йил “Ўзбекистон халқ артисти” унвонига сазовор бўлади, 1966 йилда эса Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги этиб сайланади.
Истиқлол йиллари устоз санъаткор Юнус Ражабий ижоди алоҳида эътирофга сазовор бўлди.
Азиз Ражабий "Менинг юртим" телеканалининг "41-ҳунар" номли кўрсатувида иштирок этди. У кўрсатув давомида ўзининг сартарошлик қилишга қобилияти борлигини маълум қилиб, бир сафар мижозлардан бирининг сочини португалиялик футболчи Роналдуники каби турмаклашига тўғри келганини айтди.
Юнус Ражабийнинг невараси бўлмиш Азиз Ражабий яна бир машҳур футболчи Дэвид Бэкҳемнинг соч турмаклатиш бўйича қизиқишларига тўхталиб ўтган. "Дэвид Бэкҳем ҳам ўз мухлислари учун турли хил соч турмаклаш услублари орқали ўрнак бўлган", дейди у.
Ўзининг тан олишича, Азиз танбур чалишни ўрганишдан олдинроқ, қайчи билан соч кесишни бошлаган экан. Унинг доимий мижозлари отаси, Ўзбекистон халқ ҳофизи Ҳасан Ражабий ҳамда амакиси, Ўзбекистон халқ артисти Обид Юнусов ҳисобланишган.
Тадбир савол ва жавоблар руҳида, кўтаринки тарзда ўтди. Ота - бола Ҳасан Ражабий ва Азиз Ражабий ижроларидаги қўшиқлар иштирокчиларида илиқ таассурот қолдирди.
“Гуманитар фанлар” кафедрасининг ўқитувчиси Баҳриддин Муқимов ахбороти
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов