Профессор Каримов Бахтиёр Қурамбоевич “Халқаро экология ва ҳаётий фаолият хавфсизлиги Академияси” хақиқий аъзоси (академиги) этиб сайланди

БМТ Қошидаги “Жамият маълумотлари департаменти” билан ассоциациялашган “Халқаро экология ва ҳаётий фаолият хавфсизлиги Академияси” (Международная академия наук экологии и безопасности жизнедеятельности, ассоциированная с Департаментом Общественной Информации ООН (МАНЭБ ДОИ ООН) Уставига асосан “Экология ва сув ресурсларини бошқариш” кафедраси профессори, б.ф.д. Каримов Бахтиёр Қурамбоевич ушбу дунё миқёсида тан олинган халқаро ташкилотнинг хақиқий Аъзоси (Академиги) этиб сайланди (№.05593 сонли 22.02.2018 да берилган Диплом).

Бахтиёр Каримов 1960 йилда туғилган, экология, биология ва ташқи муҳит мухофазаси сохасида халқаро миқёсда танилган ва тан олинган олимдир. Инглиз, немис ва рус тилларини муфассал билади. Фан доктори диссертациясини 1995 йилда Тошкент Давлат университети ҳузуридаги махсус илмий кенгашда «Эколого-токсикологические проблемы состояния и рыбохозяйственного использования гидроэкосистем бассейна Аральского моря» мавзусида 03.00.16 - «экология» ихтисослиги бўйича ҳимоя қилган. 1992 йил 3 апрелда экология ихтисослиги бўйича катта илмий ходим илмий унвони берилган.

1987-1991 йилларда Б. Каримов Ўрта Осиё ирригация илмий-тадқиқот институти илмий ишлаб чиқариш бирлашмасида катта илмий ходим; 1991-2009 йилларда ЎзР ФА Сув муаммолари институтида «Гидроэкология» лабораторияси мудири; 2009 йил апрел ойидан 2012 йилгача ЎзР ФА Зоология институтида «Интенсив ақвақултура ва балиқчилик муаммолари» лабораторияси мудири; 2012 йил март ойидан 2015 йил январ ойигача ЎзР ФА ўсимлик ва ҳайвонот олами генофонди институтида Гидробиология ва Ихтиология лабораторияси мудири лавозимларида ишлаган. 2015 йилнинг 2 январидан Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти “Гидромелиорация факультети “Экология ва сув ресурсларини бошқариш” кафедраси профессори лавозимида самарали ишлаб келмоқда.

Б. Каримов ўз илмий фаолиятини 1982 йилда Ленинград шахридаги аспирантурага киришдан бошлаган. Унинг илмий изланишлари йўналиши Орол денгизи хавзасидаги сув экосистемалари экологик ҳолати ва биологик ресурсларни мухофаза қилиш хамда улардан экологик барқарор фойдаланиш муаммоларини ечимига қаратилган. Унинг илмий ишлари натижалари мамлакатимиз ва етакчи хорижий давлатлар илмий журналларида ва тупламларида нашр этилган (165 дан ортиқ, жумладан 4 та монография). Нашр этилган энг машҳур илмий ишлари қаторида, унинг Дунёнинг 5 та қитьаси етакчи эколог олимлари билан ўзаро ҳамкорликдаги илмий-тадқиқотлар натижасида яратилган, АҚШ илм-фан ривожланишига хомийлик қилиш Ассоциациясининг Сайенс (AAAS Science) — журналида 2016 йилда босмадан чиққан мақоласини таъкидлаб ўтиш лозим. Ушбу илмий журнал дунёдаги саноқли энг обрўси баланд илмий нашрлар жумласидан бўлиб (Nature журнали билан мавқеъи бир) 2017 йилдаги импакт-фактори 37 га тенгдир.

Б. Каримов ЎзР Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (ҚСХВ) илтимосига биноан ФАО лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилган «Ўзбекистон республикасида ақвақултура ва балиқчиликни ривожлантиришнинг 2008-2016 йилларга мўлжалланган Концепцияси»нинг асосий авторларидандир. Ушбу Концепция ҚСХВ ҚХИИЧБ Коллегияси ҳамда Ўзбекистон республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси «Аграр, сув хужалиги ва экология масалалари Қўмитаси» томонидан 2008 йилда маъқулланган ва мамлакатимизда балиқчилик соҳаси ривожига катта ҳисса қўшди. Шунингдек, у 2009-2010 йилларда ПРООН БМТ «Инсоният ривожланиши хақидаги маруза»ни тайёрлашда ҳам эколог-эксперт сифатида қатнашган.

Б.К. Каримов маънавий-маърифий ва жамоатчилик тадбирларида ҳам фаол иштирок этиб келади. У турли йилларда қуйидаги жамоатчилик вазифаларида ишлаган:

2002-2014 йй.: ЎзР ВМ ҳузуридаги Фан ва Технологияларни ривожини мувофиқлаштириш Кенгаши (2006 йилдан Қўмитаси) аъзоси,

2011-2014 йй.: ЎзР Олий Мажлиси аграр ва сув хўжалиги масалалари Қўмитаси жамоатчилик эксперти,

2012-2015 йй.: ЎзР ҚСХВ Вазирлиги томонидан 2012 йилдан бери ФАО Марказий Осиё ва Кавказ Минтақавий балиқчилик ва ақвакултура Қомиссияси (CACFish) Техник-консультатив Қўмитаси миллий координатори,

2014-йилдан хозиргача: Халқаро табиат муҳофазаси Жамияти Турларни асраш Комиссияси (IUCN SSC) ва Халқаро Ветланд (WI) Ташкилоти томонидан Марказий Осиё региони чучук сув балиқларини ўрганувчи мутахассислар Гуруҳи (FFSG CA) Раиси этиб тайинланган.

2017 йилдан бошлаб Украинанинг Киев шахрида нашр этилаётган «Техноген ва экологик хавфсизлик» халқаро илмий журнали экспертидир.

Б.Каримов кўпгина республика ва халқаро миқёсдаги илмий анжуманларда фаол қатнашиб келади, бир қатор халқаро миқёсдаги конференциялар ва семинарлар Илмий ва Ташкилий Қўмиталарининг аъзоси ва фахрий аъзоси этиб сайланган, БМТ ФАОнинг Таиландда, Туркияда, Украинада ва Озарбайжонда бўлиб ўтган, балиқчиликка багишланган Сессияларида Ўзбекистон Республикасининг вакили сифатида иштирок этган.

У БМТ кошидаги «Биохилма-хиллик ва экосистема хизматлари бўйича халқаро илмий-сиёсий Платформаси (IPBES)нинг Европа ва Марказий Осиё давлатларига тегишли Марузасини тайёрлаш бўйича тузилган авторлар жамоасининг аъзосидир. Хозирги вақтда у Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан ташкил этилган “Қишлоқ ва сув хўжалигини ривожлантириш, деҳқончилик ва озиқ-овқат махсулотларини қайта ишлаш  Концепциясини тайёрлаш Экспертлари Гурухи” нинг аъзоси этиб тайинланган.

Б.Каримов раҳбарлигида яратилган интенсив балиқчилик соҳасидаги илмий ишланмалар 2009, 2010 ва 2011 йилларда ўтказилган инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар Республика ярмаркаларида намойиш қилинган. Шунингдек, унинг раҳбарлиги остида 3 та фан номзоди ва бир канча магистрлик диссертациялари тайёрланган ва муваффақиятли ҳимоя қилинган.

Б.Каримов ўзининг; «доимий меҳнат, кенг миқёсдаги ҳамкорлик – муҳим илмий натижалар асосидир» деган шиорига амал қилган ҳолда Дунёнинг барча қитьаларидаги эколог олимлари билан самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Институтимиз жамоаси академик Б.Каримовга мустахкам саломатлик ва бундан кейинги илмий-педагогик фаолиятида улкан муваффақиятлар тилаб қолади.