Янги қарор моҳияти
2018 - йил 27 - апрел куни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти 4-сонли талабалар турар жойида “Гидромелиорация” факултети “Педагогика, психология ва ўқитиш методикаси” кафедраси доценти Тўйчибой Бойтўраев, Захро Мирхаджаева ҳамда тарбиячи - педагог Жавлонбек Қутлимуротовлар “Янги қарор: фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолияти такомиллаштиришдаги аҳамияти ” мавзусида давра суҳбати ўтказишди.
Ҳужжатда қайд этилишича, айрим туманларда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ер участкаларидан оқилона фойдаланиш бўйича ишлар ҳолатини ўрганиш натижалари ушбу йўналишдаги фаолиятни ташкил этишни янада такомиллаштириш бўйича аниқ чоралар кўриш зарурлигини кўрсатмоқда. Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг бу соҳадаги ваколатларини кенгайтириш ва фаол иштирокини таъминлаш мақсадида: Тегишли ҳудудда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига ажратилган ер участкаларидан мақсадли фойдаланилиши туманни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича сектор раҳбарлари фаолиятини баҳолаш кўрсаткичларидан бири деб ҳисобланади. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва туманлар ҳокимлари, қишлоқ хўжалиги вазири ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши (кейинги ўринларда Кенгаш деб юритилади) раҳбарларига фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари туман кенгашлари ҳузуридаги фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига комплекс хизмат кўрсатиш марказлари фаолиятини ташкил этиш таъминланмаганлиги қатъий кўрсатиб ўтилган. Белгиланишича, 2018 - йил 1 - июлдан: барча фермер ва деҳқон хўжаликларининг Кенгашга аъзолиги мажбурий, томорқа ер эгалари учун эса ихтиёрий ҳисобланади; фермер ва деҳқон хўжаликларининг Кенгашда аъзолиги туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раёсати қарорига мувофиқ тугатилиши ер участкасига эгалик қилиш, ундан доимий ёки муддатли фойдаланиш ҳуқуқи ёхуд уни ижарага олиш ҳуқуқи бекор бўлиши учун асос бўлади; фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари қишлоқ хўжалигида шартнома мажбуриятларининг бажарилиши юзасидан мониторинг ҳамда жамоат назоратини амалга оширади.
Кенгаш, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Кенгашга аъзолик бадалларини қуйидагича белгилаш ҳақидаги таклифлари маъқулланди: пахта хомашёси ҳамда донли экинлар етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликлари учун пахта хомашёси ҳамда доннинг харид нархидан 0,8 фоиз миқдорида; бошқа фермер хўжаликлари учун улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотишдан тушган пул маблағларининг 0,5 фоизи миқдорида; деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгалари учун Кенгашга аъзолик тўғрисидаги шартномада кўрсатилган миқдорда. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Марказий банк, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Кенгаш, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда мазкур банд талабларига мувофиқ Кенгашга аъзолик бадалларини ўтказиб бериш тартибини ишлаб чиқади ҳамда ўрнатилган тартибда тасдиқлайди. Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашларига қуйидаги ҳуқуқлар берилди: уйма-уй юриш орқали деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ер участкаларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини, шу жумладан, ерни тайёрлаш, уруғ, кўчат ва дарахтлар экиш, иссиқхоналар қуриш, чорва ва паррандаларни кўпайтириш ҳолатини даврий мониторинг қилиб бориш; Кенгаш аъзолари – фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига тегишли ер участкаларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш зарурлиги тўғрисида кўрсатмалар бериш; туман ҳокимларига фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг тегишли ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини ер қонунчилигига мувофиқ тугатиш зарурлиги тўғрисида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган таклифлар киритиш. Барча қишлоқ туманларида асосий вазифаси қуйидагилар орқали фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва сотишда амалий ёрдам кўрсатиш ҳисобланган “Томорқа хизмати” МЧЖлар ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинди: фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига шартнома асосида зарур моддий ресурслар, шу жумладан, уруғлар, кўчатлар, таралар, техника ва бошқа воситалар етказиб бериш; ерларни рекультивация қилиш ва қишлоқ хўжалиги экинларини экиш; суғориш тизимини яратиш ва яхшилаш, сув насослари ўрнатиш, артезиан қудуқлар қазиш ва томчилатиб суғоришни ташкил этиш; ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ва қишлоқ хўжалиги экинларини ички ва ташқи бозорларда сотиш, шу жумладан, уларни тайёрлаш, сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси ва Кенгаш билан биргаликда қишлоқ туманларининг ихтисослигидан келиб чиққан ҳолда “Томорқа хизмати” МЧЖлар фаолиятини самарали ташкил этишда, шу жумладан, бўш турган ва фойдаланилмаётган давлат мулки объйектларини белгиланган тартибда ажратиш орқали кўмаклашади.
4 - ТТЖ тарбиячи-педагоги Жавлонбек Қутлимуротов ахбороти
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов