Байрамона шукуҳ ва руҳ билан
Байрам тараддуди барча жамоат ташкилотлари, таълим муассасаларида ўзига хос тарзда кечиши тайин. Янги йилни кутиб олиш маълум маънода ўтган йилнинг сарҳисоби ва келаётган йилдаги режаларни белгилаш ҳам демакдир. Йил давомида эришилган ютуқ ва йўл қўйилган камчиликлар инсоннинг ўз-ўзига ҳисоботи, айни пайтда ўз касбига, вазифасига нисбатан масъуллик ҳиссини ошириши тайин.
Институтимиз жамоаси ҳам янги йилни муносиб кутиб олиш мақсадида 29 декабрь куни байрамона безатилган муҳташам талабалар ошхонасига жам бўлишди. Турли ноз-неъматлар билан музайян қилинган тўкин дастурхон атрофидан ўрин олган нуфузли меҳмонлар, институтимизнинг профессор ўқитувчилари, ишчи ходимлар, тарбиячиларнинг кўтаринки кайфияти уларнинг юз-у кўзларида зоҳир эди.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга қилган мурожаатидаги мулоҳазалар, хусусан 2019 йилни «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» деб аташлари билан боғлиқ таклифлари барчамизга айрича руҳ ва мазмун бахш этди.
Янги йилга бағишланган тадбир аввалида институтимиз ректори, профессор Умурзаков Ўктам Пардаевич янги йил базми дастурхонига таклиф этилган меҳмонларга ўзларининг самимий тилакларини билдириб уларни байрам билан қутладилар. Жумладан, йил давомида эришган ютуқларимизни тақдимот дастури орқали намойиш этатуриб, Президентимиз эътирофларидан келиб чиққан ҳолда, кейинги йил оғир ва масъулиятли йил бўлишини уқтириб ўтдилар.
Якунланаётган йил институтимиз ҳаётида, умуман таълим тизимида тарихий воқеаларга бой бўлди. Барчангизга маълум, мамлакатимизда сўнгги йилларда барча соҳаларда бўлгани каби, олий таълим тизимида ҳам улкан ислоҳотлар олиб борилмоқда ва изчиллик билан давом эттирилмоқда. Шулар қаторида Президентимизнинг биз учун энг муҳим бўлган 2018 йил 8 майдаги 3702-сонли қарори ва 2018 йил 5 июндаги ПҚ-3775-сон қарори қабул қилинди.
Ҳар иккала қарор ҳам институтимиз ҳаёти билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, институтнинг келажакдаги истиқболли тараққиётини ва асосий вазифаларни белгилаб берди. Булар асосан олий таълим муассасаларида ўқув жараёнининг сифати ва мазмуни ҳамда самарадорлигини ошириш, илмий ва инновация ютуқларини амалиётга жорий этишнинг самарали механизмларини яратиш, илмий-муаммоли лабораториялар, юқори технология марказлари, илмий кластерлар ва технопаркларни ташкил этиш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва меҳнат бозорида ҳақиқий рақобатни юзага келтириш, замонавий ўқув-лаборатория ускуналари ва уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш каби вазифалардан иборат.
Ректор институт жамоасини муҳтарам Президентимиз томонидан қўйилган барча вазифаларни юқори даражада бажариш учун бир тан, бир жон бўлиб садоқат билан виждонан ишлашга чорлади.
Йил давомида ҳар бир ойда ўтказилган халқаро анжуманлар ва эришилган ютуқларни бир-бир санаб ўтдилар.
2018 йилда Европа Иттифоқи кўмагида институтда “DSinGIS: Геоинформатика соҳасида докторантура” халқаро лойиҳаси молиялаштирилиб Геоинформатика ихтисослиги бўйича хорижда фан докторларини тайёрлаш йўлга қуйилгани, жаҳон банки ҳисобидан қуёш батареяларида ишловчи 3 та насос институт ҳудудига, 2 таси Илмий ўқув марказ полигонига, Қорасув дарёсидан сув тортувчи 1 та энергия тежамкор насос ўрнатилгани, Талабалар спорт ҳафталигида Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасалари ўртасида ўтказилган “мини-футбол” спорт тури бўйича институтимизнинг “Ирригатор” жамоаси фахрли 1-ўринни эгаллагани, “Ўзбекистон футбол федерацияси кубоги” мусобақасининг Тошкент шаҳар босқичида “мини-футбол” спорт тури бўйича институтимизнинг “Ирригатор” жамоаси фахрли 1-ўринни ишҳол қилгани, Будапешт шаҳрида Венгриянинг Обуда Университети билан ҳамкорлик меморандум имзолангани, “Гидротехника иншоотларининг самара-дорлиги, ишончлилиги ва хавфсизлигини ошириш” мавзусида юқори савиядаги Халқаро илмий-амалий анжумани ўтказилгани ва 20 га яқин халқаро ташкилотлардан вакиллар иштирок этгани, Марказий Осиё худудий экологик марказ билан ҳамкорликда “Инновациялар ва илмий тадқиқотлар кластери” ташкил этилгани, “Сув ресурсларидан фойдаланиш асослари мавзусида Ўзбекистон, Афғонистон, Қозоғистон, Қирғизистон Тожикистон ва Россия Давлат қурилиш университетлари магистрантлари иштирокида ёзги мактаб курси ташкил этилгани, халқаро сув ресурсларини бошқариш (IWMI) институти билан ҳамкорликда “ГАТ асослари ва унинг ер-сув ресурсларини бошқаришдаги имкониятлари” мавзусида халқаро ёзги мактаб ташкил этилгани, мазкур мактабда Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, ва Ўзгидромет марказининг ёш мутахассислари тингловчи сифатида иштирок этгани, Мичиган Штати Университети ва Словениянинг Нитра қишлоқ хўжалиги университети билан ҳамкорликда қўшма дастур асосида халқаро магистратура ташкил қилингани, йилнинг энг яхши педагоги танловида 28 нафар профессор-ўқитувчи иштирок этгани ва институтнинг 10 нафар профессор ўқитувчиси йилнинг энг яхши педагоги номинациялари бўйича ғолиб бўлишгани, QS рейтинг тизими платформасида Республикада биринчи бўлиб институтнинг профили “Tashkent Institute of Irrigation and Agricultural Mechanization Engineers (TIIAME)” номи билан яратилгани, институт ҳудудида «Китоблар дунёси» дўкони ва сунъий қопламали “Футбол майдончаси” талабалар ихтиёрига топширилгани, Германиянинг Фолксваген фонди томонидан молиялаштирилаётган “SUSADICA” Марказий Осиёда қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш лойиҳаси доирасида қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти ихтисослиги бўйича 10 нафар таянч докторантлар икки томонлама диплом бериш бўйича халқаро PhD докторантура мактаби очилгани, Ўзбекистон–Россия таълим форуми доирасида Россиянинг 4 та ОТМ билан шартнома имзолангани, ЮНЕСКО Бош қароргоҳининг хулосасига асосан, институтда “Сув дипломатияси, сув ресурсларини бошқариш, атроф муҳит-ҳимояси ЮНЕСКО кафедрасини ташкил қилиш рухсат берилгани, Ўзбекистонда биринчи маротаба ўтказилган Scopus статискаси бўйича Институтимиз –“Йил кашфиёти” Профессор Алим Пулатов – “Қишлоқ хўжалиги фанларида энг фаол тадқиқотчи” номинациясига лойиқ кўрилгани, Россия Федерацияси таъсисчилигида «PARKENTSUVQURILISH» ташкилоти билан “Фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси”га бағишланган ҳамкорлик шартномаси имзолангани, Бухоро пахта текстиль кластер, Сирдарё Бек кластер, Тошкет пахта текстель-балиқ кластерлари иштирокида “Инновацион кластер – фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси мезони” мавзусидаги илмий-амалий семинар бўлиб ўтгани, Россиянинг РОСТСЕЛЬМАШ компанияси билан ҳамкорлик шартномаси имзолангани, “Қишлоқ хўжалигини механизациялаш” кафедраси доценти Абдиллаев Тулеген “Дўстлик” ордени билан мукофотлангани, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2018 йил 13-14 декабрь кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида ўтказилган йиғилишида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг Қарши филиалини очишга қарор қабул қилингани борасида ахборот бериб ўтдилар.
Ректор табриги ниҳоясида Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев 2018 йил 28 декабрь куни Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига Мурожаатномасида янги – 2019 йилга юртимизда “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб эълон қилганликлари билан жамоани қутлаб бй йил ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ ишлашимиз заруратини таъкидлаб ўтдилар.
Сўнгра байрам тадбири таниқли хонандаю-созандалар, қизиқчи ва аскиячиларнинг чиқишлари ҳамда гўзал ва мафтункор раққосаларнинг жозибадор рақсларига уланиб кетди. Тотли ва тансиқ таомлар барчага хуш келди. Байрам тадбири кўнгилдагидек ўтди.
Институт Матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов