Зиёрат зийнати

Муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш инсон руҳиятининг тозаришига хизмат қилиши муқаррар. Эзгуликка даъват, бугунги куннинг шукронаси, эртанги кунга умид туйғулари бўлади унда. Зиёрат орқали одамзот қадр, ҳиммат, юртга муҳаббат, оилавий ҳамда жамоавий меҳр, ватан қисматига дахлдорлик туйғуларини туйиши табиий. Шундай экан, зиёратгоҳларни айланиш аждодларнинг, ўтмиш бобокалонларимизнинг хотирасига муносиб муносабат демакдир.

Худди шу мақсадда институт ректори Умурзаков Ўктам Пардаевичнинг ташаббуслари билан  таълим муассасасимизда кўп йиллардан бери ишлаб келаётган бир гуруҳ аёллар 10 январ куни “Занги Ота” зиёратгоҳига боришди. 25 та педагог аёлнинг аҳиллик билан муқаддас қадамжога ташрифлари муборак бўлишини тилаш билан бирга уларга мутасадди ва ҳамкор сифатида молия ишлар бўйича проректор Бахтиёр Ўришевич Ҳасанов ҳамда институт хотин-қизлар кенгаши раисаси Хафизова Зулфия Холмурадовна ҳамроҳ бўлишди.

          

Аслида, зиёратдан мақсад, охиратни эслаган ҳолда, маънавий озуқа олиш ҳамда минг йиллик тарихга эга халқимиздан етишиб чиққан мутафаккирлар руҳини шод этишдир.

Шунингдек, доимо эзгуликка, ҳаёт синовларида ўзини оқлаган қадрият ва анъаналарни аждодлардан авлодларга етказишдаги беқиёс ўрни ва аҳамиятини билиш  ҳам унинг замирига жодир. Инсон зоти фазилати зиёрат зийнати билан уйғун эканлигини улар яхшигина идрок этишди.

Институт хотин-қизлар кенгаши раисаси Зулфия Хафизова ахбороти

Институт матбуот котиби: Раҳимбой Жуманиёзов