Зулфияга бағишланди
2018 йил 27 февраль куни 4-сонли талабалар турар жойида “Гидромелиорация” факультети, “Педагогика, психология ва ўқитиш методикаси” кафедраси ўқитувчиси Захро Мирходжаева, тарбиячи педагог Жавлонбек Қутлимуротовлар Зулфия Исроилова таваллуд куни муносабати билан давра суҳбати ўтказди.
Ўзбекистоннинг машҳур ва қобилиятли шоираси Зулфия Исроилова ўзининг узоқ ижодкор умрини ўз халқининг асрлар давомидаги меҳнатда эришган ютуқлари, урф-одатлари, миллий қадриятларини куйлашга бағишлади. Ўзбекистоннинг кўп қиррали ҳаётидаги ҳеч бир мавзу йўқки, Зулфиянинг асарларида акс этмаган бўлсин. Унинг бадиий дунёси – мустақил ва суверинитет Ўзбекистон эди.
Зулфия Исроилова 1915 йил 1 мартда Тошкент шаҳрида Дегрез маҳалласида темирчи оиласида туғилди. Унинг ота-онаси юксак маданиятли инсонлар эди. Зулфия ўрта мактабни ва хотин-қизлар педагогика билим юртини тамомлаб, республикадаги газета ва журналлар редакциясида ишлай бошлади. Шу даврлардан бошлаб, у поэзия билан қизиқа бошлади. Унинг биринчи шеърлари “Янги йўл” журналида, “Қизил Ўзбекистон”, “Ёш ленинчи” газеталарида чоп этилди. Зулфиянинг биринчи шеърий тўплами 1932 йилда “Ҳаёт зарварақлари” номи остида нашр этилди. Зулфия ўзининг самарали ва ижодкор йиллари давомида республиканинг газета ва журналларида бир қанча поэмалар, балладалар, лирик шеърлар, элегиялар, очерклар, публицистик мақолалар, ҳикоялар чоп эттирди.
Зулфиянинг турмуш ўртоғи таниқли ва юксак қобилият эгаси дирик шоир Ҳамид Олимжон эди. Ҳамид Олимжон 1944 йилда фожеали ҳалок бўлди. Зулфия нафақат яқин одамини, балки маслакдоши ва касбдошини ҳам йўқотган эди. Қаттиқ изтиробга тушишига қарамай у ўзини йўқотмади, фарзандлари учун яшаши кераклиги яхши англади. Шу йиллари у ўзининг машҳур шеърлари: “ Баҳор келди сени сўроқлаб”, “Нима учун кўтармадинг бош”, “Ўғлим, сира бўлмайди уруш” ва бир қатор лирик асарларини яратди.
Зулфия умрининг охиригача “Саодат” журналининг бош редактори вазифасида самарали меҳнат қилди. Унинг бир қатор қобилиятли ва машҳур шогирдлари бор эди. Ҳозирда ҳам уларнинг кўпчилиги ижод қилиб келишяпти.
Зулфиянинг ўзбек адабиёти ривожланишида ва унинг хазинасини бойитишдаги хизматлари катта. Унинг номини абадийлаштириш мақсадида “Зулфия” мукофотлари жорий қилинган, у халқимиз ёдида бир умрга севги ва садоқат куйчиси, буюк лирик шоира сифатида сақланиб қолади.
4 –ТТЖ тарбиячи педагоги Жавлонбек Қутлимуротов ахбороти
Институт матбуоткотиби Раҳимбой Жуманиёзов