Қишлоқ хўжалиги инженерлиги соҳасида АҚШнинг етакчи Айова штати университети билан ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда

АҚШ ва Марказий Осиё университетлари ўзаро ҳамкорлигини қўллаб-қувватловчи UniCEN дастури олий таълим муассасалари ўртасида мустақил халқаро алоқалар учун имкониятлар яратади. UniCEN АҚШ олий таълим тизимини амалий томондан тушунишга эришиш мақсадида Марказий Осиё бўйлаб танланган университетларни қўллаб-қувватлайди ва муваффақиятли ҳамкорлик учун шароит яратади. Ҳозирда институтимиз UniCEN дастури доирасида АҚШни Миссисипи ва Оклахома штати университетлари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Янги 2020-21 ўқув йилидан дастур доирасидаги ҳамкор университетлар сафига қишлоқ хўжалиги инженерлиги соҳасида АҚШнинг етакчи университетларидан бири Айова штати университети ҳам қўшилди (https://unicen.americancouncils.org/central-asia-university-partner-ships-program-unicen-awards-announcement/ сайтига қаранг).

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг дастлабки йилларида Айова штати университети ва ТИҚХММИ ўртасида илмий-амалий, профессор-ўқитувчилар алмашинув  лойиҳаси амалга оширилганди. Ҳозирда амалга ошириладиган лойиҳада бугунги кундаги коронавирус пандемияси билан боғлиқ ҳолатни эътиборга олиб университетнинг “Қишлоқ хўжалиги ва биотизим инженерлиги” кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан ўқув йили давомида ҳар ойда бир марта қишлоқ хўжалиги инженерлиги соҳасининг долзарб мавзуларига бағишланган вебинарлар ташкил қилиш, ўқув йили давомидаги танишув ва ўзаро фикр алмашинувлар натижасида янги лойиҳалар устида ишлаш режалаштирилган.

Айова штати университети QS умумий рейтингида 511-ўринда, қишлоқ хўжалиги соҳасида 16-ўринда, университетнинг қишлоқ хўжалиги ва биотизим инженерлиги йўналишида бакалавр, магистр ва докторантлар тайёрлаш дастурлари қатор йиллардан бери АҚШ университетлари рейтингида 1-2 ўринларни эгаллаб келмоқда, кафедрада 100га яқин магистр ва докторантлар таълим олишади ва илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланадилар. “Қишлоқ хўжалиги ва биотизим инженерлиги” кафедраси профессор-ўқитувчилари сони 50дан ортиқ, кафедрага 1000дан ортиқ йўналиш бўйича таълим олаётган бакалаврлар бириктирилган.

Шу йил 15 сентябр куни Тошкент вақти билан кечки 17.00-18.00 оралиғида лойиҳада режалаштирилган 1-танишув вебинари WebEx платформаси орқали ўтказилади. Вебинарда Айова штати университетидан “Қишлоқ хўжалиги ва биотизим инженерлиги” кафедраси мудири, профессор Steven Mickelson (https://www.engineering.iastate.edu/people/files/2019/11/ Mickelson-2019.pdf) ва лойиҳани масъул бажарувчиси профессор Brian Steward (https://www.abe.iastate.edu/abe-department/ directory/profile/bsteward/) иштирок этишади.

Вебинарда иштирок этишга қизиққан институт профессор-ўқитувчилари, докторант, магистрант ва талабалари m.amonov@tiiame.uz электрон почтага исми фамилиялари, иш ёки ўқиш жойини кўрсатган ҳолда 13 сентябрга қадар мурожаат қилишлари сўралади.

 

Тракторлар ва автомобиллар кафедраси мудири Амонов М ахбороти