22- март Бутун жаҳон сув кунини нишонлаш
22 МАРТ - БУТУНЖАҲОН СУВ КУНИ: СУВ РЕСУРСЛАРИНИ БАРҚАРОР БОШҚАРИШДАГИ ЯНГИ ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВЛАР
ПРЕСС-РЕЛИЗ
Тошкент, 14 март 2018 й. – Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида Бутунжаҳон сув кунига бағишланган «Барқарор ривожланиш йўлида сув ресурсларидан фойдаланишнинг инновацион усуллари» мавзуидаги фотосуратлар кўргазмаси ўз ишини бошлади.
Мазкур тадбир ташкилотчилари Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ва Бирлашган миллатлар ташкилоти Тараққиёт дастурининг Европа Иттифоқининг «Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида сув ресурсларини барқарор бошқариш» дастури доирасида амалга оширилаётган «Техник салоҳиятни мустаҳкамлаш» лойиҳаси.
Ҳар йили 22 март санасида дунё бўйлаб Бутунжаҳон сув куни нишонланади. Ушбу кун жамоатчиликнинг эътиборини сув объектларининг бугунги ҳолатига ва уларни қайта тиклаш ва муҳофаза қилиш билан боғлиқ масалаларга жалб қилишга, ер юзидаги ҳар бир инсон ҳаётидаги сувнинг тутган ўрни ҳақида мулоҳаза қилишга, ичимлик сувининг етишмовчилиги билан боғлиқ муаммоларга эътибор қаратишга, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уларни асраб-авайлашнинг муҳимлигига, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш билан боғлиқ муаммоларнинг ечимини топиш учун тегишли чораларни кўришга қаратилган. 2018 йилги Бутун жаҳон сув кунининг асосий мавзуси – Табиат сув учун (Nature for Water).
Бутунжаҳон сув кунининг нишонланиши аҳолини сувдан оқилона фойдаланишга чақириш ҳамда кенг жамоатчиликнинг эътиборини сув ресурсларининг мамлакатимиз ва умуман олганда жамиятимизнинг тараққиёти учун қанчалик муҳимлигига қаратишга йўналтирилган қатор тадбирларни ўз ичига олади. 14-16 март кунлари бўлиб ўтадиган мазкур тадбирларда асосий эътибор ёшларнинг сувдан оқилона ва самарали фойдаланишдаги тутган ўрнига қаратилган бўлиб, улар доирасида сув ресурсларини бошқариш ва мамлакатимизни барқарор ривожлантириш масалалари бўйича олий таълим муассасалари талабалари ўртасида мунозаралар ўтказиш кўзда тутилган.
Тадбирларнинг биринчи кун дастури ўз ичига «Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда инновациянинг сув хўжалигидаги ўрни» мавзуидаги мунозараларни ҳам киритган. Иккинчи куни олий таълим муассасалари талабалари уч хил танловда иштирок этиш имкониятига эгадирлар. Танлов ғолиблари фахрий ёрлиқлар ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланадилар. Бутунжаҳон сув кунини нишонлаш доирасидаги сўнгги кун тадбирлари ўз ичига «Сувни тежаш бўйича инновацион ёндашувлар ва технологиялар» мавзуидаги кўргазмани ва «Сув ресурсларини барқарор бошқариш учун инновацион ёндашувлар» мавзуидаги Бутунжаҳон сув кунини нишонлаш маросимини олган. Унда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Делегацияси, Германиянинг Ўзбекистондаги Халқаро ҳамкорлик бўйича ташкилоти (GIZ) ва БМТТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари иштирок этадилар.
Батафсил маълумот учун: Тошкент шаҳри, Қори Ниёзий кўчаси, 39. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Илмий тадқиқотлар ва илмий педагог кадрлар тайёрлаш бўлими, 11-бино, 2- қават. Тел. 237-22-67, 237-09-46. Веб-сайт: www.tiiame.uz |
Сув куни-2018 танлов кумитаси ва мезонлари.pdf