“Баҳорнинг беш куни”
Худди шу ном билан аталган лойиҳанинг институтимизда ташкил этилгани катта аҳамият касб этгани рост. Ундаги 5 рақами рамзий маънода Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта ташаббус ижросига ҳам ишорадир. Айни пайтда ҳаракатимиз ташаббускорлик ва ташкилотчилик туйғуси билан мувофиқлигини ҳам англатмасдан қолмайди. Институтимиз хотин-қизлари учун учун илк маротаба ташкил этилган, бешта муҳим ташаббусни ўзида қамраб олган ушбу ажойиб лойиҳанинг “Халқаро хотин-қизлар куни” олдидан ўтказилиши ҳам ўзига хос туҳфадир.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти раҳбарияти ҳамда институт хотин-қизлар жамоаси томонидан 2020-йил 2-мартдан 6-мартгача институт хотин-қизлари учун алоҳида дастур асосида тузилган мазкур лойиҳанинг дастлабки куни 1-ташаббус факултетлар хотин-қизлари ўртасида рассомчилик, дизайн, амалий санъат, қўлда ясалган буюмлар кўргазмаси билан бошланди. Ушбу тадбирдан руҳланган ва қўллаб қувватлаган ректоримиз Умурзаков Ўктам Пардаевич кўргазмани кўриш, ўзларининг самимий фикрларини билдириш учун ташриф буюрдилар. Талабалар билан самимий мулоқот қилиб, ўзларининг таклиф ва тавсияларини билдириб, кўргазмани томоша қилиш асносида қуйидаги мулоҳазаларни ҳам билдириб ўтдилар.
"Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг қатор маъруза ва чиқишларида, ҳукумат қонун ва қарорларида хотин-қизларнинг ижтимоий ҳаётдаги фаолиятига эътибор юксак даражада бўлиб келмоқда. Ҳатто, давлатимиз раҳбарининг ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича илгари сурган 5 та муҳим ташаббусида ҳам бу масала алоҳида ўрин эгаллайди. Жумладан, бешинчи ташаббуснинг хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалаларига бағишлангани бежиз эмас.
Институтимизда 8-март “Халқаро хотин-қизлар куни”ни кенг нишонлаш муносабати билан беш кунга мўлжаллаб «Баҳорнинг беш куни» қизлар ҳафталигини ташкил этилиши ҳар жиҳатдан эътиборга моликдир. Бу талаба ва педагогларнинг креативлиги ва ҳамжиҳатлигини таъминлайди. Шунингдек, давлат ва жамият бошқаруви ҳамда иқтисодиёт тармоқларида хотин-қизларнинг ўрни ва уларни қўллаб-қувватлашнинг долзарб масалалари, хотин-қизларнинг интеллектуал салоҳиятларини юксалтиришнинг замонавий муаммолари, қизларни соғлом турмуш тарзи ва оила қуришга тайёрлашнинг долзарб масалалари, илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантиришда тадқиқотчи хотин-қизларнинг тутган ўрни каби муаммоларни ўз ичига қамраб олади. Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлигининг муҳим мезонларидан бири бўлган қишлоқ ва сув хўжалигини ривожи учун кадрлар тайёрлашдек шарафли фаолиятингизда, илмий изланишларингизда ҳамиша ютуқ ва омадлар ёр бўлишини тилаб қоламан,” - дея ректоримиз ўз дил изҳорларини билдирдилар. Айни дамда ўз нутқларида барча кўргазмада иштирок этган хотин-қизларга миннатдорчилик билдириб, доимо қўллаб-қувватлашга институт раҳбарияти тайёрлигини қайд этдилар.
Шу билан бир қаторда, кўргазмада Ёшлар билан ишлаш бўйича проректор, факултет деканлари, кафедра мудирлари ҳам ҳозир бўлишди. Ташриф буюрган меҳмонларда айниқса, қўл меҳнати билан тўқилган, ясалган ва институтимиз қизлари томонидан яратилган ижтимоий-маиший буюмлар катта таассурот қолдирди. Шундан сўнг “Б” бино 4-қаватда жойлашган анжуманлар залида барча факултетлардан йиғилган хотин-қизларнинг 170 нафари жам бўлишди. "Баҳорнинг беш куни" лойиҳаси чинакам байрам ва тантанавор фестивал тусини олди. Йиғилганлар орасидан тарих фанлари доктори, профессор Шоҳиста Ўлжаева ва ГМ факултети 3-босқич талабаси Соҳиба Имомалиева сўзга чиқиб, лойиҳанинг аҳамияти ва институт раҳбарияти қўллаб-қувватлагани, эътибори учун инстутут раҳбариятига миннатдорчилик билдирди, барча хотин-қизларнинг келгуси лойиҳаларда ҳам фаол бўлишини таъкидлаб ўтишди. Тадбир якунида институт раҳбарияти ва хотин-қизлар жамоаси лойиҳа очилиши жараёнидан эсдалик учун суратга тушишди. Рассомчилик, дизайн, амалий санъат бўйича хотин-қизлар жамоаси томонидан белгиланган ҳакамлар ҳайъати хулосаси қуйидагича:
1. Ижодкорлик йўналишида ГМ факултети ҳамда ҚСХЕТ факултети талаба-қизлари жамоаси;
2. Лойиҳалаш, макетлар ясаш йўналишида EРБ факултети талаба-қизлари жамоаси;
3. Рассомчилик ва дизайн йўналишида ГТҚ факултети ҳамда ҚХМ факултети жамоалари;
4. Амалий санъат қўлда ясалган буюмлар йўналишида ГИМ факултети ҳамда СХТЕ ва Б факултети жамоалари эътироф этилди.
Хотин-қизлар ва талабалар қамрови 280 нафар. Умумий жамоа ҳисобида ғолиб бўлган факултетлар жамоалари институт раҳбариятининг эсдалик совғалари билан лойиҳа якунида тақдирланади. Фаол бўлинг, азиз хотин-қизлар, барчаси сиз учун. Эртага иккинчи кун, иккинчи ташаббусга бағишланган факултетлараро тадбирлар давом этади. Иккинчи кунда ҳам қизиқарли танловлар олдинда. Ташриф буюринг ҳамда кузатиб боринг. Ташкилий ишларда ёрдам берган институт раҳбарияти, институт Касаба уюшмаси қўмитаси, Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти, факултетлар жамоаларига миннатдорчилик билдириш жоиздир.
ТИҚХММИ матбуот хизмати