Нуфузли 1 - Халқаро онлайн илмий-амалий анжуман ўз ишини бошлади
Шундай соҳа ва касблар борки, улар жинс танламайди. Бу шубҳасизки, илм-фан билан шуғулланиш, илмий тадқиқот ва инновацион изланишлар олиб боришдир. Бу борада хотин - қизларнинг алоҳида ўрни борлигини инкор этиб бўлмайди. Жамиятнинг равнақи илм-фан билан боғлиқ экан, демак, унга бўлган эҳтиёж доим сезилибгина қолмай, балки бу долзарб масала ҳамдир. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида ташкил этилган “Янгиланаётган Ўзбекистонда хотин - қизларнинг илм-фан тараққиётидаги роли: Гендер тенглик” мавзусидаги 2 - 3 март кунлари ўтаётган 1- Халқаро онлайн илмий - амалий анжуман худди шу маънода катта аҳамиятга молик.
Ҳамкор ташкилотлар таркибининиг ўзиёқ ўтказилаётган анжуманнинг юқори нуфузга эгалигини кўрсатиб турибди. Ўзбекистон Республикаси вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Британия кенгаши, Урал Федерал Эсбатини университети, Жанубий Африка университети, Қирғизистон Республикаси, Ўш гуманитар педагогика институти, Словениядаги Сифат Олий таълим институти, Оксфорд университети, БМТ Тараққиёт Дастури, Лейбниц қишлоқ хўжалиги Ландшафти тадқиқот маркази, Асосий Глобал Ассоциацияси, Австралия, Марказий Осиёнинг барқарор инновациялар бюроси, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Оила ва маҳалла илмий тадқиқот институти, “Tadqiqot.uz” ҳалқаро илмий журналлар порталининг биргаликдаги ҳаракати албатта, ўз самарасини бериши тайин. Конференция ЗООМ платформаси орқали ўзбек, рус, инглиз тилларида олиб борилади.
Бугунги анжуман ўз олдига республика ва хориждаги олима аёлларнинг таълим ва илм-фан соҳаларидаги тажриба ва ютуқлари билан танишиш, илмий анъаналари борасида фикр алмашиш, аёллар ва ёш қизларнинг салоҳиятини илмий-инновацион фаолиятга кенг жалб қилиш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасидаги амалга оширилаётган ишлар кўламини кенгайтириш ҳамда уларни маданият-маърифат, сиёсий-иқтисодий ишлардаги нуфузини янада ошириш каби масалаларни қўйган. Бу айни пайтда мамлакатимизда аёлга бўлган муносабат ўз тарихий илдизларига эга экани, аждодларимиз доимо аёлларни қадрлашга, уларга нисбатан ҳурмат ва иззатда бўлишга даъват этиш анъана ва урфимиз бўлганини намоён этади. Мамлакатимизда бугунги кунга қадар 24 та меъёрий ҳужжатлар қабул қилинган бўлиб, шулардан 2 таси Гендер тенглик ва аёлларни зўравонлик ва тазйиқлардан ҳимоя қилиш экани ҳам масаланинг гуманистик моҳиятини ифода этади. Конференцияда қуйидаги масалаларнинг ҳал этилиши кўзда тутилган.
Илм - фан - техника ва инновациялар самарадорлигини таъминлашда олима аёлларнинг иштироки, Янгиланаётган Ўзбекистонда амалга оширилаётган инновациялар, маънавий-маърифий ислоҳотлар, таълим тизимини модернизациялашда хотин-қизларнинг ўз қобилиятлари ва имкониятларини рўёбга чиқаришнинг шарт-шароитлари, Давлат ва жамият бошқаруви ҳамда иқтисодиёт тармоқларида ҳамда ОТМ-Оила-Маҳалла ҳамкорлигида хотин-қизларни ўз-ўзини бошқариш органлари фаолиятига жалб этиш, Глобаллашув шароитида хотин-қизларнинг интеллектуал салоҳиятларини юксалтиришнинг замонавий муаммолари, Оиладаги тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш ҳамда гендер тенгликни таъминлашга ва аёлларнинг ижтимоий турмуш шароитларини яхшилаш асосий вазифа ва мақсад сифатида қўйилган.
Конференциянинг илк босқичида Республика олий таълим кенгаши раиси, ТИҚХММИ ректори, профессор Умурзаков Ўктам Пардаевич, Олий Мажлис Сенати Раиси, Республика Гендер комиссияси раиси, социология фанлари доктори, профессор Танзила Нарбаева, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари Светлана Артикова, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълими вазири ўринбосари Узоқбой Бегимқулов, "Women’s Leadership” лойиҳаси асосчиси Оксфорд университети Гули Ханум Шейх, БМТ таррақиёт дастурининг доимий вакили Дойна Мунтяну, Британия кенгаши директори Рейчэл Айланд, Эсбатини университети ўқитувчиси (Мбабане, Жанубий Африка) Мандана Арфалар ўзларининг кириш сўзлари билан қатнашдилар.
Сўнгра олтита шўъба бўйича Валентина Овчинникованинг «Путь женщины в инженерии», Айниса Мусурманованинг “Илм-фан техника ва инновациялар самарадорлигини таъминлашда олима аёлларнинг иштироки”, Рахбар Муртазаеванинг "Янгиланаётган Ўзбекистонда хотин-қизларни илм-фан тараққиётидаги ўрни", Жамила Шермухаммедованинг "Ўзбекистонда Гендер тенгликни таъминлаш масалалари: муаммо ва ечимлар", Дилфуза Эгамбердиеванинг “Таълим тизимини модернизация қилиш, қобилият ва имкониятларни рўёбга чиқариш учун шарт-шароитлар яратишда хотин-қизларнинг ўрни”, Жо Чеффернинг "Олий таълимда феминизациялашган етакчилик:
Aкадемиянинг таркибий ва тизимли тенгсизлигини мувозанатлаш усуллари", Katja Žibert Kamšekнинг “Women have a role to play in modernizing the education system, conditions for the realization of abilities and opportunities”, Вера Чудакованинг “Роль женщин в развитии науки и гендерного равенства”, Барно Абдулахамидованинг “Роль женьщин в формировании валеологического воспитания детей”, Зухра Исмаилованинг “Олий таьлим тизимида фаолият кўрсатаётган аёлларнинг таълимни ривожлантиришдаги улуши” каби мавзулардаги маърузалари тингланди. Қуш қўш қаноти билан парвоз қилиши мумкин бўлганидек, ижтимоий ҳаётда ҳам икки жинс - эр ва аёл ҳам қўшқанот бўлиши зарур. Бағрикенглик ва тенглик гендер сиёсатининг туб моҳиятини билдиради. Илмий-назарий анжуманда худди шу руҳ ҳукмронлик қилди.
ТИҚХММИ матбуот хизмати