Жонга даво - назм ва наво
2021 йилнинг 3 февраль куни институтда Буюк мутафаккир Мир Алишер Навоий таваллудига 580 йил тўлиши муносабати билан Ўзбек Миллий мақом маркази билан ҳамкорликда “Назм ва наво” кечаси ташкил этилди. Тадбир мусиқа ва шеъриятнинг уйғунлиги ифодаси сифатида ўзгача аҳамият касб этди. Боиси, ҳар йили февраль ойининг 9 санасида Буюк мутафаккир ҳазрат Алишер Навоий таваллуди кенг тантаналар билан нишонланади. Бу йил эса 580 йиллик юбилейларини нишонлаш арафасида турибмиз. Албатта, бу каби тадбирларимиз аждодларимизга кўрсатилаётган эҳтиромнинг ёрқин намунасидир. Шу билан бир қаторда, бугунги кунда ҳукуматимиз томонидан мумтоз мусиқа маданиятимизга берилаётган эътибор, айниқса мақом санъатининг янада жонлантирилиши халқимиз маънавий ҳаётида муҳим ўзгаришлар ясади.
Бу хусусда, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам - “Агар биз асл, ҳақиқий санъатни билмоқчи, ўрганмоқчи бўлсак, аввало мумтоз мақом санъатини билишимиз, ўрганишимиз керак. Ана шундай улкан маънавий бойликнинг шаклланиши ва тараққиётида, бу умрбоқий санъатнинг бизгача етиб келишида беқиёс хизмат кўрсатган улуғ шоир ва мутафаккирлар, бастакор ва созандалар, буюк ҳофизларнинг хотирасини ҳурмат-эҳтиром билан ёд этамиз.” – деб айтган фикрлари ҳам бугунги тадбирнинг аҳамияти нечоғлик эканини кўрсатиб турибди. Ҳақиқатан ҳам, биз учун бебаҳо бадиий қомус бўлган мақом санъати асрлар, неча юз йиллар давомида инсон руҳини, унинг дард-у армонларини, эзгу интилишларини юксак пардаларда ифода этиб келмоқда.
Шарқ мумтоз адабиёти, тасвирий санъати, илму маърифат, исломий қадриятлардан озиқланган мақом санъатига – ана шундай буюк маданий мерос ривожига буюк мутафаккир бобомиз Алишер Навоий ҳам ўз ғазал ва рубоийлари билан муносиб ҳисса қўшгани билан биз ҳақли равишда фахрланамиз. Бобокалонимиз ўзларининг пурҳикмат ҳаёти ва бой илмий-маърифий ижоди билан нафақат миллатимиз адабиёти, балки жаҳон тамаддунига улкан ҳисса қўшди. У киши томонидан илгари сурилган умумбашарий ғоялар сўнмас юлдуз мисол башариятни маънавий комилликка, покликка, яратувчанлик ва бунёдкорликка ундаб келади. Ва асрлар ўтса ҳамки, ўзининг улуғворлигини, юксак қадр-қимматини йўқотмайди.
“Назм ва наво” кечасига Ўзбек миллий мақом санъати марказининг бир гуруҳ эл ардоғидаги санъаткорлари Ўзбекистон халқ артистлари Матлуба Дадабоева, Сойибжон Ниёзов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Гулбаҳор Эрқулова, Элмурод Аҳмедов, Фурқат Ашуралиев, Аҳмаджон Дадаев, “Шуҳрат медали” соҳиби Камолиддин Алимахсумовлар ташриф буюриб ўз чиқишлари билан йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади.
ТИҚХММИ матбуот хизмати