Халқаро ҳамкорликнинг равнақи йўлида
Шу кунларда “Электр таъминоти ва қайта тикланувчан энергия манбалари” кафедраси мудири Д.Қодиров ва кафедра профессори О.Турсуновлар хизмат сафари билан Польшанинг Краков шаҳрида бўлиб турибди. Ушбу сафардан мақсад Польшанинг Краков шаҳрида жойлашган Краков технология университетининг ўқув жараёни ва илмий тадқиқот лабораториялари билан яқиндан танишиш ҳамда ҳар икки томонлама халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантириш ҳисобланади. Бугунги кунга келиб, Станислав Сташица номидаги тоғ-металлургия Академияси профессорлари проф. Славомир Микрут, проф. Ян Винсент Добровольский, Краков Техника Университети ўқув ишлари бўйича проректори проф. Ежи Зайц, “Энергия самарадор қурилиш” лабораторияси мудири Марчин Фуртак ҳамда университет профессори Др. Жустина Кобиларчиклар билан учрашувлар ташкил этилди.
Ушбу учрашувлар давомида қуйидагиларга келишилди:
- томонлар ўртасида профессор-ўқитувчилар ўзаро тажриба алмашинуви;
- икки томонлама магистрлик даражасига эга бўлган қўшма ўқув дастурини ишлаб чиқиш;
- энергетика самарадорлиги, қайта тикланувчан энергия манбалари ва қурилишда қайта тикланувчи энергияни қўллаш соҳасида қўшма экспериментал тадқиқотлар олиб бориш;
- PhD ва DSc тайёрлаш ҳамда химояга олиб чиқишда икки ОТМлардан илмий раҳбар тайинлаш;
- Web of Science ва SCOPUS маълумотлар базасида индексация қилинган журналлар учун иккала томон профессор-ўқитувчилари ҳаммуаллифликда илмий мақолалар чоп этиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Муҳокамалар сўнггида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти (ТИҚХММИ), “Электр таъминоти ва қайта тикланувчан энергия манбалари” кафедраси ҳамда Краков Технология университети (КТУ) билан таълим ва илмий тадқиқот соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги шартнома бандларини амалга ошириш бўйича ўзаро келишиб олинди.
Институтда “Электр таъминоти ва қайта тикланувчан энергия манбалари” кафедраси ташаббускорлигида ўтказилиши режалаштирилган SCOPUS маълумотлар базасига кирувчи халқаро илмий Конференция октябр ойида бўлиб ўтиши ҳақида ўзаро келишилди ва ушбу тадбирда Краков Технология университети ҳамкор ташкилот сифатида иштирок этиши белгиланди.
ТИҚХММИ матбуот хизмати