Замонавий, нуфузли, номдор нашр

Дунёнинг энг ривожланган давлатлари тарихидан шу нарсани англаш мумкинки, уларда илм-фан ва таълим тизимига эътибор юқори даражада бўлган. Чунки бугунги кунда илм-фан ва таълим тараққиётнинг муҳим омили эканлиги ойнадек равшан бўлиб қолди. Шундай экан, унинг тараққиёт даражасини, ривожланиш меъёрларини белгилайдиган матбаа нашрлари катта аҳамият касб этади.  Ўзбекистон Республикасида ҳам бундай йўсиндаги қатор журналлар борлиги маълум. "Замонавий таълим" (Современное образование) номи билан чоп этиладиган ушбу журнал Тошкент вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасии ошириш институти (ҳозирда ҳудудий марказ)нинг нашри сифатида  Сурхондарё вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти билан ҳамкорликда мунтазам равишда нашр этиб келинмоқда. Мана, қўлимизда унинг янги, 7-сони. Демак, илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йилига бағишланган ва ундаги вазифа ва топшириқларнинг ижросига қаратилган махсус сон.     

Мазкур журнал Ўзбекистон Республикаси Олий аттестацияси комиссияси Раёсатининг 2015-йил 20-мартдаги 214/2 сонли қарори билан докторлик диссертациялари асосий илмий натижаларини чоп этиш тавсия этилган илмий нашрлар рўйхатига киритилган. Унда асосан, педагогика ва психология фанлари бўйича долзарб мавзудаги мақолалар чоп этиб борилади. У РИНЦ маълумотлар базасига шунингдек, SubrLeninka илмий электрон кутубхона базасига ҳам киритилган.  Журнал таълим тизимининг муҳим мезонлари унинг таррақиётини белгиловчи омилларни назарда тутган ҳолда ушбу рукнларни ўз ичига олади: Олий таълим, таълим психологияси, касбий таълим, таълим технологиялари, таълимнинг ахборот ресурс таркиби. Ушбу рукнларга мансуб бўлган мақола муаллифлари ҳақида ҳам мухтасар маълумотлар бериб борилади. Журнал икки тилда чоп этилади. Журналнинг бу галги сони ТИҚХММИ "Педагогика, психология ва ўқитиш методикаси" кафедраси профессор-ўқитувчиларининг мақолалари билан музайян этилган.

Журналдаги дастлабки мақола ТИҚХММИ кафедрасининг профессори, муҳтарама устозимиз Шоумарова Муҳайё Шоумаровнанинг қаламига мансуб. Мақола шундай номланган: “Муҳандис-педагогик таълимнинг таркиб топиши ва ҳозирги ҳолати”. Мақолада асосан муҳандис-педагогик таълимнинг ТИҚХММИ шароитида шаклланиши ҳамда ҳозирги ҳолати ва бу жараёнда мазкур институтнинг "Педагогика, психология ва ўқитиш" методикаси кафедрасининг ўқув илмий фаолияти ёритилган. Шуни эътироф этиш жоизки, педагогика психология ва ўқитиш методикаси кафедраси 2020-2021 - янги ўқув йилини юқори савиядаги ишлар билан бошлашди. Пандемия даврида жамоа жам бўлиб ишлаши имкони бўлмаса-да кафедра аъзолари, замонавий таълим, илмий, амалий, оммабоп журналнинг 7-сонида ўзларининг илмий мақолалари билан қатнашиб, назарий тарзда илмий-педагогик жараённи асослаб беришга хизмат қилишди. Дунё университетлари рейтингида ўзининг салоҳияти, педагогик фаолияти, таълим техникаси билан алоҳида рутбага эга бўлиб келаётган ТИҚХММИ нинг муҳандис педагоглар тайёрлаш масаласига ҳам эътибори юксак даражада эканлиги ҳақ.

Мақолада таълим тизимида муҳандис-педагог касбининг ташкил этилиши ва равнақи борасида эътиборга молик мулоҳазалар илгари сурилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикасида ҳунар-техника таълими учун муҳандис-педагоглар тайёрлаш иши 1972-йили Бухоро енгил саноат ва озиқ-овқат технологиялари институтида бошланган. Муҳандис-педагогларни тайёрлаш тизимини ривожлантиришнинг асосий муаммоларидан бири, педагогик ва техник тайёргарликларни алоқасини тўғри йўлга қўйиш экани маълум. Бу соҳада институтимизда алоҳида "Педагогика, психология ва ўқитиш методикаси" кафедраси 1982-йилдан ўз фаолиятини бошлаган бўлиб, педагогика фанлари номзоди К.Д.Мирсаидов, З.Исмаилова, психология фанлари номзоди, доцент Aсамова, педагогика фанлари номзоди доцент Д.Ҳимматалиев ва педагогика фанлари номзоди доцент М.Байбаева кафедра мудири лавозимида ишлаганлар. 2018-йилдан ҳозирги кунга қадар педагогика фанлари доктори, профессор Зуҳра Кабуловна Исмоилова кафедрага раҳбарлик қилиб келмоқда.

Мақола муаллифи шунингдек, кафедра фаолиятига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшган мураббийларнинг номларини ҳам келтириб ўтган. Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, кафедрада 2001-йилдан бери касб-ҳунар таълими назарияси ва методикаси ихтисослиги бўйича таянч докторантура фаолият кўрсатиб келади. Фаолият мобайнида эришилган ушбу ютуқларни ҳам қайд этишни ўринли ҳисоблаймиз. Кафедрада олиб борилаётган илмий тадқиқот ишлари натижасида 500 дан ортиқ илмий ишлар чоп этилган бўлиб, улардан 10 та монография, 4 та дарслик, 20 га яқин ўқув-услубий ишланмалар. VOS ва SCOPUS хорижий илмий журналларда ҳам қатор мақолалар чоп этилган. Ўзига хос самарали меҳнат ва ҳамкорлик натижаларини кафедра профессор ўқитувчилари раҳбарлигидаги икки нафар президент стипендияси соҳиби, икки нафар педагогика касбий таълим фанларидан олимпиада ғолиблари ва бир қанча номдор стипендия соҳиблигига эришганлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Ҳар бир педагогнинг малакасини ошириш, билимларини мустаҳкамлаш ва дарс бериш жараёни билан боғлиқ бўлган педагогик ва ахборот коммуникацион технологиялар асосида дарсни ташкил этишларини инобатга олган ҳолда, Педагогик маҳорат мактаби малака ошириш курси 2006 йилдан ташкил этилган бўлиб ҳозирда ҳам ўз фаолиятини олиб боради. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019-йил 6 -сентябрдаги "Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ 5812-сонли фармони асосида профессионал таълим тизимини илғор хорижий тажрибалар асосида такомиллаштириш, бошланғич ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим босқичларини жорий қилиш орқали меҳнат бозори учун малакали рақобатбардош кадрлар тайёрлаш масаласига катта эътибор қаратилгани ҳам мақолада эътироф этилган.

Шунингдек, журналда "Замонавий ўқитувчининг педагогик маҳорати ва педагогик техникасини оширишда бошқарув санъатидан фойдаланиш"(профессор З.К.Исмоилова), "Бўлажак ўқитувчиларда касбий компетентликни ривожлантириш механизми"(Д.О. Химматалиев), "Олий таълим муассасалари ихтисослик фан ўқитувчиларининг касбий компетентлигини ривожлантириш"(Д.А. Мустафоева) "Профессионал таълим тизими учун педагоглар тайёрлаш: муаммо ва таклифлар"(П.М.Махсудов), "Интеграциялашган ахборот-таълим муҳитида раҳбар ва педагог кадрлар касбий компетентлигини ривожлантириш технологиялари"(доцент Р.К.Чориев), "Олий ўқув муассасаларида тармоқ интерфаол таълим воситаларини қўллаш асослари" (Х.Э.Тўйчиев) каби бир қатор долзарб мавзудаги мақолалар ҳам берилганки бу номдор ва замонавий нашрнинг нуфузини янада оширишга хизмат қилиши аниқ. Педагогик жамоанинг илмий - назарий қарашларининг таҳлилий мақолалар сифатидаги жамланмаси соҳа тараққиётига хизмат қилиши билан бирга айни пайтда илм-фан, таълим, амалиёт ва ишлаб чиқариш уйғунлигига ҳамда фанлараро интеграциялашувга замин ҳозирлаши тайин.

ТИҚХММИ матбуот хизмати