Бугунги ислоҳот – истиқболга ҳисобот

Таълимнинг таянч кучи илмий-педагогик жамоанинг мажбурияти ва масъулиятига боғлиқ. Шундай экан, пандемия панд беришига қарамасдан, мавжуд вазият ва имкониятдан келиб чиққан ҳолда, иш тутиш давр талаби. Ҳар қандай ҳолатда, ҳар қандай шароитда ҳам таълимга эътибор асло сусаймаслигини Президентимиз қайта-қайта уқтиргани ҳаммамизнинг диққат-эътиборимизда. Шунинг учун ҳам бир сония бўлса-да, таълимга эътибор пасайиши мумкин эмас.

Хўш, таълим соҳасидаги ислоҳотларга Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг ёндашуви қай йўсинда? 2020-йилнинг 7 - июль куни соат 11:00 да "Бугунги кунда Огоҳлик - давр талаби" мавзуидаги онлайн мулоқотда ана шу масалалар хусусида сўз борди.  Унда таълим муассасамизнинг деярлик барча жамоаси, проректорлар, ректорат жамоаси, Илмий Кенгаш аъзолари, барча факультет деканлари, кафедра мудирлари, профессор-ўқитувчилар, докторантлар, институтнинг барча бўлимлар ходимлари ҳамда ишлар бошқармаси ходимлари, жами 400 га яқин иштирокчи қатнашди. Онлайн мулоқотга институт ёшлар билан ишлаш бўйича проректор Рузимурат Чориев модераторлик қиларкан, мулоқотнинг мақсад-моҳияти ҳақида маълумот бера туриб дастлабки мулоҳазаларни билдиришлари учун институт ректори, профессор  Умурзаков Ўктам Пардаевичга юзландилар. Институт ректори жамиятимизда, хусусан, олий таълим тизимида ҳануз учраётган иллат бўлмиш коррупция ва унинг олдини олиш борасидаги ўз фикрларини ўртоқлашдилар.

Муҳтарам Президентимизнинг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва ундаги «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасини амалга оширилиши ҳақидаги ҳаракатлар борасида сўз юритдилар.  Биринчи навбатда олий таълим тизимини ривожлантириш Концепциясида кўзда тутилган таълим сифатини ва мазмундорлигини ошириш ҳамда  коррупцион ҳаракатларга мутлақо чек қўйиш зарур. Таассуфки, МДҲ давлатларининг таълим тизими ҳанузгача бу балодан қутула олмаяпти. Республика олий таълим муассасалари орасида биринчи бўлиб бизнинг институт Узрепорт телеканали ва HUAWEI компанияси билан ҳамкорликда профессор-ўқитувчилар маърузаларини оммавий-ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали талабалар эътиборига етказиш ишларини амалга оширгани таълим тизимига эътиборимиз юқори даражада эканини билдиради. Барча имкониятлар сафарбар қилиниб, масофавий таълим йўлга қуйилди.

Куни кеча 4 июль куни Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов раҳбарлигида ОТМларда қабул жараёнларининг бориши масалаларига бағишлаб видеоконференция тарзида ўтказилган йиғилиш танқидий руҳда ўтди. Унда охирги пайтларда ОАВ, ижтимоий тармоқлар орқали жамоатчилик эътиборига етказилган олий таълим муассасалари (НамДУ, СамДАҚИ, БухМТИ, Нукус ДПИ, СамДУ, ТДЎТАУ, ЎзДЖТСУ) ходимлари томонидан содир этилган коррупциявий ҳолатлар танқидий муҳокама қилинди. Бу масалада ректорлар, таълим муассасасидаги маънавий-ахлоқий муҳит учун масъул бўлган проректорлар фаолиятига салбий баҳо берилди.

Сўнгра ректор юқоридаги иллат, яъни коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирлари охирги уч йилдан буён кенг қамровда амалга оширилаётган бўлса ҳам “Бугунги кунда Огоҳлик-давр талаби” эканини эътироф этиб барчани қатъий огоҳлантирдилар. Ўринсиз ҳаракатни, инсонни шарманда бўлишига сабаб бўлувчи иллатни умуман МИЯдан, ХАЁЛдан, ТАССАВУРдан  ҳам чиқариб ташласак, шаффофлик, холислик ва объективликни таъминлаган бўламиз, дедилар. Барча қилинган самарадорлик кўрсаткичларини бирон бир номаъқул ҳатти-ҳаракат ёки мулоқот билан йўққа чиқаришда сабабчи бўлиб қолмасликка чақириб, қонунга риоя этиш ҳамманинг қатьий белгиланган бурчи эканини эслатиб ўтди. Сўнгра институтга 2020-2021 ўқув йилида абитурентларни қабул қилиш бўйича Қабул комиссияси ишига тўхталиб, қилинаётган ишлар кўнгилдагидек эмаслигини таъкидладилар. Сўзларининг якунида давлат раҳбари томонидан илгари сурилаётган ислоҳотларга ҳисса қўшиш сизнинг ва бизнинг асосий бурчимиз саналади, дея уқтирдилар.

Кейин мавзу юзасидан ўз мулоҳазаларини билдириш учун профессор Алтиев Абдурашид Султонович навбат олдилар. Улар коррупция ҳар қандай соҳага путур етказиши мумкинлигини айтиб, ҳатто бу масалаларни ҳокимлик тизимига, айрим давлат органларига бориб боғланаётгани ҳақида куюниб гапирдилар. Коррупцияга қарши агентлик ташкил қилингани ўринли бўлгани, эндиликда бунда хатти-ҳаракатларнинг илдизига болта урилиши ҳақида гапирдилар. Чунки бу ҳолат оёққа кишандек, тараққиётга тўсиқ бўлаяпти дедилар. Қонун бузилишларига йўл қўйиб билиб билмасдан қилинган иш таълимга хиёнат эканини таъкидлаб ўтдилар.

Сўнгра академик Мирзиёд Мирсаидов куни кеча телевизор орқали намойиш этилган Самарқандда диплом сотиш билан шуғулланиб жамоаси олдида мулзам бўлганларнинг фожиасидан сабоқ олиш, тўғри хулоса чиқазиш кераклигини эътироф этди. Институтнинг мавқеи кундан кунга ошиб, жаҳонга юз тутиб бораётган бир пайтдаги номаъқул ҳаракат ҳаммамизнинг юзимизга доғ тушириши мумкинлигини куюниб гапирдилар. Чунки, яқин орада Жаҳон миқёсидаги 1000 таликка киришимиз муқаррар бўлган пайтда юзимиз ёруғ бўлиши керак.

Институтимизнинг Бухоро филиали директори Нусрат Муродов бўлаётган тадбир ва онлайн мулоқотлардан тегишли хулосалар чиқараётгани, бу йилги Қабулни ёруғ юз билан шаффоф тарзда ўтказишга  сўз бериб, ҳар бир жараённи ўзи шахсан назорат қилиб бораётганини таъкидлади. Ректор унга жавобан ижтимоий тармоқда бирон бир нохуш гап тарқалса, албатта муносабат билдириб, улар узрини айтишни талаб этиш одиллик ва холислик белгисидир дея илова қилдилар.  Мулоқот давомида қабул комиссиясининг масъул котиби Алишер Фатҳуллаев қабул жараёнида олиб борилаётган фаолиятга изоҳ бериб ўтди.

Магистр Санжар Байдиллаев таълим тизимидаги зарурий талабларни амалга оширишдаги муаммоларга тўхталди. Профессор Учқун Холматович Неъматов “пора олганни юзини кўрсатмасдан ТВ орқали намойиш қилиш ўринсиз эканини, имкон бўлса очиқдан-очиқ башарасини кўрсатиб, лозим бўлса маҳаллаларида ҳам расмларини илиб қўйиш керак, шундагина фирибгарликнинг олди бир мунча олинган бўларди”,- деди.  Ректоримиз фикр билдирганларни мулоҳазаларини маъқуллаш асносида пандемия хавфи ҳали тугамагани, унинг иккинчи тўлқини кириб келмасидан, барча гигиена қоидаларига риоя этиш лозимлигини яна бир бор эслатдилар. Р. Чориев институт ходими уйдами, тўйдами, кўча кўйдами, қаерда бўлмасин, ибратли бўлиши, намунавий ахлоққа эга бўлмоғи кераклигини таъкидлаб тадбирга якун ясадилар. Шуни унутмаслик керакки, бугунги ижобий ҳаракат эртанги ижодий баракат белгисидир.

ТИҚХММИ матбуот хизмати