Давлат-хусусий шерикчилигининг моҳияти

Сўнгги йилларда йиғилган халқаро тажрибалар кўрсатиб турибдики, иқтисодий ривожланиш ва давлат (жамият) мулкини бошқариш самарадорлигини ошириш учун ресурс базасини кенгайтириш ва фойдаланилмаётган ресурсларни мобилизация қилишнинг асосий механизмларидан бири давлат-хусусий шерикчилиги (ДХШ) ҳисобланади.

Мазкур анжуман Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 февралдаги 133-Ф-сонли Фармойиши билан тасдиқланган “2019 йилда Республика миқёсида ўтказиладиган илмий ва илмий-техник анжуманлар режаси”га асосан ташкил қилинди. Конференциянинг мақсади қишлоқ ва сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик механизмини шакллантириш ва ривожлантириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат. Шунингдек, соҳага инвестицияларни жорий этиш тажрибаларини умумлаштириш асосида таклифлар тайёрланади.

Давлат-хусусий шериклик механизмидан дунёнинг барча ривожланган мамлакатларида иқтисодиётнинг кўпчилик соҳаларида кенг фойдаланилмоқда. Хусусан, давлат-хусусий шериклик ёрдамида инвестициялар йўл инфраструктураси, аэропортлар, темир йўллар, қишлоқ хўжалиги, таълим, тиббиёт соҳаларига йўналтирилган. Давлат-хусусий шериклик бўйича  дунёда Буюк Британия, Германия, АҚШ пешқадамлик қилмоқда. Давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бошқа мамлакатларда ҳам ривожланмоқда, МДҲ мамлакатларида бундай лойиҳалар Россия Федерацияси ва Қозоғистонда ривожланмоқда. Қишлоқ ва сув хўжалигида давлат-хусусий шерикликдан фойдаланиш бўйича Жанубий ва Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатлари пешқадамлик қилмоқдалар.  

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида туризм, ҳудудларда замонавий ишлаб чиқариш ва муҳандислик-коммуникация тармоқларини, аэрокосмик технологияларни жорий этиш соҳаларида давлат-хусусий шериклик муносабатларини ривожлантириш белгилаб берилди. 2019 йил – “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоғи ҳисобланган уруғчилик давлат-хусусий шериклик асосида кластерларни ташкил этишда, умумий ўрта таълим тизимида, тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш жараёнида, янги маданият ва истироҳат боғларини ташкил этишда, коммунал хўжалик соҳасида, давлатнинг бошқарув соҳасида давлат-хусусий шериклик имкониятларидан кенг фойдаланиш вазифаси қўйилди. Бундан кўриниб турибдики, давлат-хусусий шерикчилиги ҳаётимизнинг ҳар жабҳасига кириб бормоқда.   

Ҳозирги кунда қишлоқ ва сув хўжалигида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш ва шакллантиришнинг аниқ йўналишлари белгилаб берилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Анжуманга олимлар, профессор-ўқитувчилар, соҳа мутахассислари, илмий изланувчилар, магистрантлар ва талабалардан 150 га яқин илмий мақолалар келиб тушган.

Анжуман ялпи йиғилишида Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири ўринбосари А. Мирзаев, Ўзбекистон Республикаси молия вазирлиги ҳузуридаги давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги мутахассиси А.Ғайбуллаев, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси бошқарма бошлиғи Ш.Сатторов, Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази бош илмий котиби, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Н.Хушматов, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси мутахассиси А.Чориев, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти кафедра мудири А.Тўлабоев, доцент Ғ.Дусмуратов, талабалар С.Ҳошимов ва Ж.Ҳасановлар маъруза қилишди.

Анжуман куннинг иккинчи ярми ва 2 май куни қуйидаги 4 та шўъбада ўз ишини давом эттиради:

  Сув хўжалиги ва мелиорация масалалари ҳамда сув хўжалиги соҳасида давлат-хусусий шерикчилиги: муаммолар ва ечимлар;

  Қишлоқ ва сув хўжалигида инновацион техника ва технологияларни жорий этиш ҳамда уларда давлат-хусусий шерикчилигини қўллаш;

  Ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда қишлоқ ва сув хўжалигида давлат-хусусий шерикчилигини ташкил этиш ва бошқариш;

  Мамлакат иқтисодиётининг бошқа тармоқ ва соҳаларида (таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, коммунал хўжалиги, давлат бошқаруви ва бошқалар) давлат-хусусий шерикчилигининг маҳаллий ва хорижий тажрибалари.

 

Институт матбуот котиби РАҲИМБОЙ ЖУМАНИЁЗОВ