Беш асрнинг икки қаноти

  Орада беш юз йиллик вақт масофаси бор. Бу ўзбек маданияти ва санъатининг икки дарғаси - Ҳазрат Алишер Навоий ва халқ шоири Абдулла Ориповнинг қутлуғ саналари билан боғлиқ. Бу айни кунларда кенг нишонлаётганимиз Навоий ҳазратларининг 580 ва Абдулла Ориповнинг 80 йиллигига дахлдор бўлган Президентимизнинг махсус қарорларида ўз моҳиятини ифода этади. Бугун  9 февраль куни барча ташкилотлар, олий таълим муaссасалари Алишер Навоий таваллудига бағишланган катта тадбирда иштирок этишди. Мазкур тадбир Алишер Навоий ҳайкали олдида бўлиб ўтди. Тадбирда  Мир Алишер Навоийни мутафаккир шоирлиги, давлат арбоби эканлиги хақида жуда илиқ фикрлар айтишди. Барча олий таълим муассасалар қатори Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлари ҳам  ҳазрат Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйиб хотирлашди. Тадбир жуда аъло даражада ўтди. Шу билан бир қаторда институтнинг "Ер ресурсларини бошқариш" факультети Ёшлар билан ишлаш буйича декан муовини Х.Эшова факультетнинг иқтидорли  талаба-ёшлари ва  жамоаси, институт кутубхоналари ходимлари, талабалар турар жойи тарбиячи педагоглари, институт Ёшлар билан ишлаш бўйича проректор Р.Чориев бошчилигида  атоқли ижодкорнинг ҳайкали пойига гуллар қўйишди.

Хиёбонда китоб жавонлари қўйилиб, Абдулла Орипов ҳаёти мобайнида ёзган китоблари намойиш этилди. Айниқса, талаба-ёшларимиз томонидан шеърхонлик уюштирилиб адабиёт шинавандалари мушоирага чорланди. Унда шоир ижодидан намуналар, шоирнинг она Ватан ҳақидаги шеърлари айтилди. Тадбирда шоирнинг рафиқаси Ҳанифа опа ва қизлари Шоирахон Абдулла аканинг ҳаётий кечинмалари ва фаолияти борасида тўлқинланиб гапириб, унинг шеърларидан айрим намуналарни ўқиб беришди. Тадбирда, шунингдек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Шарифа Салимова, Фароғат Худойқулова, Ботир Эргашев, Амирқул Каримов ва таниқли журналистлардан Аҳмад Нур, машҳур актёрлардан халқ артисти Турғун Азизов, хизмат кўрсатган артистлар Раъно Ярашева, Меҳриддин Раҳматов, Лола Элтоева ҳамда профессор Жамила Шермуҳамедовалар улуғ шоир билан боғлиқ хотиротларини ўртоқлашдилар.

     Сўнгра тадбир қатнашчиларига миннатдорчилик билдира туриб институт проректори Р. Чориев бугунги кунда адибнинг ижодини тарғиб қилиш мақсадида йўл харитаси ишлаб чиқилгани, шоир ижоди ва ҳаёт йўлига бағишланган кўплаб маънавий-маърифий, бадиий ва ижодий тадбирлар ўтказиб келинаётгани, янги қизиқарли дастурлар режалаштирилаётгани борасида ахборот бериб ўтди. Жумладан, Абдулла Орипов ҳаёти ва ижодига бағишланган музей ташкил қилингани ва шоир номида стипендия ҳамда кўкрак нишони таъсис этилгани, Абдулла Орипов туғилиб ўсган Косон туманидаги Некўз қишлоғига талабалар билан саёҳатлар уюштириш, шунингдек, институтда Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш ва шу муносабат билан республика миқёсида конференция ташкил этиш, Абдулла Орипов тўғрисида ҳужжатли фильм яратиш, институтда «Абдулла Орипов издошлари» тўгарагини ташкил этилиши, Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов номидаги ижод мактаби билан ҳамкорликда тадбирлар ташкил этиш, шоир шеърлари асосида таниқли санъаткорлар ижросида катта концерт дастури ўтказиш келгусида амалга оширадиган режалар ҳисобланади.

Икки адиб беш юз йилдан зиёд муддат мобанидаги маданиятимизнинг қўш қаноти. Уларнинг адабий меросидан авлодларимиз кўп йиллар маънавий озиқ олишига шубҳа йўқ. Ёш авлоднинг булар ижодиётига эҳтироми, эътиқоди, меҳри ва ихлоси юқори бўлаётгани сир эмас. Бу эса учинчи ренессанснинг бўй кўрсатишидан нишондир.

ТИҚХММИ матбуот хизмати