Таълимдаги иллатлар илдизи
Касалликни маълум муддат мобайнида узлуксиз равишда тизимли муолажалар билан даволаш мумкин. Лекин ижтимоий ҳаётда шундай бир иллат борки, уни бутунлай таг туби билан қуритишнинг иложи бўлмаяпти. Бу коронавирус каби бутун дунёга ёйилган коррупция балосидир. Тараққиётга тўсиқ, ривожланишга ғов бўлаётган ушбу иллат, айниқса, таълим ва ўқишга қабул масаларида яққолроқ кўзга ташланаётгани сир эмас. Бу ҳақда ҳукуматнинг қонун ва қарорлари қабул қилинган бўлса ҳам, пора бериш ва пора олиш билан боғлиқ жиноятлар телевидение орқали намойиш қилинаётган бўлса ҳам барибир унинг олдини олишдаги муаммолар ечилмаяпти. 9 июль куни соат 11.00да Республика Олий таълим Кенгашининг навбатдан ташқари кенгайтирилган ZOOM дастури орқали ташкил этилган онлайн йиғилишида худди шу масалага эътибор қаратилди. Тадбирни модератор сифатида кенгаш раиси, ТИҚХММИ ректори, профессор Умурзаков Ўктам Пардаевич бошқариб борди. Унда кенгаш аъзолари, ректорлар ва филиал директорлари ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент вакилларидан иборат жами 110 дан зиёд иштирокчи қатнашишди. Кенгаш раиси кириш сўзида "Бугунги кунда огоҳлик - давр талаби" мавзуи нуқтаи назаридан ўз мулоҳазаларини билдирди. Жумладан, Президентимиз томонидан коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилаётганини эътироф этдилар. Таъбир жоиз бўлса, мамлакат генератори ҳисобланган олий таълим тизимида миллат ва тараққиёт кушандаси бўлмиш коррупциядан халос бўлолмаётганимиз борасида сўз юритиб, Президентимизнинг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва ундаги "Коррупциясиз соҳа" лойиҳасини амалга оширилиши хусусида ўз мулоҳазаларини билдирдилар. Назаримда, - дея фикрларини давом эттирди Кенгаш раиси, - фақат МДҲ давлатларининг таълим тизими ҳанузгача бу бало қазодан қутула олмаяпти.
Бугунги кунда олий таълим тизимида учта асосий муаммо бор, булар: Кириш. Сифат. Тенглик. Бу муаммолар ҳар қандай мамлакатда олий таълим учун ўта долзарбдир. Чунки ҳар учаласи бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлиб ва уларни ажратиб бўлмайди. Бунинг негизида кўзга кўринмас “коррупцион вабо” ётибди. Бинобарин, бу иллатнинг энг оғриқли нуқтаси қаердалигига бир назар ташланг. Олий таълим соҳасида коррупция кўлами Ўзбекистон университетларининг чет эллик талабалар учун жозибадорлигини тушириб юборади. Ўзбекистонга келиб таҳсил оладиган талабалар сонининг камайиши эса Ўзбекистон олий таълими обрўсининг тушиб кетишига олиб келади ва ўз навбатида халқаро рейтингда мавқейи пасайиб меҳнат бозорига сифатсиз маҳсулотлар “яъни кадрлар” кириб келади. Бир тассавур қилинг яна 15-20 йилдан кейин шу кадрлар мамлакатни бошқарса, таълим ёки тарбия билан шуғулланса, келажак ёш авлодни қандай оқибатга олиб келиши мумкин, дея куюнчаклик билан гапирди Кенгаш раиси. Сўнгра шу мавзу билан боғлиқ ҳолда фикрларини айтишлари учун Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти бўлим бошлиғи Жаҳонгир Ибрагимовга сўз бердилар. Улар ислоҳотлар самарасига зид бўлган коррупция ҳақида, унинг тизимга салбий таъсир кўрсатаётганига мисоллар келтириб ўтди.
Ж. Ибрагимов ўз нутқида ўқишга киритиш, бошқа таълим муассасасига кўчириш, грант пулларини тарқатиш, талабаларни ётоқхоналарга жойлаштириш, бакалавр тизимида, курс ишлари ҳимоясида, лавозимни ўзгартиришда, сохта дипломларни сотиш, дипломларни нострификация қилишда, маиший хизмат техник ускуналари, қурилиш учун ажратилган пулларни ўзлаштириш каби кўпгина ҳолатларда коррупцион ҳаракатларни кўриш мумкинлигини таъкидлади. Сўнгра мавзу юзасидан Республика олий таълим Кенгаши аъзолари, Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори Гулчеҳра Рихсиева, Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов ва Олий таълим муассасалари ректорлари кенгаши раисининг ўринбосари, Тошкент давлат техника университети ректори Садритдин Туробжонов ва Тошкент давлат педагогика университети ректори Алишер Умаров, Тошкент давлат юридика университети ректори Раҳимжон Ҳакимов ва бошқалар ўз мулоҳаза, тавсия ва таклифларини билдирдилар. Кенгаш раиси онлайн йиғилишни якунлар экан, юқорида билдирилган мулоҳазалар нуқтаи назаридан бир неча қарорларни қабул қилганликлари борасида ушбу мулоҳазаларни қайд этдилар.
"Ўтган йили ректорлар мурожаатномаси эълон қилинганди. Бу ОАВда эълон қилинди. Натижа кўнгилдагидек бўлмагани рост. Бу гал мурожаат қилмоқчи эмасмиз. Аввало, ҳар бир ректор бугунги кўтарилган масалаларни аниқ ва таъсирсан шаклда проректорлардан тортиб лаборантларгача карантинни эътиборга олган ҳолда онлайн тарзда етказиши шарт. Иккинчидан, бу масалаларни аҳолига етказишимиз керак. Аминманки, ҳар бир вилоятда ректорлар, профессор-ўқитувчилар корпусида туман, шаҳар ва вилоят депутатлари ҳатто сенаторлар ҳам бор. Қолаверса, бизнинг республика олий таълим кенгаши таркибида ҳам бор. Улар оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар қилиб аҳолига етказишга ўзларининг сайловчилар яшайдиган ҳудудларга бориб масала моҳиятини тушунтиришлари зарур. Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги етарли эмас, тан олиш керак. Ўқиш ва иш масаласида албатта, ректорларга йўл топиб, таниш-билиш излашга тушишади. Бу коррупцион ҳолатларни келиб чиқиши нодонлик, аҳолининг ҳуқуқий саводсизлигидан, аслида. Учинчидан, ўқитувчиларнинг айримлари ана шундай қабиҳ ишга мойил ҳамкасбларини билишади, лекин индашмайди, жим туришади. Буни қандай тушуниш мумкин. Тўртинчидан, биз "Эл-юрт умиди" жамғармаси билан бир неча сўровлар ўтказиб таҳлилларни тайёрладик. Яқин орада кенгашимиз ва ректорлар кенгашини чақириб онлайн орқали уларга етказамиз. Бешинчидан, Ректорлар кенгашининг президиумини ташкил қиламиз ва унда ҳар бир соҳанинг вакили, ҳар бир вилоят вакили бўлади. Улар шўъба бўлиб ўзларининг масалаларини муҳокама қилиб президиумга чиқазишади. Хорижий тажрибаларни ўрганиб, антикоррупцион дастурларни пишиқ ишлашимиз керак. Олтинчидан, Республика олий таълим кенгаши таркиби бироз ўзгаради. Биз хурсандлик билан Кенгашимизнинг учта аъзоси Ғулом Самадов, Хушнудбек Худойбердиев, Ўктам Саломовларнинг юқори вазифаларга кўтарилгани билан чин дилдан қутлаймиз", - дея Кенгаш раиси мамнуният билан ўз мулоҳазаларини якунладилар. Онлайн йиғилиш очиқ ва самимий тарзда, қизғин савол-жавоблар йўсинида ўтди.
ТИҚХММИ матбуот хизмати