Институтимизнинг Қарши филиалида

Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги байрамини катта шодиёна билан кутиб олинган шу кунларда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Қарши филиали 1-курс талабалари сафига қабул қилинганлиги қувонарлидир. Булар институтимиз Қарши филиалининг қалдирғочлари сифатида биринчи бўлганликларини эслаб юришади.

Муҳтарам Президентимиз 2018 йилнинг 13-14 декабрь кунлари Қашқадарё вилоятидаги ташрифларида, ўлкамизнинг жанубий воҳаларида хусусан, Қашқадарё вилоятида қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида юқори малакали муҳандис-техник кадрларга бўлган эҳтиёж жуда юқорилигини инобатга олиб, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Қарши филиалини очиш таклифини таъкидлаган эдилар.

Шу боис, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 майдаги 437-сонли Қарорига асосан Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг Қарши филиали ташкил этилди.

Муҳтарам юртбошимиз раҳнамолигида ёшларга кўрсатилаётан юксак ғамхўрликнинг намунаси сифатида қисқа муддатда Қарши шаҳри марказида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг Қарши филиали учун 900 ўринли замонавий ўқув биноси барпо этилди. 

Институтимиз ректори Ў.Умурзаков ўз нутқларида бунёд этилган ушбу ўқув бинода талабалар чуқур билим олишлари учун яратилган барча қулай шарт-шароитлар учун институт раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, талабалар ва ота-оналар номидан Ўзбекистон Республикаси Олий мажлис сенати аъзоси, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Шаропович Рўзиевга, “Шўртан газ кимё” МЧЖ қурилиш   монтаж ташкилоти раҳбари, “Шуҳрат” медали соҳиби Иброҳим Ҳалилов ва барча қурувчиларга ўз миннатдорчилигини билдирди.

Президентимизнинг 2019 йил 6 сентябрдаги “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5812-сонли Фармонларига асосан 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб юртимизда Таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи даражалари билан уйғунлашган янги бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тизими ҳамда табақалаштирилган таълим дастурлари жорий этиладиган таълим муассасалари тармоғи ташкил этилади. 

Шундай экан, филиалда ташкил этилган замонавий ўқитиш воситалари билан жиҳозланган кенг ва ёруғ аудиториялар, ўқув-лаборатория хоналари, лингофон ва компютер синфлари, барча қулайликларга эга Ахборот ресурс маркази, спорт зали, талабалар ошхонаси, талабалар турар жойлари – ёшларни чуқур билим олишига, малакали мутахассис, жисмонан ва маънан соғлом шахслар сифатида шаклланишига замин яратади. 

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Қарши филиалига 2019-2020 ўқув йилида 6 та бакалавриат таълим йўналишларига жами 254 нафар ёшлар талабаликка қабул қилинди. Энг эътиборли томони шундаки, Республикамизда Қорақалпоғистон Республикаси ва 12 та вилоят мавжуд бўлса, шундан жорий ўқув йилида филиалга талабаликка қабул қилинганлар Қорақалпоғистон Республикаси ва яна 10 та вилоятдан ташриф буюрганлиги кишини беҳад қувонтиради. Айнан шу кўрсаткичнинг ўзи ҳам Президентимизнинг ушбу қарорлари ўта долзарблигидан далолат бериб турибди. 

Жорий ўқув йилида Қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш, Сув хўжалиги ва мелиорация, Гидротехника иншоотлари ва насос станцияларидан фойдаланиш, Ер кадастри ва ердан фойдаланиш, Технология жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва бошқариш, Геодезия ва геоинформатика таълим йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Вилоятдаги кадрларга бўлган эҳтиёжни мунтазам равишда ўрганиб, бу йўналишлар сони ва турларини янада кенгайтириб ва кўпайтириб бориш, қишлоқ ва сув хўжалиги ташкилотлари ва корхоналарида фаол меҳнат қилаётган соҳанинг фидоий ходимлари учун сиртқи таълимни ҳам йўлга қўйиш ваъда қилинди.

Шунингдек, ректор Ў. Умурзаков сиртқи таълимда ҳам кундузги таълимдан кам бўлмаган ўқитиш сифати таъминланишини, бу борада масофавий таълим, инновацион таълим технологияси ва ўқитишнинг энг замонавий услублари жорий қилинишини, Бош институтнинг энг тажрибали академиклари, профессорлари ўқув жараёнига мунтазам равишда жалб қилиб борилишини, келгусида филиалда магистратура ва докторантура таълим босқичлари ҳам йўлга қўйилишини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Бугунги кунда филиал талабаларига Германиянинг Hohenheim университетида ўзининг PhD диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилган, Wageningen университети Environmental Sciences йўналиши бўйича икки томонлама Master degree (Msc) даражасини олган ўқитувчилардан иборат 20 дан ортиқ профессор-ўқитувчилар ўқув машғулотларини олиб боришади. Уларнинг 8 нафари илмий даража ва илмий унвонга эга бўлиб, олимлар салмоғи 40 % ни ташкил этади.

Бу ҳаракатларнинг ҳаммаси мамлакатимизнинг чинакам маънодаги ривожи учун интилиш ҳамда таълим тизимига юқори даражадаги эътибор ва билимли, тажрибали соҳа мутахассисларини тайёрлаш билан боғлиқлиги ойнадек равшан.

           Институт Матбуот хизмати раҳбари Раҳимбой Жуманиёзов