Конституциямиз – уриб турган юрагимиз
Бош қомусимиз - Асосий қонунимиз сифатида эътироф этиладиган Конституциямизнинг 26 йиллиги муносабати билан институтимизда жорий йилнинг 7 декабрь куни Маданият саройида катта маърифий тадбир ташкил этилди. Зал талаба ва профессор ўқитувчилар билан лиқ тўла. Ўзбекистон Республикаси мадҳияси янгради. Тадбир тантанали тарзда бошланди.
Тадбирни ўқув ишлари бўйича проректор Мирзаев Баҳодир Суюнович ўзларининг кириш сўзлари билан очиб бердилар,
Ундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси Қонунчилик палатасининг депутати Акмал Раҳмонов сўзга чиқдилар. Турли давлатларда конституция масаласига муносабат қай йўсинда бўлгани ҳақида мухтасар маълумот бериб ўтдилар. 1787 йили АҚШда биринчи конституция қабул қилинган. Францияда конституция 15 марта қабул қилинган, Англияда эса то ҳануз қабул қилинмагани хусусида қисқача тўхталиб, бизнинг конституциямиз гуманизм руҳи билан суғорилган инсонпарварлик қомуси эканини таъкидладилар. Консерваторлар янгилик киритишни, ўзгариш қилишни хуш кўрмайдиганлар бўлса, реформаторлар тараққиёт ва юксалиш сари интилувчилар бўлишини ҳам айтиб ўтдилар. Ислоҳотлар тараққиётга хизмат қилиши аниқ.
Кейин эса сўз ҳуқуқшунос олим Жуманазар Холмўминов, ва Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, иқтидорли шоир Шодмонқул Саломга берилди. Ижодкор институт талабалари иштирокида концерт дастури тадбирга файз киритди.
Бугун қалбимиздаги ғурурни туядиган, дунё бўйлаб ижтимоий, сиёсий ва халқаро майдондаги нуфузимизга дахлдор бўлган улуғ байрамимиз арафасидамиз. Маълумингизким, жонажон Ўзбекистонимиз мустақил ва суверен давлат сифатида шаклланди, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин олди. Мамлакатимизнинг ҳуқуқий пойдевори бу шубҳасизки, Асосий қонунимиз – Конституциямиздир. Тараққиётимиз мезонларини ва ютуқларимизнинг кафолатини у билан боғланиши бежиз эмас.
Конституциямиз халқимиз узоқ йиллар орзу қилган миллий мустақиллигимиз ва ривожланиш йўлимиз, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини белгилаб берди.
Конституциямиз асосида мамлакатимизда миллий қонунчилик тизими, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари шаклланди. Ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий салоҳиятимиз юксалиб, фуқароларимизнинг дунёқараши тобора ўсиб бормоқда. Буларнинг барчаси, энг аввало, Бош қомусимизнинг ҳаётбахш куч-қудрати натижасидир.
Асосий қонунимиз икки марта – 1992 йил сентябрь ва ноябрь ойларида умумхалқ муҳокамасига олиб чиқилди. Лойиҳалар муҳокамасида кенг жамоатчилик, бутун халқимиз фаол иштирок этиб, мамлакатимизнинг тараққиёт йўли, унинг келажагига дахлдор кўплаб фикр-мулоҳазалар ва таклифлар билдирди.
Умумхалқ муҳокамаси якунларига кўра, Бош қомусимиз лойиҳасига 100 дан зиёд тузатишлар киритилди ва 1992 йил 8 декабрь куни Олий Кенгаш сессиясида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинди.
Мана шу ўтган чорак асрдан зиёд муддат давомида мамлакатимиздаги туб ислоҳот ва ўзгаришларнинг барчаси Конституциямиз асосида амалга оширилмоқда. Бу эса унинг ҳақиқатан ҳам халқимиз манфаатларига, давлатимизнинг стратегик мақсадларига тўла жавоб берадиган, ҳар томонлама пухта ишланган муҳим сиёсий ҳужжат эканидан далолат беради.
Тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйилар экан, салоҳият ва имкониятларимизни холис баҳолаш билан бирга, хато ва камчиликларимизни ҳам атрофлича танқидий таҳлил қилиш заруратини Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев алоҳида эътироф этган ҳолда, барча ислоҳотларга ўзлари бош бўлаётгани сир эмас.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини қабул қилингани ва мазкур ҳужжат моҳиятига кўра, жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги тизимли ислоҳотларнинг “йўл харитаси”га айлангани рост.
Биргина таълим тизимини оладиган бўлсак, улкан ислоҳотларнинг самараси ўлароқ, катта ишлар амалга оширилди. Фан ва ишлаб чиқариш соҳасининг узвий боғлиқлиги ва кадрлар масаласида бир мунча ижобий ишлар амалга оширилганидан кўз юмиб бўлмайди.
Айни пайтда фарзандларимиз тарбиясида энг асосий бўғин ҳисобланган мактабгача таълим тизимига эътибор юқори даражада бўлиши мамлакатимизнинг истиқболи билан билан боғлиқлиги аён. Тўғри, ушбу соҳага бир пайтлар эътиборимизни сусайтириб юборганимиз оқибатида кўпгина муаммолар йиғилиб қолганини очиқ айтиш лозим, деб таъкидлагандилар муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович.
Боғча тарбиясини кўрган боланинг онги, дунёқараши қандай юқори бўлишини бугун кимгадир исботлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ.
Шунинг учун ҳам Президент ташаббуси ва раҳнамолигида Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди. Мазкур вазирлик зиммасига маъмурий ислоҳотлар доирасида белгиланган устувор йўналишлардан келиб чиқиб, бир қатор муҳим вазифалар юкланди. Бу борада қабул қилинган дастурга мувофиқ яқин 3-4 йил мобайнида юртимиздаги барча ҳудудларда – бу катта шаҳарлар бўладими ёки олис қишлоқ ва овуллар бўладими, юзлаб янги боғчалар қурилди. Уларни замонавий талаблар асосида жиҳозлаб, малакали тарбиячи ва мутахассислар, янги методика билан таъминлаш борасида қизғин ишлар олиб борилди.
“Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан улуғ” деган ғоя асосида катта ишлар амалга оширилаётгани буларнинг асосида янги, инновацион ғоя ва технологияларни қўллаб-қувватлашдек муҳим мақсад борлигини инкор этиб бўлмайди. Бу ишлар Конституциямизнинг асосий тамойилларини рўёбга чиқаришдаги улкан қадамлардандир.
Таълим ва тарбия борасидаги ҳуқуқий саводхонлик ва ҳуқуқий маданиятга эга бўлиш самаралидир.
Биргина институтимиз мисолида оладиган бўлсак, қатор тажрибалар, илғор технологияларни таълим жараёнига жалб этиш ҳаракатларимизнинг самарасини бермоқда. Бу борада хориж давлатларнинг илғор тажрибаларидан кенг ва мақсадли фойдаланиш, чет эл инвестицияларини киритиш, айни пайтда давлатлараро ҳамкорлик ва дўстлик риштасини мустаҳкамлаш борасидаги ишларимиз эътиборга молик.
Шу йилнинг ўзидаёқ, институтимизда Япония, Хитой, Германия, Корея, Россия, АҚШ, Венгрия, Туркия каби хорижий давлатларнинг фан-таълим мутахассислари иштирокида ўтказилган халқаро конференциялар ҳамда имзоланган меморандумлар, Кластер марказининг ишга туширилиши каби ютуқлар замирида Ўзбекистон Республикаси Президентининг олий таълим муассасаларида таълим сифатини оширишга қаратилган қатор қонун ва қарорлари, хусусан бизнинг институтимизга дахлдор бўлган жорий йилнинг 8 май куни қабул қилинган “Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида олий маълумотли кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3702-сонли қарорида кўрсатилган талаблар алоҳида аҳамиятга эга.
Жамиятимизда “Қонун ва адолат – устувор, жиноятга жазо – муқаррар” деган принципни қарор топтириш учун бор куч ва имкониятларимиз сафарбар этилмоқда.
Халқимиз учун муносиб ҳаёт даражасини яратиб бериш мақсадида, энг аввало, кучли иқтисодиётни барпо этиш, мамлакатимизнинг халқаро майдонда ҳар томонлама рақобатбардошлигини таъминлаш мақсадга мувофиқ.
Бугунги кунда дунё миқёсида шафқатсиз рақобат тобора кескин тус олмоқда. Бундай мураккаб шароитда замонавий илм-фан ва инновация ютуқларини кенг жорий этиш бўйича биз узлуксиз иш олиб боришимиз керак. Ўтган йили қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармон айни шу мақсадларни рўёбга чиқаришга қаратилгани билан ғоят муҳим аҳамиятга эга. Президентимизнинг «Буюк келажагимиз бугундан бошланади» деган шиорида конституциявий ҳуқуқ ва бурчларга оғишмасдан амал қилишга, халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлаш учун бор куч ва салоҳиятимизни ишга солишга чорлов борлигини сезиш қийин эмас. Давлат органларининг кундалик фаолиятида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигига оид конституциявий тамойил сўзсиз амал қилса, «Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак» деган принцип барча бўғиндаги раҳбарлар фаолиятида асосий қоидага айланса, истиқболли режалар муддатидан олдин ҳал этилади. Жамиятимизда қонун устуворлигини таъминлаш, ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш муқаддас бурч. Худди шу маънода, Конституцияни уриб турган юрагимиз десак муболаға бўлмайди.
Институт Матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов