Талабалар нотиқлик тўгарагида

Учта тушунча замон ва макон танламайди. Булар сўзлаш, тинглаш ва англашдир. Одамзот яралибдики, ўзаро муносабат жараёнида ана шу уч бирликка амал қилиб келинади. Бунинг намоён бўлиши ҳар бир халқнинг ўз менталитетига мос ва хос. Ўзаро муносабат, мурожаат қилиш жараёнидаги ўзни тутиш ва фикр алмашувлар муомала маданияти тушунчасида уйғунлашади. Муносабат, мурожаат, мулоқот, мунозара, мубоҳаса, муҳокама, мулоҳаза сингари тушунчаларнинг барчаси муайян миллатнинг тийнатига мос бўлган зийнатлар бўлиб, у этик ва эстетик меъёрлар, қоидалар билан амалга оширилади.  Мулоқот қисман монологик, асосан, диалогик, полилогик шаклда бўлади. Бошқача айтганда, икки ёки ундан ортиқ кишиларнинг ўзаро муносабатларида реаллашади. Дунё гўзаллик қонуниятларига биноан қуриларкан, демак, инсонннинг хулқи ва нутқи ҳам, кўриниши ва кийиниши ҳам, муносабати ва мулоқоти ҳам гўзал бўлиши мақсадга мувофиқ. Халқимизнинг “Ўзингга қараб кутарлар, сўзингга қараб кузатарлар” - деган ўгити бежиз эмас. “Тил яраси битмас, тиғ яраси битар” - деганида ҳам инсон учун зарур бўлган муомала жараёнига эътибор заруриятини сезиш қийин эмас.

Шахс маънавиятининг узвий бир бўлаги муомала маданияти бўлса, хулқ-атвор, одоб-ахлоқ, нутқий фаолият тушунчалари унинг замирига киради. Асрлар оша ҳар бир халққа хос бўлган, миллий-маънавий қадриятлар юксак маданият рамзигаайланган урф-одатлар, юриш-туриш, яшаш тарзи барчаси киши шахсиятида акс этиши табиий.  Буларнинг барчаси нутқ маданияти ва нотиқлик санъатини эгаллаш заруриятини билдиради. Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта ташаббуснинг биринчи ташаббуси ижроси борасида ҳам бу ҳаракатимиз аҳамиятлидир. ТИҚХММИ нинг иқтидорли талабалари, ёшлар иттифоқи етакчилари иштирокида бугун НОТИҚЛИК САНЪАТИ тўгарагининг илк дарс машғулотлари бўлиб ўтди. Ректоримизнинг таклифларига биноан бошланган бу ҳаракатга талабалар ўзларининг қизиқишлари билан лаббай деб жавоб бериб, қўллаб - қувватлашди. Уларнинг қизиқиш доираси кенглиги, бошловчилик маҳоратини эгаллашга майли устуворлиги эътиборга молик бўлди.

Инсон хушфеъл, камсуқум, хокисор, олиҳиммат, мулойим, беозор бўлса, кўпчиликнинг эътирофу эътиборига тушади. Чунки, эътироф эътиборга, эътибор эҳтиромга, эҳтиром эса эъзозга эшик, эзгуликка бешикдир. Одамзотиннг кимлигини, маънавиятини атрофдагиларига бўлган муносабатидан англаб олиш қийин эмас. Чунки, муомала инсон хулқ-атворининг зийнатидир. Киши хулқи билан назарга ҳам, ҳазарга ҳам дучор бўлиши ҳеч гап эмас. Ўзаро тушуниш ва бир-бирини англаш туйғуси муомала маданиятининг асоси ҳисобланади. Баъзан бир замонда, бир маконда яшаймиз, бир жамоада  ишлаймиз-у, лекин бир-биримизни тушунмасдан дилхираликларга йўл қўямиз. Ҳар кимнинг характери, савияси, диди ҳар хил бўлгани учун,  ўзига яраша муомалани талаб қилади. Шу тобда шоирнинг ушбу битиги ёдга келади.

Қолмади одамзот кирмаган гўша,

Еру кўкда, сувда ҳозир ҳамиша.

Оҳ, гоҳида ёнма ён турару инсон

Бир-бирин қалбига киролмай сарсон.

Сув ва само билан сирлаша олган инсон энг яқинларининг қалбига йўл топа олмай изтироб чекиши таажжубли ҳол. Қалбга йўл маърифатдан бошланади. Маънавиятли инсон кимга, нима ҳақда, қачон, қаерда, қандай қилиб ва қанча айтишни билади ва амал қилади, шу аснода обрў қозонади, эътиборга тушади. Бир сўз ва бир хатти-ҳаракат эътирофга ёхуд эътирозга, назарга ёхуд ҳазарга, яхшиликка ёхуд ваҳшийликка сабабкор қилиши ҳеч гап эмас.  Шундагина воизнинг ўзи ҳам, сўзи ҳам жоиз бўлади, суҳбатдоши қалбида из қолдиради.Маърифатли инсон маданиятли айни дамда маънавиятлидир. Сўзлаш маърифатдан, тинглаш маданиятдан, англаш маънавиятдандир. Жоҳил киши сўзнинг қийматини ва ўзининг қадрини билмагани учун хушмуомалада бўлолмайди. Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ва олишиш учун эса билим, тафаккур, юксак даражадаги хулқий ва нутқий маданият зарур.

Вазиятга тўғри баҳо бериш, мақсаддан келиб чиққан ҳолда ёндошиш, холислик, оқилона, одилона муносабат ва самимий мулоқотгина муомала маданиятининг таркибий қисми бўла олади.  Ҳамма нарсага чидаши мумкин, лекин адаолатсизликка чидай олмаслик бизнинг халқимиз табиатига хослигини таъкидланиши бежиз эмас. Бировни баҳолаш аслида, ўзингни баҳолашдир. Ўринсиз танбеҳ, дашном ёки таъна киши дилини оғритади ва унинг кайфиятини бузади, руҳиятига таъсир қилади. Самимий муомалага дарз кетдими, синган пиёлани чегалашдек қийин иш. Ҳар бир нарса-ҳодисанинг ёки шахснинг ютуқ ва нуқсонларини, манфий ва мусбат томонларини тўғри эътироф этиш ва тушунтиришгина келишмовчилик ва жанжалларни бартараф этади. Бу эса муомала маданиятининг ўзига хос сир-синоатларини билиш кераклигини англатади. Кимга ва нимага қандай кўз билан қараш, муносабат билдириш муҳим. Ҳар кимнинг ўз қалб қаричи, баҳолаш мезони бор. Гап қандай кўз билан қарашда. Кимдир меҳр кўзи билан, яна кимдир қаҳр кўзи билан, биров тасдиқ кўзи билан бошқа биров инкор кўзи билан қарашга одатланган ҳаётда. Ҳар бир нарсадан фазилат излашдан кўра, иллат излашга одатланган кимсага муомала маданияти ҳақида сўз очиш қуруқ сафсатадир.

Инкор кўзи-ла қараган кишига

Юсуфнинг юзи ҳам хунук кўринар.

Агар муҳаббат-ла қараса девга

Дев ҳам фариштадек сулув кўринар.

Демак, қандай кўз билан қараш инсоннинг феъл-атвори, диди, савияси, нияти ва дунёқарашига, бошқача айтганда, таълим-тарбиясига боғлиқ экан. Яшаш қараш ва курашлар бирлигидан иборат экан, инсониятнинг тафаккур тарзи, муносабат тарҳи ҳам ўзига хос бўлиши – табиий. Мутафаккирлардан бирининг “Кимки ҳаётдан олмаса таълим, Унга ўргатолмас ҳеч бир муаллим”, – деган ҳикмати бежиз эмас.  Кўрган-кузатган, эшитган-билганларингиздан ҳикмат излайсиз. Ниманидир уқасиз, англайсиз. Ният – амалга яраша деган гап бор, ният хайрли бўлса, оқибат ҳам хайрли бўлади.

“Ғурбат излаганга–ғурбат бу дунё,

 Иллат излаганга–иллат бу дунё,

 Ким нени изласа, топар бегумон,

Ҳикмат излаганга–ҳикмат бу дунё” –деб ёзади марҳум Садриддин Салим Бухорий. Шоир–ҳақ.

Тирикчилик ташвиши – ҳаммамизга хос. Ейдиган таомимиз, киядиган кийимимиз, яшайдиган жойимиз қайғуси ҳеч бир тирик жонни четлаб ўтмаслиги аниқ. Буларни таъмин этадиган уч бирлик бор. Бу вақт, замон тушунчаси билан изоҳланадиган КЕЧА, БУГУН ва ЭРТАдир. Биз вақт измидамиз. Кўпинча унга масъуллигимизни ёддан чиқазиб қўямиз. Умрнинг қимматли лаҳзаларини беҳуда ўй-ташвишларга, икир-чикирларга сарфлаймиз. Ана шу вақт бирлиги ҳар кимнинг ҳаётида ҳар хил из қолдиради. Булар ўтмиш, ҳозирги вақт ва келажак. Бири-бири билан боғлиқ. Бири иккинчисига, иккинчиси учинчисига замин ҳозирлайди. Биров “кеча” билан ғурурланса, яна биров бугунги куни билан, бошқа бири эса эртанги кунга умид билан яшайди.

Одамзотдаги ҳар қандай касаллик, иллат, аслида, унинг руҳиятидаги сиқилиш, безовталикдан бошланади. Демак, касаллик руҳиятдан танага кўчади. Биз танани даволашга кўпроқ эътибор қиламиз. Шу боис бормаган жойимиз, учрашмаган докторимиз, ичмаган доримиз, кўрсатмаган табибимиз қолмайди. Танани ҳар хил кимёвий моддалар билан тўлғизамиз. Тўғри, дори-дармон сабаб маълум муддат тузалиб, касалликнинг олдини олишимиз ҳам мумкин. Лекин руҳият даволанмас экан, тана тўла ҳолда шифо топмайди. Одамзотнинг тириклиги тан, жон ва руҳ бирлигидан иборатдир. Улар соғлом бўлмаса, баркамоллик йўқ. Баркамоллик белгиси ақлий ва жисмоний кучга таянади. Шунинг учун ҳам бир пайтлари дуохонлар, азайимхонларга эҳтиёж сезилган бўлса керак. Сўз ва нутқ орқали инсон руҳиятига таъсир этиш ва уни даволаш – синашта ҳол. Инсон баданида иллатга мойил кучлар бўлгани ҳолда, унга қарши иммунитетлар, инстинктлар ҳам борлигини инкор этиб бўлмайди. Сўз бузади, сўз тузади. Олқиш ҳам сўз билан, қарғиш ҳам сўз билан. Омонлик-у ёмонлик ҳам, ободлик-у барбодлик ҳам у билан. Сўз ўлдиради, сўз кулдиради. Бунёдкор ғоялар ҳам, бузғунчи ғоялар ҳам у билан. Сўз хусусидаги бу таърифлар бежиз айтилмаган.

Хулқи қандай бўлса, киши нутқи ҳам шундай бўлиши табиий. Мутафаккир Алишер Навоий “Кимнинг миясида иллат кўп бўлса, сўзида мантиқ бўлмайди. Мияси соғлом бўлса, гап сўзи ёқимли ва хатосиз бўлади”– дейишлари билан ҳақ. Хулқ ва нутқ бирлашиб ўз рўёбини кўрсатса, киши ё хушфеъл, ё бадфеъл дейилади. Инсондаги ижобий фазилатлар уни комиллик сари юксалтирса, салбий иллатлар тубанлик қаърига тортади. Бу эса муомала жараёнида яққол кўзга ташланади. Муомала инсон хулқининг ойнаси экани ойдин бўлади. Маърифатпарвар адиб Абдулла Авлоний “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” асарида одамзот табиатидаги мақбул ва номақбул хислатларни қайд эта туриб, инсонларни яхшиликка чақирувчи, ёмонликлардан қайтаргувчи илм бу ахлоқ эканини таъкидлайди. “Инсон икки нарсадан мураккабдур. Бири жасад, иккинчиси нафсдур. Жасад кўз ила бор нарсаларни кўрур. Аммо нафс идрок ила яхшини ёмондан, оқни қорадан айирур. Жасаднинг ҳам, нафснинг ҳам бирор сурати бордурки, ё яхши ва ё ёмон бўладур. Жасаднинг сурати ҳаммага маълум бир нарсадурки, ҳар вақт кўзга кўриниб турадур. Аммо нафснинг сурати кўзга кўринмайдурган, ақл ила ўлчанадурган бир нарсадурки, буни хулқ деб аталур. Агар бир киши ёшлигида нафси бузулуб, тарбиясиз, ахлоқсиз бўлиб ўсдими, бундай кишилардан яхшилик кутмак ердан туриб юлдузларга қўл узатмак кабидур.”(А.Авлоний.,”Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” Т, Ўқитувчи, 1992 й.11-б.) Англашилаяптики, бундай бадфеъл кишиларга тарбия ҳам ожизлик қилади. Бу борада бошқа бир шоирнинг битигини келтириш ўринлидир.

Илонни ҳар қанча қилсанг тарбият

Охир заҳрин сочиб етказар заҳмат.

Нокас табиати илон кабидур,

Юзин кўрмасликка этгил ҳаракат.

Абдулла Авлоний хулқни яхши ва ёмонга ажратади. Яхши хулқлар таркибига фатонат, диёнат, исломият, назофат, саъй ва ғайрат, риёзат, шижоат, қаноат, илм, сабр, ҳилм, интизом, виждон, ватанни суймак, ҳаққоният, назари ибрат, иффат, ҳаё, идрок ва зако, ҳифзи лисон, иқтисод, виқор, хавф ва ражо, итоат, ҳақшунослик, хайрихоҳлик, мунислик, садоқат, адолат, муҳаббат, олиҳиммат ва авфни киритса, ёмон хулқларга ғазаб, шаҳват, жаҳолат, сафоҳат, ҳамоқат, атолат, ҳасосат, раҳоват, аноният, адоват, намимат, ғийбат, ҳақорат, жибонат, ҳасад, кизб, нифоқ, тамаъ, зулм сингариларни киришини эътироф этади ва улар таърифида ўз мулоҳазаларини билдириб ўтади. Буларнинг барчаси у ёки бу даражада одамлараро муносабат жараёнида қўлланилишидан кўз юмиб бўлмайди. Яхши тарбия топганларда яхши хулқлар, ёмон тарбия кўрганларда эса ёмон хулқлар ҳукмронлик қилади. Бу эса муомала жараёнида ойдинлашади. Аслида, барча муаммоларнинг ечими муомалада эканини унутамиз ва муносабатларимизни чигаллаштирамиз.

“Нурнома”да келтирилишича, сарвари коинот “Мен етти дарё яратдим, -  деб санай бошлайди, - уларнинг орасида бири илм дарёси, иккинчиси ҳилм дарёси”. Муомаланинг барчага дахлдор бўлгани ҳилм ҳақида сўз очиш моҳиятлидир.  Бу ҳақда Абдулла Авлоний шундай ёзади: “Ҳилм деб бўлар-бўлмас ишга аччиғланмайдурган, арслон юракли. Юмшоқ табиатли бўлмоқни айтилур. Ҳилм инсонларнинг табъидан хусумат, адоват, ғазаб, ҳиддат каби ёмон хулқларни йўқ қиладурган ҳар кимча мақбул бир сифатдур. Ҳилм илми ахлоқ юзасидан инсонга энг керакли нарсадур. (Ўша китоб. 25-б.) Ҳалимтабиатлилик мулойимликдир. Жаҳл қилиш, ғазабланиш уларга ёт бўлишидан ташқари, фикрини босиқлик, вазминлик билан етказувчи кишилардир. Жаҳлнинг жилови шайтоннинг қўлида. Ҳалимтабиат инсон ўзгани эмас, ўзини енга олган киши мард ҳисоблайди. Бу уларнинг шиори. Демак, инсонлараро муомалада  чин инсон бўлмак учун ҳаваснинг қўлига нафснинг жиловини бермайдирган, бўлар-бўлмас нарсалардан аччиғланмайдурган, совуққонли, юмшоқ табиатли, мулойим сўзли, ҳалим ва сабрли бўлмак лозимлиги уқтирилади. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифлардан бирида “Ҳилм хулқларнинг саййидидур” дейилади. Суқрот ҳаким: “Шиддат ила муомала қилган кишиларга ман виқор ва ҳалимлик ила муқобила қилурман, чунки ҳилм, шиддатни, хусуматни паст қилур. Лекин кишини ожиз ва хорлик даражасига тушурадурган ҳалимликдан ман безор”, - деб ёзганди.

Маърифатли, маънавияти юксак бўлган инсонлар муомала маданиятида кўпчиликка ибрат бўла олади. Хушмуомалалик, хушфеъллик, беозорлик, мулойимлик, ҳаё-иболилик уларнинг ҳуснига ҳусн, обрўсига обрў қўшган. Алишер Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарида “Вафосизда ҳаё йўқ, ҳаёсизда вафо йўқ” – дея бежиз таъкидламаган. Беандишалилик, бефаҳмлик, бефаросатлик эса кишини ақлдан, ҳаёдан жудо қилади.  Шарқ одобномасида қаерга бориш, қандай сўрашиш, қаерда ўтириш, қандай сўзлаш, кимларнинг суҳбатида бўлиш муомала маданиятининг мезонлари сифатида кўп бор тилга олинган. Саъдий Шерозий “Ширин сўзли шилгай душман пўстини, дағал сўзли душман қилгай дўстини” - дея ўринли таъкидлаган.

Институт матбуот хизмати