Талабалар талабларини тинглаш

Билим ва илм олиш талабаларнинг ўқув жараёнидаги асосий мақсади. Уни ўзлаштириш жараёнига таъсир этувчи нарса ва ҳодисалар билан қизиқиш замон тақозоси, педагоглик масъулияти, мураббийлик мажбурияти, раҳбарлик мезонидир. Салбий жиҳатларни тезроқ бартараф этиш, ижобий жиҳатларини оммалаштириш ва ривожлантириш соҳа равнақига хизмат қилади. Демак, таълим муассасалари раҳбарларининг талаба ёшлар билан учрашувлари, албатта, таълим даражаси ва тарбия сифатига ижобий таъсир этмасдан қолмайди.      

Институтимиз ректори Ўктам Пардаевич Умурзаков худди шу мақсадда жорий йилнинг 11 декабрь куни институт талабалари билан  соат 11-00 ва 15-00 да янгича форматда икки маротаба самимий тарзда очиқ мулоқот ўтказдилар. Дарс жараёнида ўқитувчиларнинг билими, дарс ўтиш маҳорати борасида таълимнинг самараси хусусида сўз юритдилар. Коррупцияга қарши курашиш ҳаммамизнинг бурчимиз. Талаба ва ўқитувчилар орасидаги "мулоқот" олди-бердига қурилса, билим ҳам, таълим ҳам, унинг ривожига хизмат қилмаслиги, бу эса мамлакатнинг тараққиётига салбий таъсири борасида куюниб гапирдилар. Қайси педагогда порахўрликка майл ва ишора борлигини сезсангиз, хабар қилсангиз бизга, қолаверса, ўзингизга ҳам ёрдам қилган бўласиз, - деди ректор ўз нутқида.   

Шунингдек, иккинчи масала сифатида талабаларнинг ахлоқий меъёрларига - юриш-туриш, кийиниш-кўриниш, хулқ-атвор масаласига тўхталиб ўтдилар. Мисол сифатида Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий номи билан боғлиқ ривоятни келтирдилар. Унда нақл қилинишича,  одамзотнинг ҳаётда ўрин тутиши, муваффақият ҳамда мартабага эришиши учун тўртта асос керак бўларкан. Биринчиси ХУЛҚ, (демак, уни 1 деб оламиз), иккинчиси ҲУСН - (1 рақами ёнига 0 ни қўшсак, 10 бўлади) учинчиси БОЙЛИК - (демак, рақамлар қаторига яна 0 ни қўшамиз, 100 бўлади), тўртинчиси НАСАБ - (давомига яна бир нолни қўшсак, 1000 бўлади).        

Ана шу тўртта асос инсоннинг қудратини, мартабасини билдиради. Энди олдинда турган 1 рақамини олиб ташласак, фақат ноллар қолади, холос. Демак, инсоннинг мартабаси учун ХУЛҚнинг роли катта экан. Биз хулқий маданиятга эга бўлмасак, ҳаётда эришишимиз мумкин бўлган барча нарсаларни йўқотиб қўямиз ва ҳаракатларимиз қиймати нолга тенг бўлади. 

       

Сўнгра ректоримиз талабаларнинг таклиф ва талабларига, саволларига аниқ ва лўнда жавоб бердилар. Иштирокчи талабалар эса мулоқотдаги самимийлик, очиқлик, ўзаро англаш ва тушуниш туйғусининг устуворлиги учун ректорга ўз миннатдорчиликларини билдиришди. Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари бориш йўли ҳам, аслида шундадир. Тадбир якунида институтимизнинг Ёшлар билан ишлаш бўйича прорекори Рузимурот Чориев талабаларнинг талаб ва истакларини атрофлича ўрганиш борасида амалий тарзда суҳбат ўтказди.

 

            Институт матбуот хизмати раҳбари Раҳимбой Жуманиёзов