“ПЕНГ – ШЕНГ” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонасида инновацион амалиёт

Аввал хабар берганимиздек Гидромелиорация факультети “Гидромелиоратив тизимлардан фойдаланиш” кафедраси профессор-ўқитувчилари ташаббуси билан кафедрага қарашли “Сув хўжалигида инновацион технологиялар ва улардан фойдаланиш” таълим йўналиши 307-гуруҳ талабалари учун Сирдарё вилоятида жойлашган “Пенг - Шенг” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонасида ҳамкорлик асосида ишлаб чиқариш амалиёти ташкил этилган эди. Талабалар амалиёт давомида корхонанинг барча ишлаб чиқариш заводларида, иссиқхона ва экин дала майдонларида ўзларининг билимларини янада мустаҳкамлашмоқда.

“Пенг Шенг” қўшма корхонаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009-йил 24-июндаги ПҚ-1139-сонли қарорига асосан Хитой давлати билан ҳамкорликда ташкил этилган. Сирдарё туманида жойлашган 60 дан зиёд маҳсулот турлари ишлаб чиқариладиган «Пенг Шенг» Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонаси вилоятда ишлаб чиқариш ҳажми катталиги билан алоҳида ўринга эга. Корхонада оёқ кийимлар, чармдан ишланган буюмлар, электрон қулфлар, керамик плита, сантехника жиҳозлари ишлаб чиқарилади. Хорижий мамлакатларга экспорт қилинаётган маҳсулотларга бўлган талаб ортиб бораётгани мазкур корхонанинг мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим ўринга эга эканини кўрсатади. Кези келганда айтиш жоизки, корхона ҳудудида Ўзбекистон — Хитой дўстлик боғи ҳамда 30 ўринли мактабгача таʼлим ташкилоти барпо этилган. Сўлим боғнинг ёнгинасида жойлашган мазкур МТТда машғулотлар ўзбек, хитой, инглиз ва рус тилларида олиб борилади. Шунингдек, корхонага қарашли 150 гектар ер майдонида томчилаб суғориш технологияси асосида парваришланаётган ғўзалар жуда серҳосил, ҳар гектаридан камида 50 сентнер ҳосил олинади.

Амалиёт раҳбари “Гидромелиоратив тизимлардан фойдаланиш” кафедраси стажёр-ўқитувчиси Даулет Ғуломов ташаббуси билан “Пенг - Шенг” корхонасининг экин майдонлари бўйича иш бошқарувчиси ва лойиҳачиси Жаноб Ли талабаларга томчилатиб суғориш тизимларини дала шароити ҳамда экин турларидан келиб чиққан ҳолда лойиҳалаш бўйича қўшимча дарслар, тушунтиришлар олиб бормоқда.

Дарс давомида томчилатиб суғориш тизими элементларини ишлаб чиқарувчи ва ўрнатувчи корхоналарнинг олиб борган фаолиятидаги ўхшашликлар, камчиликлари ҳамда ютуқлари ҳақида маълумотлар келтирилиб, АутоCад дастурида томчилатиб суғориш тизимини лойиҳалаш ҳамда тизимни масофавий бошқариш бўйича тушунчалар берилмоқда. Дарслар қизғин савол жавобларга бой тарзда ўтмоқда.

Корхонанинг 400 ўринга эга ошхонасида талабаларнинг ўз вақтида ҳамда бепул овқатланиши учун барча қулайликлар яратилган. Талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида эса корхона ҳудудида ташкил этилган Ўзбекистон – Хитой дўстлик боғига ташрифлар уюштирилиб, футбол мусобақалари ҳам ташкил этиб келинмоқда.

 

Гидромелиорация факультети 307-гуруҳ талабаси Азизбек Ҳасанов ахбороти

ТИҚХММИ матбуот хизмати