Самарали ва натижадор ҳамкорлик
Ривожланиш тажриба алмашиш йўсинидаги ўзаро ҳамкорликдан бошланади. Ривожланган давлатларнинг тажриба ва анъаналари қайсидир маънода тараққиётимизга хизмат қилиши аниқ. Уларнинг ибратли жиҳатлари биз учун дастуруламал бўлишига шубҳа йўқ. Айни пайтда улар ҳам бизнинг тажрибаларимиздан унумли фойдаланишади. Ҳар икки томонлама манфаатли ҳаракатларимиз залворли вазифаларни, истиқболли режаларни амалга оширишда қўл келиши муқаррардир. Бу муштарак ниятлар фан ва таълимнинг турли жабҳаларига, хусусан сув хўжалиги тизимига ҳам дахлдордир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелда қабул қилинган “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2909-сонли, 2017 йил 24 майда қабул қилинган “Қишлоқ ва сув хўжалиги тармоқлари учун муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3003-сонли қарорлари ҳамда 2019 йил 7 мартда “Халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилашга оид чора-тадбирларни тизимлаштириш тўғрисида”ги ПФ-5687-сонли фармонида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида кадрлар тайёрлашда устувор йўналишлари белгилаб олинган эди. Жумладан, олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик ва тажриба алмашишга алоҳида эътибор қаратилган эди.
Шу муносабат билан, 2019 йил 13-18 май кунлари мобайнида АҚШнинг Алькорн университети президенти Донзел Ли, шу университетнинг қишлоқ хўжалиги ва амалий фанлар факультети декани Эдмунд Бакнер, Халқаро дастурлар директори Дови Алипо, Миссисипи штати университети Халқаро ишлар бўйича вице-президенти Джули Джордандан иборат делегация республикамизнинг бир неча олий ўқув юртларига ташрифни бошлашди. Хорижлик меҳмонларнинг эътирофича, уларнинг институтимизга ташрифи алоҳида таассурот уйғотган. Уларга меҳмоннавоз халқимизга монанд тарзда очиқ чеҳра ва табассум билан қўлларида гулдасталар ушлаган миллий либосдаги талабаларимизнинг пешвоз чиқиши қувонч ва ҳайратларига сабаб бўлди.
Институт ректори, профессор Ў. Умурзаков хорижлик мутахассисларни видеоконференциялар залига таклиф этдилар. Ректор, даставвал, меҳмонларга институтимиз тарихи ва халқаро ҳамкорликларнинг самаралари борасида мухтасар маълумот бера туриб, кейинги йил институтимиз ташкил этилганига 85 йил тўлиши муносабати билан кенг кўламли таъмирлаш ишлари бошлаб юборилганлигини ҳам қайд қилиб қўйдилар. Улар ҳар иккала университет ҳақида илиқ фикрларни билдирар эканлар, “биз албатта сув манбаига дахлдор таълим муассасси бўлганимиз учун мамлакатингиздаги Миссисипи дарёси кўз олдимизга келаверади”, - дея лутф этдилар. Улар юзига бир зумда кулги ва табассум ёйилди. Мазкур делегация ТИҚХММИ билан ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилинди. Учрашув жараёнида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ҳар иккала университет ҳақидаги қисқа шаклдаги маълумотлар барча учун қизиқарли, албатта. Миссисипи давлат университети - бу миллий ва халқаро миқёсдаги турли миллатли, кенг қамровли, докторлик даражасидаги ўқув муассасаси. Жисмоний шахсларга таълим ва ўсиш учун турли имкониятлар ва қийинчиликларни таклиф этади. Тадқиқот, кашфиёт ва амалиётда илм-фан дунёсига, кучли ва кенгаядиган ҳиссаларга ва Миссисипи шаҳрининг ҳар бир ҳудудида яшовчи инсонлар учун, турли мутахассислик хизматларини кўрсатади.
Алкорн университети Қўшма Штатлардаги энг тарихий қора-танлиларни ўқитиш таълим муассасаси ҳисобланиб ва Миссисипидаги давлат томонидан қўллаб-қувватланадиган энг қадимги олий ўқув юртидир. Алкорн университети 1871 йили Миссисипининг эски қулдор африкаликларнинг авлодларини тарбиялашга қаратилган саъй-ҳаракатлари натижасида ташкил этилган. Миссисипи ҳокимият вакили Жеймс Л.Алкорн шарафига номланди. Миссисипи барча фуқароларни ўқитишнинг муҳимлигини эътироф этганидек, Алкорн статус ва аҳамиятга эга бўлди. 1871 йилда ташкил этилган саккизта ўқитувчилардан университет 800 дан ортиқ профессор-ўқитувчилар ва мутахассисларга эга бўлди. Талабалар сони 179 нафардан 4000 дан ортиқ турли миллатдошлари бўлган талабаларга кўпайди. Алкорннинг дастлабки битирувчилари чекланган ҳудудга эга бўлишган бўлса-да, бугунги кунда битирувчиларнинг аксарияти ўз танлаган касбларида муваффақият қозонишган ва кўплаб таниқли тадбиркорлардир. Алкорн университети ўз тарихи мобайнида етакчиликни, таълим муассасасининг нуфузини ошириш, қизиқтириш тарзи ва сифатли таълим олишни истаган ёшларни жалб этишдек шарафга содиқ қолишди. Ўнлаб йиллар мобайнида "катта имкониятларга эга бўлган коллеж" мамлакатидаги етакчи университетлардан бирига айланди. Алкорн давлат университети 50 дан ортиқ йўналиш бўйича бакалавриат, магистр ва таълим мутахассислиги бўйича диплом дастурлари билан иш олиб боради. Иккала хорижий таълим муассаси ва институтимиз ўртасида имзоланган меморандум келажакда соҳавий тажрибаларни алмашиш, оммалаштириш, таълимий жараёнда талаба ва магистрантларни ўзаро ўқитишдаги ҳамкорликлар яхши натижа беришига шубҳа йўқ.
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов