Қилич ҳамда қалам билан

Инсон қалбининг қувончу-қайғусини, дарду-ҳасратларини, инсоннинг Ватанга бўлган меҳрини, муносабатини Бобур Мирзодек кенг ифода этиб берган ижодкор жаҳон адабиётида кам топилади. Бобурнинг долғали, ташвишли аммо ибрат бўлгулик бутун умри ўзининг ҳаёти ва ижоди орқали бугунги кун ёш авлодга ва келажак авлодга қолдирган катта мероси билан ажралиб туради. Унинг ижодида ватанпарварлик, инсонпарварлик ғоялари мужассам. Ўтган ҳафтада ҳазрат Алишер Навоий таваллуд айёмларига бағишланган маънавий-маърифий кечалар ўтказилган бўлса, бугун Заҳириддин Бобур таваллуди билан боғлиқ тадбирлар Ўзбекистонда кенг нишонланиб келинмоқда.

14 февраль куни институтимизнинг маданият саройида Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг 537 йиллиги муносабати билан маърифий тадбир ташкил этилди. Унда 420 дан зиёд талаба, элликдан зиёд профессор ўқитувчилар ва институтнинг ёшлар бўйича проректори Рузимурот Чориев иштирок этди. Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзолари, иқтидорли шоирлар Фароғат Худойқулова ва Алишер Боймуродовлар ўз мулоҳазалари билан бошлаб бердилар. ГИМ факультетининг фаол ва иқтидорли талабалари саҳна кўринишлари ва Бобур қаламига мансуб бўлган шеърларни маромига етказиб ўқиш асносида ўз санъатларини намойиш этдилар.     

Ушбу ўтказилаётган тадбирдан мақсад: буюк алломаларимиз, хусусан Бобур ижодини кенг миқёсда ўқитиш, ўргатиш, юбилей саналарини нишонлаш ва ёд этиш жараёнида  буюк аждодларимизнинг асарларини манбалар ва қўлёзмалар асосида ўрганиш ва уларнинг мазмун моҳиятида нечоғлиқ Ватанга муҳаббат, ота-онага эътибор, инсонларга бўлган муносабат, юрт равнақи учун қандай хизмат қилиш ва умуман комил инсон даражасига етишиш мумкин бўладиган жиҳатларга кўпроқ эътибор беришни ёшлар онгига сингдиришдир. Шу аснода ёшларимизда фахр-ғурур туйғуларини шакллантириш, уларга ўхшашга интилиш, қалбида ҳавас ва иштиёқ уйғотиш, аждодларга муносиб бўлишга ҳаракат қилдириш мақсадга мувофиқдир.

Хулоса тарзида ушбуни келтиришни маъқул кўрдик. Бобурнинг ақидаси ва ҳаётий тажрибасига кўра, ҳар ким қилмишидан топади: яхши одам ёмонлик қилиши мумкин эмас, ёмон кимсага эса умри ҳам ҳайф; худди шундай вафо қилган вафо кўради, жафо қилган жафо. Бу фикрлар унинг шеърий ҳикмат даражасига кўтарилган қуйидаги рубоийсида ўзининг ёрқин ифодасини топган:

Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидур,

Ҳар кимки жафо қилса, жафо топқусидур.

Яхши киши кўрмагай ёмонлик ҳаргиз,

Ҳар кимки ёмон бўлса, жазо топқусидур.        

Бобурнинг қисматида шоҳлик ва шоирлик нисбати ёзилган. У дам қўлига қилич, дам қалам ушлаб умргузаронлик этди. Унинг ҳаётий ва ижодий фаолиятида ватанпарварлик, ёру диёрга бўлган қайноқ меҳру муҳаббат ҳамда илмпарварлик туйғуси устувор бўлган.

ГИМ факультети деканининг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари Ортиқ Рўзибаев ахбороти

Институт матбуот хизмати раҳбари Р. Жуманиёзов