Назария ва амалиётдаги ҳамкорлик юрт тараққиётининг муҳим омили
Хозирги замонда инсоният эхтиёжлари учун зарур бўлган ҳар қандай нарса борки ўзининг стандартларига сертификатларига эга бўлиши зарур. Айниқса бу ҳозирги бозор иқтисодиёти шароитида муҳим аҳамият касб этади. Албатта ушбу соҳани янада ривожлантириш, соҳага илғор хорижий технологияларни жорий этиш, соҳанинг етук кадрларини тайёрлаш соҳада назария ва амалиётни илмни қўллаб қувватлашни бугунги куннинг ўзи исботлаб турибди.
Шу нуқтаи назардан «ЎЗСТАНДАРТ» агентлиги Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги ҳамда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ўртасида 2019-йилдан буён ўзаро ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган бўлиб, бир қанча амалий ишлар амалга ошириб келинмоқда. Бугунги кунда ушбу ҳамкорликнинг самараси ўлароқ жорий йил 12-апрель куни «ЎЗСТАНДАРТ» агентлиги ва Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти раҳбарияти ўртасида амалий учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ректори Ў.Умурзаков ҳамда «ЎЗСТАНДАРТ» агентлиги Бош директори Д.Саттаров иштирок этишди. Тадбирда агентлик ва институт ўртасида ўрнатилган ҳамкорликни янада кенгайтириш 5+1 тамойили асосида олиб борилаётган ишларни, яъни назария ва амалиётни уйғунлаштириш борасида изчил ҳаракатларни кенгайтириш таъкидлаб ўтилди.
Учрашунинг энг диққатга сазоввор жиҳати шунда бўлдики, томонлар ўзаро келишув асосида лойиха қиймати қарийб 3.0 миллиард сўм бўлган «Метрология ўқув лабораторияси» очиш бўйича келишувни амалга оширдилар. Бундан ташқари ушбу келишувда 2021-2022 ўқув йилида «Метрология, стандартлаштириш ва сифатни бошқариш» бакалаврият таълим йўналишини ташкил этиш ҳамда 2022-2023 ўқув йилларида магистр ва докторантура таълим йўналишларини очиш ҳам назарда тутилган. Назария ва амалиётдаги бундай ҳамкорликларни йўлга қўйиш ва уни изчил ривожлантириб бориш келгусида юрт тараққиётининг муҳим омили бўлиб хизмат қилади.
ТИҚХММИ матбуот хизмати