Боқийлик - барҳаётлик белгиси
Ўзидан кўра ўзгалар дард-у ташвишлари қалбига изтироб бера бошладими ва у қоғоз юзига тушар экан, демак, чинакам истеъдод, шоирлик салоҳияти ниш ургани ҳақ. 60-йилларда ёзган шеърларидаёқ ана шу туйғуни ҳис этиш мумкин эди. Боқийликка нишон бўлган Ўзбекистон қаҳрамони, улуғ шоиримиз Абдулла Орипов ижодиётида худди шу ҳолатни кузатамиз. Абдулла Орипов ижодиётини, чоп этилган ва чоп этилмаган асарларини оммалаштириш, шеъриятини таҳлил ва тарғиб этишда таълим муассасамиз пешқадам бўлаётгани ғурурлидир. 2020 йилнинг 15 август куни "Сув хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш" факультети ташаббуси билан улуғ шоирга бағишлаб “Умумбашарий фазилатлар тараннуми” мавзусида ZOOM платформаси орқали маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирни факультет декани, иқтисод фанлари номзоди, доцент Рашид Ҳакимов ўзларининг кириш сўзи билан очиб берди. Маърифий тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, "Дўстлик" ва "Меҳнат шуҳрати" орденлари соҳибаси, "Олтин қалам" Миллий халқаро мукофотининг нишондори, иқтидорли шоира Зулфия Мўминова иштирок этди. Бугунги кунда уларнинг 15 дан ортиқ шеърий мажмуалари чоп этилган бўлиб, 50 дан ортиқ шеърлари таниқли санъаткорлар томонидан қўшиқ қилиб ижро этилган. Шеърлари тожик, қозоқ, озарбайжон, турк каби қардош халқлар тилларига, шунингдек, араб, рус, поляк, инглиз тилларига ҳам таржима қилинган 2019 йили АҚШ нинг машҳур "Амазон""нашриётида "Аёлни енгиб бўлмайди" номли шеърлар тўплами ва ўша йили Канада давлатида "Болага китоб беринг" деб номланган асарлари инглиз тилида чоп этилган. Шоира Абдулла Орипов ижодини бутун бир дорилфунун деб атади. Биз ҳам уларнинг шогирди сифатида ўзларимизни бахтиёр ҳис этамиз дея фахрландилар. Абдулла Ориповнинг устоз сифатида берган маслаҳат ва йўл-йўриқларини айтиб миннатдорликларини изҳор қилди. Улар билан боғлиқ хотиротларини эслаб ўтдилар.
Тадбирда Абдулла Ориповнинг катта қизлари Шоира Орипова ҳам иштирок этиб, оталари ҳақидаги хотиротлари билан қатнашиб даврага янада жон киритди. Институтимиз профессор-ўқитувчилари, талабалар ва шеърият мухлислари ҳамда Тошкент вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказининг Давлат тили ва она тили ва адабиёти ўқитувчилари иштирок этиб ўзларини қизиқтирган саволлари билан мурожаат этишди. Шуниси эътиборлики, тадбир ўтаётган пайтда параллел равишда ушбу факультетнинг ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосари Жамшид Турдиев бошчилигидаги бир гуруҳ талаба ва магистрантлар "Адиблар хиёбони"да улуғ шоиримиз Абдулла Ориповнинг ҳайкали пойига гуллар қўйиб шеърхонликни бошлаб юборган эдилар. Ижодий мулоқот ва хотира шаклидаги ушбу тадбир самимий ва дўстона тарзда кечди.
Институт ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Рузимурот Чориев онлайн тарзда ўтказилган ушбу тадбир ташкилотчилари ва иштирокчиларига самимий миннатдорлигини билдириб, бу борада қилинадиган ишларни асло сусайтирмаслик кераклигини таъкидлади. Шунингдек, шоир ижодини оммалаштириш бўйича қилинадиган турли шаклдаги тадбирлар қаторида Абдулла Орипов номидаги стипендияни жорий этиш ҳам катта аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтди. Мангулик муҳри халқ меҳри билан уйғун бўлган дамда боқийлик ва барҳаётлик нишони бўй кўрсатади. Бу эса шоир қалбидаги умумбашарий туйғуларни, фазилатларни тараннум этиш илинжи билан чамбарчас боғлиқ. Йиллар, асрлар алмашаверади, лекин ҳаёти ҳикмат ижоди ибратга айланган буюк истеъдод халқимиз ва мустақил мамлакатимиз ғояларининг тараннуми, мафкурасининг маёғи сифатида яшайверади.
ТИҚХММИ матбуот хизмати