Озуқаларни тайёрлашни механизациялаш мавзусида oчиқ маъруза
“Ўзбекистон овози” газетасининг 2018 йил 1-октябрь №95 сонида эълон қилинган навбатдаги Очиқ маъруза 2018 йил 16-октябрь куни 4-жуфтликда “Қишлоқ хўжалигини механизациялаш” факультети 4 курс 9-гуруҳ талабаларига бўлиб ўтди. Маърузани Қишлоқ хўжалиги машиналари кафедраси доценти Алижанов Джапбор Ақилбекович “Чорвачиликни механизациялаш” фанидан “Озуқаларни тайёрлашни механизациялаш, озуқаларнинг синфланиши ва уларни озиқлантиришга тайёрлаш усуллари” мавзусида ўтиб берди.
Маърузада “Қишлоқ хўжалигини механизациялаш” факультети декани Улуғбек Қўзиев, Қишлоқ хўжалиги машиналари кафедраси профессор-ўқитувчилари ҳамда Ўқув-услубий бошқармаси ҳодимлари иштирок этишди. Маърузачи талабаларга Озуқаларни тайёрлашнинг механикавий, кимёвий, биологик ва иссиқлик усуллари ҳақида ҳам батафсил маълумот бериб ўтди: Озуқаларни тайёрлашнинг механикавий, кимёвий, биологик ва иссиқлик усуллари алохида ёки махсус технологияга мувофиқ биргаликда фойдаланилади. Озуқа тайёрлашнинг механикавий усулига майдалаш, оқлаш, аралаштириш, меъёрлаш ва шу каби ишлар киради. Кимёвий усул баъзи турдаги озуқаларга кимёвий моддалар (хлорид кислота, оҳак суви, ишқорлар) билан таъсир кўрсатишдан иборат. Иссиқлик усуллари ишлов бериладиган озуқага махсус ишлов технологиясига мувофиқ ҳолда иссиқлик билан таъсир кўрсатишдан иборат. Биологик усуллар озуқага турли микроорганизмлар ва ферментлар таъсирига асосланган. Маъруза сўнгида ўқитувчи талабаларга Концептуал жадвал асосида мустақил иш топшириғини вазифа қилиб берди.
Ўқув-услубий бошқарма услубчиси Мафтуна Тошева ахбороти.