Сенатор мулоҳазалари

Қайси бир давлат, жамият ёхуд тузумнинг қиёфатини аёлларига бўлган муносабатидан англаш мумкин деган мазмундаги машҳур ҳикмат бежиз айтилмаган. Оила деган сўзнинг ўзаги ҳам аёл деган (арабча) сўздан таркиб топган. Шундай экан, жамият ва авлодлар барҳаётлигининг мезони, наслнинг давомийлиги улар билан бевосита боғланади. Бизнинг давлатимизда хотин-қизларга муносабат юқори даражада. Аёлларнинг тенгҳуқуқлилиги, улар учун яратилган имтиёз ва имкониятлар, “Асосий қонунимиз”га “Оила” деган махсус модданинг киритилгани ҳам бу фикрни тўла тасдиқлайди.

Бу борада “Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги Конвенция алоҳида моҳият касб этади. Ана шу мавзуда ўз фикр-мулоҳазаларини ўртоқлашиш учун Ўзбекистон Республика Олий Мажлиси сенатори Светлана Артикова таклиф этилди.

Институтимизнинг муҳташам конференциялар залида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг профессор ўқитувчилари, талаба қизлари ва шу соҳага мутасадди меҳмонлар иштирок этишди.

Маълумки, Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги Конвенцияда хотин-қизларга нисбатан камситилиш – аниқлаш, камситилишга барҳам бериш учун қабул қилиш зарур бўлган чора-тадбирлар, конвенция билан бошқарилувчи масалалар, умумий тавсиялар, хотин-қизларга нисбатан камситилишга барҳам бериш бўйича қўмита маърузаларни тақдим қилиш жараёни, нодавлат ташкилотларнинг ўрни, қўмитага альтернатив маълумотларни тақдим қилиш каби бир қанча масалалар ўзининг яққол ифодасини топган.

Шуниям эътироф этиш керакки, хотин-қизларга муносабатнинг нафақат дунёвий балки диний моҳияти ҳам эътиборли. Қуръони каримдаги "Нисо", "Нур", "Талоқ" ва "Марям" суралари ҳам айнан ана шу зоти шарифаларга бағишланган.

БМТнинг "Инсон ҳуқуқлари Декларацияси" қабул қилинганига 50 йил тўлиши арафасида Ўзбекистонда "Хотин-қизларни ҳар қандай камситилишига барҳам бериш Конвенцияси"нинг чоп этилиши ҳам эътиборга молик. 30 та моддадан иборат бўлиб барча хотин-қизларнинг тенг ҳуқуқларини таъминлашга йўналтирилган тарихий ҳужжат бу. Унинг инглиз, араб, испан, хитой, рус ва француз тилларидаги матнлари айнан бир хилдадир. Сақлаш учун БМТ Бош котибига топширилади(30 модда).

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам бу ҳақда алоҳида тўхталиб ўтилгани бежиз эмас. “Хотин-қизлар ва ёшларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш лозим.Бу борада жорий йилда кўрилган амалий чораларга қарамасдан, ҳалигача оғир турмуш шароитида яшаб, иш билан таъминланмаган 13 мингдан зиёд хотин-қизлар борлиги ачинарлидир.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Хотин-қизлар қўмитаси ҳудудий ҳокимликлар билан биргаликда бир ой муддатда ана шундай аёлларни иш билан таъминлашга қаратилган дастур ишлаб чиқиши зарур. Марказий банк, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри раҳбарларига 2019 йилда турмуш шароити оғир бўлган 1 минг 600 нафар хотин-қизларни имтиёзли кредитлар асосида арзон уй-жойлар билан таъминлаш вазифаси топширилади.”Президентимизнинг ушбу эътирофидан шуни англаш мумкинки, хотин – қизларнинг ижтимоий жараёндаги ўрни ва роли беқиёсдир.

Тадбир савол ва жавоблар тарзида, кўтаринки руҳда ўтди. Учрашув якунида Ўзбекистон Республика Олий Мажлиси сенати раисининг ўринбосари, сенатор Светлана Баймирзаевна Артиковага институтимиз ректори ва “Нотиқлик санъати академияси” таълим муассасаси директорининг  ФАХРИЙ ЁРЛИҒИ миннатдорчилик йўсинида тақдим этилди.

Институт хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулфия Ҳафизова, Иқтидорли ёшлар билан ишлаш ва маънавият бўлими бошлиғи Зуҳриддин Ҳайдаровлар ахбороти

Институт Матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов