Кураш миллий спорт тури бўйича қизғин мусобақа ташкил этилди

Ўзбек кураши бугунги кунда жаҳон чемпонатларида, олимпиада ўйинларида мустаҳкам ўринга эга бўлгани билан қувонарлидир. Кураш нафақат спорт тури сифатида балки, ўз термин ва атамалари билан ҳам жаҳон тилларида янграётгани ғуруримизга ғурур қўшмоқда. Ёнбош, чала, ғирром, дакки, ҳалол атамалари бутун дунё тилларига ўз маъноси ва моҳияти билан кириб боргани катта аҳамиятга эга. Бу тасодиф эмас, албатта. Алпомиш-у Гўрўғлилар талқинида куч-қувват ва полвонликни улуғлаган аждодларимизнинг пок ниятлари эзгулик ва қаҳрамонликка йўғрилган. Шу аснода ватан озодлиги ва халқ осойишталиги ҳамда ҳимояси борасида мардлик ва жасорат улуғланган ва фарзандларини худди шу руҳда тарбиялашган. Бугунги кунда ана шу азалий қадрият ва ҳаракатларнинг самарасини кўриб турибмиз. Спортнинг деярлик барча турлари бўйича  мамлакатимиздан чиқаётган Осиё ва жаҳон чемпионлари, улар кўксини безаб турган олтин, кумуш ва бронза медаллари бугунги кунда халқимизнинг фахр-у ифтихорига боис бўлаётгани сир эмас. Кураш бўйича мусобақаларни жамоа ташкилотлари ва таълим муассасаларида мунтазам равишда ўтказиб турилиши анъана тусини олгани сир эмас.

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида кураш миллий спорт турини оммалаштириш муносабати билан "Бу азиз ватан барчамизники" шиори остида 60, 66, 73, 81, 90 килограмм ва 90 килограммдан юқори вазнлилар ўртасида мусобақа ташкил этилди. Мусобақада Бош ҳакам сифатида Самбо бўйича икки карра Жаҳон чемпиони Ботир Хўжаев қатнашиб полвонларимизни холисона кузатиб, одиллик билан баҳолаб борди. Кураш шу даражада авжига чиқдики, гиламда беллашаётган талабаларини зимдан кузатаётган факультет деканлари ва муовинлари мабодо ўз талабаси рақибининг курагини ер искатса, ғолиб келса сакраб ўрнидан туриб кетишарди гўё ўзлари курашга тушаётгандек. Проректор Р. Чориев гилам узра чапдастлик билан гир-гир айланиб курашга чоғланган ёш полвонларни кузатишдан асло чарчамади. Факультетлараро қизғин курашлар натижаси ўлароқ, турли вазнлар бўйича биринчи, иккинчи ва учинчи ўринлар ғолиблари қуйидагича белгиланди.

60 кг.лик вазн бўйича.

1 Абдуллаев Фозил (ҚСХЕТ)

2 Сафарбоев Гавхарбек (ГМ)

3 Қаххоров Сардор (ГТҚ)

 66 кг.лик вазн бўйича

1 Оғамуродов Асилбек (ҚХM)

2 Қуринбоев Абдулла (ГМ)

3 Исматуллаев Шохжахон (ҚСХЕТ)

73 кг.лик вазн бўйича

1 Абдурахмонов Шохрух (ЕРБ)

2 Шапоатов Салохиддин (ГТҚ)

3 Янгибоев Жамшид (ГТҚ)

81 кг.лик вазн бўйича

1 Рухиддинов Рамазон (ГТҚ)

2 Султонов Умарбек (ГТҚ)

3 Бўстонов Бекзод (ҚСХЕТ)

90 кг ва ундан зиёд вазндагилар бўйича

1 Тожиев Худойберди (ЕРБ)

2 Эркинов Эзоз (ҚСХЕТ)

3 Примбетов Икмет (ГТҚ)

Жисмоний синов интеллектуал кучга ҳам қудрат бахш этиши тайин, бундай йўсиндаги спорт мусобақаларининг тез-тез ўтказиб турилиши мақсадга мувофиқ. Соғлом танда соғ ақл бўлишини билган инсонлар бунга бефарқ қарашмайди. Чунки шу улуғ ватан барчамизники экан, унинг ҳимояси ва манфаатлари учун ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқарган ҳолда ақлан, руҳан ва жисмонан соғлом бўлиб жипслашсаккина баркамол ватаннинг шарафига, шан-шавкатига ҳисса қўшган бўламиз. 

ТИҚХММИ матбуот хизмати