Академикларнинг ўқувчилар билан учрашуви

Маълумки, Президентимиз Ш.М.Мирзиёев 2018 йилнинг 21 декабрь куни юқори синф ўқувчиларини Олий ўқув юртларига  ўқишга  киришдаги қизиқишини ошириш, келгусида касб танлашда янглишмаслигини таъминлаш,  Республикамиз учун етук мутахассислар бўлиши учун нима қилиш кераклиги ҳақида давра суҳбатлари ва  учрашувлар ўтказиш бўйича топшириқлар берган эдилар.

Қўйилган вазифаларни бажариш учун  Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида жойлашган Тошкент Педиатрия институти лицейида 2019 йилнинг 28-мартида олимлар билан лицей ўқувчиларининг «Наврўз» байрами арафасида  учрашуви ўтказилди.  Бу учрашувда Ўз ФА вице-президенти, академиклар Б.Т.Ибрагимов, А,Т.Жалилов, М.М.Мирсаидовлар,  профессорлар Х. Кимсанбоев, Б. Зарипов, Ж. Хусановлар қатнашдилар. Учрашувни лицей директори проф. О.Э.Эшонқулов олиб борди. Бу учрашувда лицей ўқитувчилари ва 150 дан ортиқ лицейнинг жаҳон олимпиада ғолиблари ва фаол ўқувчилари қатнашишди.

Бу учрашувда ТИҚХММИИнинг «Назарий ва қурилиш механикаси» кафедраси мудири М.Мирсаидов ҳам қатнашиб, келгусида ёшларимиз етук олим ёки бошқа   соҳаларнинг  етук мутахассислари бўлишлари учун нима қилиш кераклиги ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини ўқувчиларга билдириб ўтдилар.  Иштирокчиларнинг кўплаб саволларига жавоб бердилар.  Лицейда аъло ўқиган ва олимпиада совриндорлари бўлган ўқувчиларга китоблар совға қилинди. Бу лицей Республикамизда кўзга кўринган ва фақат ҳамдўстлик давлатлари ичида эмас, жаҳонда ўз ўрнига эга бўлган лицейлардан биридир.

Охирги 10 йилда химия фани бўйича жаҳон олимпиадаларида  Республикамизнинг барча лицей ва мактаблари жами 5 та медал олган бўлса бу лицей ўқувчилари 12 та медал соҳиби бўлган. Буларнинг 2 таси олтин, 2 таси кумуш ва 8 таси бронза медалларидир. Жаҳон олимпиадаси ривожланган мамлакатларда утказилган, яъни  АҚШ, Швейцария, Дания, Сингапур, Корея, Россия, Туркия, Чехия, Словакия ва бошқалар. Шу билан бир қаторда охирги ўн йилда Халқаро Менделеев олимпиадасида қатнашиб, республикамиз ўқувчилари олган 70 медалнинг 43 тасини шу лицей ўқувчилари қўлга киритган.

2018 йил Лицей учун омадли йил бўлиб, бу йилда Сингапурда ўтказилган жаҳон олимпиадасида 1 та олтин 1 та кумуш ва 4 та бронза медалини,  Словакия ва Чехияда ўтказилган олимпиадаларда 2 та бронза, Минск шаҳрида ўтказилган Менделеев олимпиадасида 1 та кумуш 3 та бронза медалини қўлга киритишди.

Келгусида Президент мактабларининг очилиши бу лицей ўқувчиларига рақобат туғдиришига ишонамиз, чунки у мактабларда ҳам ҳар бир вилоятда  Республикамизнинг гуллари билим олишади, шунинг учун бу лицей ўқувчилари ўзларининг ҳаракатларини бундан ҳам кучайтириши керак. Айни пайтда лицей ўқувчиларига «Наврўз» байрами арафасида бахт-саодат ва омад ҳамда келгусида бундан ҳам катта ютуқларга эришишини тилаб қоламиз.   

Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов