Талаба – ёшлар ўртасида миллат танламас иллатларга қарши кураш мавзуи
Ҳозирги вақтда гиёҳвандлик балоси инсоният ҳаётига жиддий хавф солаётган, машъум иллатлардан бири бўлиб турибди. Бежизга уни “Aср вабоси” деб таърифлашмайди. Гиёҳвандлик муаммоси жамият, миллат равнақига жиддий путур етказувчи бўлиб, ҳозирда дунё давлатларини ташвишга солиб келмоқда. Гиёҳвандлик оқибатида минглаб норасида гўдаклар майиб мажруҳ туғилмоқда, оилаларда ажрашишлар кўпаймоқда ва дунёда миллонлаб одамлар ҳаётдан бевақт кўз юммоқда. Энг афсусланарли жиҳати шундаки, бу жирканч нарсага мубтало бўлган кимсаларнинг тузалиши қийин кечади.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида 19 февраль куни ташкил этилган тадбирда ана шу масалаларга эътибор қаратилди.
Тадбирни “Сув хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш” факультети декани Р.Хакимов бошқариб борди. Тадбирда Тошкент шаҳар ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси ўта мавҳум ишлар бўйича катта тезкор вакил майор О.Элчибоев, Мирзо Улуғбек тумани ИИБ вояга етмаганлар ва ёшлар ҳуқуқбузарликлари профилактикаси инспектори подполковник Ш.Ҳикматуллаев, “Сув хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш” факультетининг Ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосари Ж.Турдиев ҳамда барча факультетларнинг ёшлар билан ишлаш бўйича декан муовинлари, 11 нафар профессор - ўқитувчилари ҳамда 158 нафар талаба- ёшлар иштирок этишди.
Даставвал, сўзга Тошкент шаҳар ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси ўта мавҳум ишлар бўйича катта тезкор вакил майор О.Элчибоев чиқиб ўз маърузасида тадбир иштирокчиларига гиёҳвандлик ва унинг салбий оқибатлари ҳақида далилий мисоллар келтирди. Ўтган йиллар давомида наркобизнесга қарши олиб борилган ишлар мамлакатимизда гиёҳвандликнинг олдини олиш, психатроп воситалар олди-сотдисини бартараф этиш самарадорлигини оширишига олиб келди.
Аввало, бу каби саъй-ҳаракатларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш учун қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, хусусан, “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги ҳамда БМТ конвенцияларини ратификация қилиш ҳақидаги қонунлар қабул қилинди. Бундан ташқари, Наркотик моддаларни назорат қилиш давлат комиссияси тузилди. Унинг 2011 йил 8 июндаги қарори билан Наркотик моддаларнинг суистеъмоли ва ноқонуний айланишига қарши кураш бўйича 2011-2015 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги Қонун 2000 йил январидан амалга киритилиши билан инсон ақл идрокига таъсир этувчи моддаларни истеъмол қилувчи шахсларга нисбатан муносабат ўзгариб, инсонийлик тамойиллари кучайтирилди.
Шунингдек, наркологик моддаларни истеъмол қилган шахсларнинг шахслар психологик ва тиббий холати, организмидаги ўзгаришлари тўғрисида батафсил тўхталиб ўтди ҳамда гиёҳванд, тамаки ва алкоголь моддаларни истеъмол қилишнинг зарарли оқибатларини статистик маълумотлар асосида ёшларга кенг тушунтириб берди.
Сўнгра Мирзо Улуғбек тумани ИИБ вояга етмаганлар ва ёшлар ҳуқуқбузарликлари профилактикаси инспектори подполковник Ш.Ҳикматуллаев маърузаси тингланди.
У ўз маърузасида қуйидагиларга аҳамият берди. Гиёҳвандликка одатда, руҳан заиф, иродаси бўш, бировларга тақлид қилишга мойил, ўта худбин кишилар берилувчан бўлади. Бундай шахслар ўз мойилликларига қарши курашолмайдилар. Бора-бора организмдаги мойиллик “мутлақ ғолиб” га айланади.
Таъкидлаш лозимки, ёшлар тарбияси соҳасидаги муаммоларни қанчалик тез ҳал қила олсак, бу иллатга қарши самарали кураша оламиз. Бунинг учун ҳар бир кишида ижтимоий бурч туйғусини тарбиялаш керак. Бундан ташқари, бугун барча иллатларга қарши аёвсиз кураш кетаётганда жазолашни асосий чора деб қарамасдан, профилактика, яъни иллатларнинг олдини олишга кўпроқ эътибор бермоқ зарур. Жамиятимиздаги ҳар бир муваффақиятга, ҳар бир салбий ҳодисага барча бирдек жавобгардир. Кенг жамоатчилик, ёшидан, миллатидан, ижтимоий аҳволидан қатъий назар, бир фикрни яхши англаб олиши шарт. Инсонлар “фарзандим наркотик моддалар савдоси билан шуғулланмаса, уни истеъмол қилмаса бас, бу бало менга ва яқинларимга хавф сололмайди” деб ўйласа, катта хатога йўл қўяди дея барчани огоҳликка чақирди.
Тадбир давомида “Ажал оғуси” номли ҳужжатли фильм намойиш этилди. Тадбир сўнгида талабалар томонидан берилган саволларга мутахассислар тушунарли ва огоҳликка даъват этган ҳолда жавоб бердилар.
Қизғин суҳбатдан сўнг Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти “Сув хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш” факультети декани Р. Хакимов тадбир қатнашчиларига миннатдорчилик билдириб, бу каби давра суҳбатларини тез-тез ўтказиш фойдадан холи бўлмаслигини таъкидлади.
Институт матбуот хизмати раҳбари Раҳимбой Жуманиёзов