Самимиятга қурилган, илмга йўғрилган умр
Умр сўзи иморат сўзи билан ўзакдош. Умр ҳам иморат каби қурилади, бўй кўрсатади, инсонлар ундан манфаат кўради. Манфаатнинг маърифатга қурилиши олимининг қисмати. Буюк ҳикматдонлар олимнинг ўлими, оламнинг ўлими деб бежиз айтишмаган. Муҳаммад пайғамбар “Олимлар менинг ворисларим, меросхўрларимдир” дейишларида ҳам катта ҳикмат бор. Шундай инсонлар бўладики улар ўз ҳаётини мамлакат тақдирини белгиловчи илм-фан ва маърифат билан боғлашади. Шу йўлда тиним билмасдан ғайрат-шижоат билан ишлайди, тер тўкади, олқишларга сазовор бўлади, шу аснода умргузаронлик қилади.
Устозимиз Умурзаков Ўктам Пардаевич ана шундай инсонлардан эди. Улар бугун ҳаёт бўлганларида роппа-роса 69 ёшга тўлган бўлар эдилар. Ҳаёт довонлар оша илгариланма ҳаракатга қиёс қилинади. Болалик, ўспиринлик, ёшлик, йигитлик, кексалик умр довонларидир. Кимдир бу довонлардан оша олади, кимдир эса йўқ. Устоз бу довонлардан барчага ибрат бўларлик даражада шараф билан оша олган зотдир. Бунинг учун инсонда туғма истеъдод, яратувчанлик қобиляти ва ўз ишидан оладиган завқ-шавқ бўлиши зарур. Умр йўли силлиқ бўлмайди, шодлик ва ғам, хурсандчилик ва алам каби руҳий кечинмалардан иборат. Буларга жавоб ақл-идрок, фаҳм-фаросат муҳими, самимий муносабат лозим. Шундагина тўсиқ ва қийинчиликлар, чигал муаммолар ечилади. Дарахт бир жойда илдиз отади деган гап бор. Ўктам Умурзаков 1969-йилда Тошкент ирригация қишлоқ хўжалигини механизациялаш инженерлари институтига талаба сифатида қабул қилинган бўлса, умрининг охиригача ҳаётий йўли, илмий-педагогик ва раҳбарлик фаолияти худди шу таълим даргоҳи билан боғланди.
Ўқишни муваффақиятли тугатгач, институтнинг "Машиналар пухталиги ва ремонти" кафедрасида стажёр ўқитувчи, кичик илмий ходим бўлиб иш бошлади. 1977- йилдан 1980-йилгача институтнинг илмий тадқиқот лабораториясида кичик илмий ходим бўлиб иш юритди. Сўнгра "Материалшунослик ва машинасозлик" кафедраси ассистенти, илмий тадқиқот лаборатория мудири сифатида ўз фаолиятини давом эттирди. Бу пайтда унинг ўз ишига масъулияти ва ички бир интизоми навбатдаги поғонани эгаллашига сабаб бўлди. Натижада у 1990-1992 йилларда институтнинг малака ошириш факултети декани лавозимида иш юрутди. Илм - фанга фидойилик ва раҳбарлик салоҳияти йилдан-йилга ошиб борди. Таълим муассасасининг Қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари тайёрлаш маркази проректори, кейинчалик, қишлоқ хўжалигини механизациялаш факултетининг декани лавозимларида ишлаган пайтда, бу фазилатлар унда намоён бўлди. Ўз соҳасини севиш, касбига садоқат туйғуси бор бўлган инсонда, интизом ва мажбурият бурчи бўлиши аниқ. Вазифасига сидқидил ёндашган ходимларнинг иш фаолиятида уларнинг тақдири акс этишини билган раҳбар, эътиборли ва эҳтиромли бўлиши муқаррар.
1999-йилдан 2004-йилгача ТИҚХММИ илмий ишлар ва ахборот технологийлари бўйича проректор, 2004-2011 йилгача институтнинг ўқув ишлари бўйича биринчи проректори вазифасида ишлаган кезларида, юқоридаги фазилатлар тамойилини кўриш мумкин эди. Шу нарса аниқки, раҳбарлик масъуллик демакдир. Бу ўзингга ва сўзингга, ходимларга, касбдошлар фаолиятига жавобгарликдир. Ўзидан кўра ўзгани ўйлаш, бағрикенглик самимийлик ўзаро ҳурмат ва ишонч ҳукмрон бўлган жойда муассасада ижодий муҳит яралади ва иш унуми ҳам бўлади.
Ўктам Умурзаковнинг институт ректори вазифасини бажарувчи сифатида тайинланган пайтида, раҳбарлик мажбуриятини тўла ҳис этди. Илм-у таълим, педагогик ва раҳбарлик фаолиятини омихта олиб бориш асносида "Сув хўжалиги иқтисоди" кафедрасининг профессори вазифасида иш юрутди. 2017-йилдан умрининг охиригача Тошкент ирригация ва қишлқоқ хўжалигини механизациялаш институтининг ректорлик лавозимида ишладилар. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг илм - фанга бўлган эътиборгина мамлакатнинг тараққиётига хизмат қилиши ҳақидаги ғояларига ситқидилдан садоқат билан хизмат қилди. Фарзандларимизни имтиҳонга эмас ҳаётга тайёрлаш кераклиги ҳақидаги давлат раҳбарининг даъватларига содиқ қолди.
Бунинг учун таълим муассасалари ректорлари таълим тизимининг сифати ва самарадорлигига жиддий эътибор қилишлари зарур эканлигини англаб етди. Ана шу вазифага садоқат ва жонбозлик унинг Республика олий таълим кенгашини тузиш зарурлиги ҳақида жиддий ўйлаб бу ишни амалга оширди ва унга раислик ҳам қилди. Кенгаш ташкил этилганига кўп бўлмасада таълимни ривожлантириш ва ислоҳ қилиш борасида теран таклиф ва мулоҳазалар билдириб, бир қанча амалий ишларни йўлга қўйди.
Институтимизнинг шонли санасини тантанали тарзда нишонлашни домла орзу қилган эдилар. Лекин тақдир унга бу ишларда бош-қош бўлиш насиб кўрмади. Ўз касбига, таълим соҳасига меҳри, ҳиссаси ҳам чуқур сингган фидойи устоз эндиликда орамизда йўқ. Минг афсуски, бешафқат ажал уларни ўз домига тортди. Институтга кириб бораркансиз, атрофдаги гул-у гулзор-у дов-дарахтлар, деворлар-у аудиториялар, қўйингки, жонли ва жонсиз нарсалар гўё устозни йўқлаб, шарафлаб, тарафлаб пичирлаётгандек, нола-ю фиғон қилаётгандек бўлади.
Тиниб - тинчимас, ҳаракатчан, ўз касбига ғоятда масъулиятли Ўктам Пардаевичнинг ғайрат-шижоати, таълим тизимига эътиборининг ҳосиласи ўлароқ, улар раҳбарлик қилган таълим муассасаси миллий ва халқаро рейтингларда юқори кўрсаткичларга эришгани сир эмас. Таълим тизимига оид қонун ва қарорларни, фармон ва фармойишларнинг ва бошқа ҳукумат ҳужжатларининг ижросини бекам-у кўст бажариш, назорат қилиш у инсоннинг табиатига сингган эди.
Умр оқар сувдир, асло тўхтамас
Инсон тириклиги жисми биланмас,
Умр узоқлик мезони қолди яхши ном,
Эъзоз-у эътибор ҳамда эҳтиром.
Илмпарвар, ўктамлик унга хосу-мос,
Одамийлиги айрича либос.
Эзгу ишларини эли қилар ёд,
Иккинчи умр-ку, яшашдан мурод.
Дарҳақиқат, иккинчи умрини яшай бошлаган устоз Ўктам Пардаевич самимий инсон, айниқса, талабаларга оталарча ғамхўр эдилар. Ректорат мажлисларида баъзан профессор ўқитувчиларга қарата “агар сизни фарзандингиз ўз пайтида стипендия олмаса қандай куйга тушган бўлардингиз”, дея танбеҳ беришлари ҳамон ёдимизда. Тўғри, қуёш ботиш учун чиқади, одамзод ўлиш учун туғилади дейишади. Лекин гап умрни қандай ўтказишда. Эл - юрт манфаати учун илм-у таълимни муқаддас тутган маърифатпарвар инсон чин маънода жаннатийдир. Давлатимиз раҳбари ғояларига садоқати, тадбирлар ўтказишдаги жонкуярлиги, билим ва салоҳияти, юксак раҳбарлик қобилияти, бошқарув маъданияти, энг муҳими, одамгарчилиги барчамизга ибрат ва сабоқ бўлиши керак.
Институтнинг маънавий ҳаётида устоз ҳам ўчмас из қолдирди. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шахсан ўзлари Абдулла Орипов ижодий ва ҳаётий фаолиятини ўрганиш ва асарларини оммалаштириш, тарғиб қилишни айнан ўзлари бир пайтлари ўқиган ва ишлаган мазкур институтга топширганлари профессорларнинг жамоаси билан биргаликда домлани ҳам руҳлантириб юборганди. Давлат мадҳияси матнининг муаллиифи, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абудлла Ориповга дахлдор бўлган маълумотларни тўплаш, унга бағишланган бир нечта илмий-амалий конференция ва учрашувларни ташкил қилиш, шоир номидаги ижод боғи, кўкрак нишони, стипендия, энг муҳими, адиб номидаги музейни ташкил этишдаги ташкилотчиликлари таҳсинга сазовордир.
Албатта, устоз ҳаётининг теран томирлари, таянч нуқталари борлигини эсламасдан ўтиш ўринли эмас. Бу табиийки, оила ва устозлар номи билан боғланади. Ўктам ака эндигина уч ёшга қадам қўйганида меҳрибон падари, Оқдарё туманининг биринчи раҳбари бўлиб ишлаган Парда ота Умурзаков дунёни тарк этганди. Унинг тарбияси, билим олиши меҳрибон ва ғамхўр онаизори Хосиятхон ая Турсунова зиммасига тушган. Барча фарзандларига меҳри устувор бўлган онанинг дуолари мустажоб бўлди. Бу ўринда маслаҳатгўй устозларининг йўл-йўриқлари ҳам асқотгани сир эмас. Ўктам Пардаевич оқибатли шогирд сифатида турли саналар муносабати билан ҳар иккала устозини йўқлаб турар, институтга чорлаб хушнуд қилар эди. Бир томонида академик Салимов Оқил Умурзакович бўлса, иккинчи ёнларида академик Искандаров Саъдулла Искандарович турардилар.
Иккита ўғил битта қиз билан қолган устознинг рафиқалари Замира опа Усмонова фарзандларидан шод ва мамнун. Очиқ айтиш керакки, устоз ўзларига ўхшаган фарзандларни тарбиялаб кетдилар. Улар бугун жамиятимизнинг илғор, салоҳиятли инсонлари сифатида эл-юрт хизматида камарбаста. Устознинг иккинчи умри, самимийлик замиридаги мангуликка қурилган ҳаёти давом этмоқда. Бу бардавомлик ва барҳаётлик ёзган китоблари, фарзандлари ва минглаб шогирдлари фаолиятидадир.
Рузимурат Чориев, ТИҚХММИ проректори, педагогика фанлари доктори
Раҳимбой Жуманиёзов, Институт Матбуот котиби, филология фанлари номзоди