Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг Бухоро филиали — 10 ёшда!
Республикамизнинг айрим минтақалардаги қишлоқ хўжалиги экин ерларининг минераллашиши ва шўрланганлик ҳолатининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ҳамда мамлакат иқтисодиётининг ушбу энг муҳим соҳасида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида Тошкент ирригация ва мелиорация институтининг Бухоро филиали Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 20 августдаги қарорига мувофиқ ташкил этилган. Таълим даргоҳида учта йўналишда — сув хўжалиги ва мелиорация, сув хўжалиги ва мелиорация ишларини механизациялаш, ер тузиш ва ер кадастри бакалавр таълим йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилган. 2011-2012 ўқув йилида янги гидротехника иншоотлар ва насос станцияларидан фойдаланиш, технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва бошқариш ва электр энергетикаси соҳаларида мутахассис кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Кейинги йилларда ҳам касбий таълим (сув хўжалиги ва мелиорация), гидротехника қурилиши, гидромелиорация ва гидромелиорация ишларини механизациялаш бакалавр ҳамда магистратура таълим йўналиши бўйича ёш кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилиб, таълим йўналишлари сони 8 тага етказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 апрелдаги «Қишлоқ ва сув хўжалиги давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институти ҳамда унинг Бухоро филиали Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги таркибидан чиқарилиб, янги ташкил қилинган Сув хўжалиги вазирлиги тасарруфига ўтказилди. Шундан сўнг институт ташкилий тузилмаси маъмурий жиҳатдан мазкур қарорнинг 7-бандига асосан республика Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги таркибида фаолиятини давом эттира бошлади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 майдаги “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида олий маълумотли кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан филиал ташкилий тузилмаси қайта тасдиқланди ва бу соҳа ривожида муҳим туртки бўлди.
2019-2020 ўқув йилида эса бакалавр таълим йўналишлари сони 13 тага, магистратура мутахассисликлар сони эса 6 тага кўпайиб, мелиоратив гидрогеология, сув хўжалигида экология хавфсизлиги, сув таъминоти муҳандислик тизимлари каби бакалавр таълим йўналиши ва гидротехника иншоотларидан фойдаланиш, уларнинг ишончлилиги ва хавфсизлиги, насос станциялари ва қурилмаларидан фойдаланиш ташхиси, тежамкор суғориш технологиялари бўйича магистратура босқичида кадрлар тайёрлана бошланди. Эътиборлиси, филиалда 10 йил давомида мутахассис кадрлар тайёрлаш таълим йўналишлари ва талабалар сони мунтазам ортиб борди. Охирги уч йиликни таҳлил қиладиган бўлсак, 2016-2017 ўқув йилида талабаларнинг умумий сони 1 минг 110 нафарни ташкил этган бўлса, 2019-2020 ўқув йилига келиб бу кўрсаткич 2 минг нафарга етди. Филиалда таҳсил олаётган талабаларнинг 19 нафари Туркманистон республикасидан давлат шартномаси асосида келиб ўқимоқда. Жорий ўқув йили давомида институтимиз талабалари сони 1 минг 50 нафарга етказилиши кўзда тутилган. Ҳозирда филиалда мавжуд ўқув бинолари қуввати, моддий-техника базаси ва аудитория фонди, кадрларга бўлган буюртмачилар талабларидан келиб чиққан ҳолда профессор-ўқитувчилар салоҳиятини ҳам ошириш зарурати бор. Зотан, ўтган давр мобайнида уларнинг сони 19 нафардан 160 нафаргача ошди.
Илмий салоҳият ҳақида гап борганда, 2017-2020 йиллар давомида филиалимиз профессор-ўқитувчиларидан 3 нафари фан доктори (DSc), 7 нафари фалсафа доктори (PhD) диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилишиб, тегишли илмий даражаларини олдилар. Охирги уч йилда профессор-ўқитувчиларимиз томонидан 15 та дарслик, 49 та ўқув қўлланма ва 45 та монография нашр эттирилди. Шунингдек, 14 та ихтиролик ишлари учун патент ҳамда дастурий таъминот учун 25 муаллифлик гувоҳномалари олинди. Иқтидорли талабалардан уч нафари Президент стипендианти, олти нафари Беруний номидаги, икки нафари Ислом Каримов номли давлат стипендиатлари ва бир нафар ёш истеъдод эгаси эса “Йил талабаси” танловининг ғолиби деган шарафга муносиб кўрилди. Олимпиада қатнашчилари, турли кўргазма ва танловлар ғолиблари институтда 51 нафарга етган. Филиалда талабалар “устоз-шогирд” тизими асосида ишлаб чиқариш корхоналарининг етакчи мутахассисларига бириктирилган ва барча амалиётлари бу корхоналарда бўлиши белгиланган. Мутаҳассислик кафедраларининг ҳозирда 23 та ишлаб чиқариш корхонасида филиали ташкил этилган бўлиб, талабаларнинг амалий машғулотлари бевосита ишлаб чиқариш корхоналарида олиб борилиши тизимли равишда йўлга қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 октябрдаги “Сув ресурсларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига мувофиқ 2019 йилда ихтисослик кафедраларининг “Аму-Бухоро ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги насос станциялари ва энергетика бошқармаси, унинг ҳузуридаги мелиоратив экспедиция, “Аму-Бухоро” машина каналидан фойдаланиш бошқармаси, унинг Олот ва Қизилтепа туманлари бўлимлари, вилоят Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси, «Ўздаверлойиҳа» давлат илмий-лойиҳа институти ҳудудий бўлинмаси каби ишлаб чиқариш ташкилотлари негизида 11 та ихтисослаштирилган синфлар ташкил этилди.
Филиалда хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик самарали йўлга қўйилган. Ўзаро академик алмашинув ва ўқув, услубий, шунингдек, илмий тадқиқот борасида 14 та хорижий олий таълим даргоҳи билан яқин ҳамкорлик алоқалар ўрнатилган. Жумладан, АҚШ нинг Шимолий Дакота давлат университети ва Вашингтон университетлари, Германиянинг Халле Ветенберг университети, Россия Федерациясининг К.А.Тимирязов номидаги давлат аграр университети ва бошқа олийгоҳлари, Хорватиянинг Загреб университети, Франциянинг Градинян Бордо: Агрономия ва қишлоқ хўжалиги фанлари олийгоҳи (AGROSUB Bordeaux France), Исроилнинг Холон технология институтларини санаб ўтиш мумкин. Ҳозиргача филиалнинг ўндан ортиқ профессор-ўқитувчилари Россия Федерацияси, Белоруссия, Германия ва Туркия давлатларида малака ошириб, стажировкада бўлишиб, илмий анжуманларда қатнашдилар. Ўзаро хамкорлик келишуви доирасида 2019 йилдан бошлаб Россиянинг Курск Давлат кишлок хўжалик академияси профессор-ўқитувчилари томонидан ва Белоруссия давлат аграр техника университети профессор-ўқитувчилари томонидан тизимли равишда On-line тарзда маърузалар ташкил этилиб келинмоқда. Япониянинг Нагоя университети ва Қозоғистоннинг Мухтор Авезов номидаги давлат университетлари, Тожикистон қишлоқ хўжалиги академияси билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.
Жорий йил бошидан ўтказиб келинаётган музокаралар ва танлов натижаларига кўра, қишлоқ хўжалигида олиб борилаётган тадқиқот ишларини мувофиқлаштириш мақсадида умумий қиймати 40 минг АҚш доллари миқдоридаги грант маблағига ТИҚХММИ Бухоро филиали ҳам муносиб деб топилгани катта ютуқ, албатта. Олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, 1 минг 500 нафардан ортиқ битирувчи ёш мутахассисларимиз республика ҳамда вилоятимизнинг турли ижтимоий-иқтисодий тармоқларида масъул вазифаларда, раҳбар лавозимларида фаолият юритмоқда. Институт моддий-техник имкониятларига тўхталсак, ахборот ресурс маркази замонавий типда қурилган бўлиб, талаб даражасида жихозланган ва 260 ўринли ўқув залидан иборат. Унда 22 мингдан ортиқ ўқув, илмий, бадиий адабиёт ҳамда турли журналлар фондига эга. Талабалар интеллектуал салоҳиятини, билимини, маънавий-ахлоқий эҳтиёжларини қондириш учун етарли шарт-шароит яратилган.
Филиалда ҳозирда ярим гектарда иссиқхона, 1 та техник сервис кўрсатиш ўқув-лабораторияси, қишлоқ хўжалиги ва мелиорация машиналари учун технопарк ташкил этилган. Шу йил якунигача филиалда очиқ ва ёпиқ спорт мажмуасини қуриб битказиб, фойдаланишга топшириш кўзда тутилган. Филиалда 400 нафар талабага мўлжалланган 3 та талабалар турар жойи мавжуд бўлиб, бу ерда талабаларнинг дарс тайёрлаши, дам олиши, спорт билан шуғулланиши учун етарли шарт-шароит ҳозирланган. Қолаверса, филиалда жами 60 та тўгарак фаолияти йўлга қўйилгани ҳам эътиборга молик. Жумладан, маънавий-маърифий йўналишда 12 та, касбга йўналтириш бўйича 2 та, филиал спорт клуби ҳузурида 16 та, 30 та фан тўгараги фаолият юритмоқда. Ҳозирги кунда филиал 16 та бакалавр таълим йўналишининг кундузги шаклида, 6 та таълим йўналишининг сиртқи шаклида ва 9 та магистратура мутахассислиги ҳамда 2 та ихтисослик бўйича таянч докторантурада юқори малакали мутахассис ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаётган динамик жиҳатдан ривожланиб борувчи минтақавий олий таълим муассасаси ҳисобланади.
Нусрат Муродов,
Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг Бухоро филиали директори