Ҳеч кимни четда қолдирмай
Ҳар бир давр ўзининг муаммолари билан ажралиб туради. Уларни бартараф этишда мамлакатлараро ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик, бирдамлик ва муштарак мақсадлар муҳим роль ўйнайди. Бугунги глобаллашув даврида бутун дунё эътибори қаратилган оламшумул муаммолардан бири сув ресурслари ҳолати ва улардан оқилона фойдаланишдир.
21 май куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бутун дунё аҳамиятига молик 2019 йилда сув ресурслари ҳолатига бағишланган “Ҳеч кимни четда қолдирмай” мавзуидаги тақдимот анжумани ташкил этилди.
Тадбир ташкилотчилари ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ЮНЕСКОнинг ТИҚХММИ қошидаги “Сув дипломатияси, сув ресурсларини бошқариш ва атроф-муҳит муҳофазаси” кафедрасидир.
Тақдимот маросимини институт ректори, профессор Ў.Умурзаков кириш сўзи билан очиб бошқариб борди.
Тадбирда БМТнинг Ўзбекистон Республикасидаги доимий координатори Хелена Фрейзер, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги Бош ваколатхонаси раҳбари Фуад Пашаев, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Равшан Мамутовлар мавзу юзасидан чиқиш қилдилар. Шунингдек, тадбирда хорижий мамлакатлар ваколатхоналарининг вакиллари ва нуфузли ташкилотларнинг йирик мутахассислари иштирок этишди.
Ректор кириш нутқида “Бугунги кунда сув жамиятнинг иқтисодий-ижтимоий, экологик равнақини белгилаб берувчи асосий омил экани, катта ҳудудлар, хусусан, бу бевосита Марказий Осиёга ҳам тегишли эканини эътироф эта туриб, кун сайин жаҳонда сув ресурслари билан боғлиқ жараён ёмонлашаётганини ҳам таассуф билан қайд этиб ўтдилар. Маълумки, сувдан фойдаланишнинг тобора орта бориши иқлимнинг глобал ўзгариши билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, бу эса ўз навбатида сув тақчиллиги ва танқислиги масаласини келтириб чиқариши аниқ.
Расмий маълумотларга кўра, дунёда 2, 4 миллиард одам сувдан фойдаланишда талаб даражасидаги санитария ҳолатига эга эмас. 1 миллиарддан кўпроқ киши хавфсиз ичимлик суви ичиш имкониятидан маҳрумдир. Бу эса ўз навбатида 250 миллион кишининг касалланишига сабаб бўлиб, улардан 5 миллионини ўлим хавфи кутаётгани сир эмас. Ачинарлиси шуки, 20 фоиз суғорилган ҳудудларнинг шўрланганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.
Ушбу умумжаҳон аҳамиятига эга бўлган тадбир 2019 йил 19 март куни Женевада Миллатлар саройида инсон ҳуқуқлари бўйича Маслаҳат кенгаши доирасида расмий тасдиқланган сув ресурслари ҳақидаги умумжаҳон ахборот хатидан келиб чиқадиган асосий хулосаларни етказишга қаратилгандир.
Ушбу ҳужжат сув ресурслари ҳолати ҳақидаги БМТнинг етакчи ҳужжати ҳисобланади. Бу кенгқамровли ҳужжатда чучук сув ресурсларининг умумий ҳолати, улардан фойдаланиш ва бошқариш ҳақидаги маълумотлар ўз аксини топган.
БМТнинг сув ресурслари ҳолати тўғрисидаги маърузаси кенгқамровли шарҳ бўлиб, сув ресурсларининг ҳолати, уларни бошқариш ҳам улардан фойдаланиш бўйича умумий тасаввурларни беради. Маъруза сув ресурслари соҳасида барқарор сиёсат воситаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш юзасидан қарор қабул қилувчи масъул шахсларга йўналтирилган бўлиб ҳар йили сув ресурслари билан боғланган ҳар хил йўсиндаги муаммоларга бағишланади.
Бу йилги маърузада кўрсатилишича, сув ресурсларидан фойдаланишдаги турли муаммолар инсоннинг хавфсиз ичимлик суви ва санитария ҳолатига эришишига йўналтирилган ва пировард натижада барқарор тараққиёт (Кун тартиби-2030)га эришишни таъминлаш йўлидаги тавсияларни ўз ичига олган.
Бу масалада сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш, хавфсиз ичимлик суви ва санитария шароитига эришишни таъминлаш, дунёда қашшоқликнинг олдини олиш, тинч ва яшнаётган жамиятни яратиш ва бу йўлда ҳеч кимни эътибордан соқит қилмаслик барқарор тараққиётга элтувчи йўлдир.
Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов