Ўзбекистон ва Венгрия ректорлари форуми
Мажористон (Венгрия) билан Ўзбекистонни қадимдан кўплаб ришталар боғлаб туради. Ҳерман Вамберининг ўлкамизга ташрифи ва кўплаб мумтоз асарлар, фольклор намуналарини хорижда чоп этилиши унинг саъйи ҳаракати билан боғлиқлиги маълум. Эндиликда олий таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши тасодифий ҳодиса эмас. Барқарор ривожланишда муштарак истакларини амалга оширувчи майдон қайта пайдо бўлгани қувонарли ва ҳар томонлама манфаатлидир. 2021 йил 21-23 июнь кунлари Ўзбекистон-Венгрия олий таълим муассасалари ректорлари биринчи форумининг ташкил этилиши худди шу маънода муҳим аҳамиятга молик.
Ушбу тадбир 16 июнь куни муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган, олий таълим тизимидаги устувор вазифаларга бағишланган, олий таълимни ислоҳ қилиш йўлида ўтказилган видеоселекторда кўтарилган масалаларга ҳамоҳанг бўлаётгани эътиборга молик. Президент барча куч ва ресурслар таълимдаги тўртта устувор вазифага қаратилганини таъкидлади. Мазкур форум ҳам таълим тизимининг худди шу муаммоларига жавоб тариқасида бўлишига шубҳа йўқ. Венгрия ташқи ишлар ва савдо вазирлигининг Дипломатик академия ва “Stipendium Hungaricum” дастури бўйича давлат секретари Др. Оршоля Пачай-Томасич бошчилигидаги Венгрия ректорлари конференцияси делегациясининг ташрифи республикамиз таълим тизимидаги бир қатор ютуқларга сабаб бўлиши аниқ.
Кўзланган асосий мақсад эса Ўзбекистон ва Венгрия ОТМлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва янада ривожлантиришдан иборатдир. Форумнинг вазифалари Ўзбекистон ва Венгрия ОТМлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандумларини имзолаш, улар ўртасида ўзаро таълим, илмий ва инновацион ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш ва келишувларга эришиш каби муҳим масалаларни ўз ичига олган эди. Венгрия томонидан форумда давлат котиби, ректорлар конференцияси раиси, 21та ОТМ раҳбарлари, Ўзбекистон томонидан эса Олий ва ўрта махсус таълим вазири, Республика Олий таълим Кенгаши раиси, республика доирасидаги 50 га яқин ОТМ раҳбарлари иштирок этдилар.
Форум аввалида Республика Олий таълим кенгаши раиси, ТИҚХММИ ректори Умурзаков Ўктам Пардаевич, Олий ва ўрта махсус таълим вазири Тошқулов Абдуқодир Ҳамидович, Венгрия Ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазирлигининг Венгрия дипломатия академияси ва “Stipendium Hungaricum” таълим дастури масалалари бўйича давлат котиби Орсоё Пацаи-Томашичлар ўзларининг қутлов сўзларини билдиришди.
Сўнгра ялпи мажлис маърузалари бошланди. Венгрия ректорлари Конференцияси раиси, Этвёш Лоранд университети ректори Ласло БОРХИ “Венгрияда олий таълим: тизим фаолияти, ўзига хосликлари, ютуқлар ва муаммолар. Олий таълим соҳасидаги Венгрия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари”, Фарғона политехника институти ректори Саломов Ўктам Раҳимович “Ўзбекистонда олий таълимни ривожланишининг устувор йўналишлари. Ислоҳотлар натижалари, муаммо ва истиқбол”, Венгрия ректорлари конференцияси Бош котиби Золтан Дубецин “Ўзбекистон-Венгрия ОТМларининг икки томонлама алоқаларни йўлга қўйиш имкониятлари” мавзуларида маърузалари билан чиқдилар.
Сўнгра икки томонлама ҳужжатлар имзолаш маросими ўтказилди.
Венгрия ва Ўзбекистоннинг 8 та ОТМлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандумлари имзоланди. Форум куннинг иккинчи ярмида форум қатнашчилари тўртта шўъбада қуйидаги муҳим масалаларни муҳокама қилдилар ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқдилар.
Форум жараёни қуйидаги шўъбалар асосида олиб борилади.
- Олий таълимда кредит-модул тизими; афзаллик ва мураккабликлар.
- Профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш ва қайта тайёрлашнинг самарали тизими;
- Таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси;
- Талабалар алмашинуви, стажировкаси, грантлар ажратиш ва халқаро ҳамкорликнинг бошқа имкониятлари;
Форум якунида муҳокамалар натижалари бўйича ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари ва ҳамкорликдаги ҳаракатлар юзасидан келишувга эришилди.
ТИҚХММИ матбуот хизмати