Илҳом чашмасидан томар томчилар
Саҳрода дарахт гулламаслиги, мева бермаслиги аён. Истеъдод учун ҳам маънавий муҳит, яратилган шароит ва имтиёзларнинг ўрни жуда муҳимдир. Инсоннинг ижодкор, истеъдодли, инноватор, яъни, янгиликка ўч бўлиши унинг юрт тараққиётига, ватан тақдирига бефарқ эмаслигини англатади. Бунинг учун таълим ва тарбиянинг турли усул ва услубларидан фойдаланиш, ёшларни маънавий жиҳатдан руҳлантира олиш ҳам чинакам маърифатпарварлик, ватанпарварликдир. Маънавият ва маърифат қўш қанот бўлиб у мўъжизавий куч КИТОБ билан озиқланади. Китобхон омма онг-у тафаккури, кенг дунёқараши билан доимо ажралиб туради. Шунинг учун ҳам оммавий китобхонликка чорлаш борасидаги Президентимиз ҳаракати чинакам маънавий жасоратдир. Китоб ўқимаган одамнинг ҳам, миллатнинг ҳам келажаги бўлмаслигини эътироф этган давлатимиз раҳбари шу хусусда махсус фармойиш ва қарор қабул қилгани ҳам рост.
Талаба ёшлар қалбида китобга бўлган меҳрни уйғотишда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Журналистлар ижодий уюшмасининг роли катта. Инсон қалбига йўл таълим ва тарбиядан бошланадиган бўлса, таълим-тарбияга йўл эса китоб мутоааласи орқалидир. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раислигида 2019 йил 19 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича 5 муҳим ташаббусдан келиб чиққан ҳолда, таълим-тарбия борасидаги ишларни тубдан такомиллаштириш, шу асосда талаба-ёшларнинг мафкуравий иммунитетини кучайтириш Концепциясида 5 та муҳим ташаббусининг “Тўртинчи ташаббуси”да ёшлар маданиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш масалалари назарда тутилган.
Мазкур Концепцияда белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, талабаларни бўш вақтини мазмунли ўтказиш, ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини юксалтириш, фарзандларимизнинг интеллектуал салоҳияти, адабий - бадиий савиясини ошириш муҳим масаладир. Худди шу мақсадда ТИҚХММИ, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси ҳамда “Нотиқлик санъати академияси” таълим муассасаси ҳамкорликда жорий йилнинг 20 ноябрь куни соат 13:00.да китобхонлик маданиятини кенг жорий этиш, институтимиз талабалари билан ёзувчи ва шоирларнинг ижодий мулоқоти ташкил этилди. Ижодий мулоқот Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонанинг катта залида ҳамкорликда ташкил этилди. Айни пайтда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти талабалар ўртасида таниқли шоирлар, ёзувчилар иштирокида ногуманитар таълим тизимида илк бор ижодкор талаба-ёшларнинг “Илҳом булоқлари” тўпламининг тақдимоти ҳам ўтказилди. Унда 21 та талабанинг ижод намуналари ўрин олган бўлиб истеъдод учқунларининг талант алангасига айланишини кузатишга шоҳид бўлиш мумкин. Китобни мутолаа қилиш асносида худди шу фикрга келиш мумкин.
Маърифий тадбир ёзувчи ва шоирлар билан адабий-бадиий мазмундаги ижодий мулоқотга айланиб кетди. Тадбирни ТИҚХММИ ректори, профессор Ўктам Умурзаков ўзларининг кириш сўзлари билан очиб бердилар. Сўнгра Ўзбекистон Ёзувчилар ушмасининг раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййидга сўз берилди. У ижод машаққати ҳақида гапирар экан, ижоднинг дам завқ-шавқли, дам изтироб иддаоси экани борасида сўз юритиб, талабаларнинг машқларидан таркиб топган бу тўплам ижод майдонига қадам қўйган ҳаваскор шоирларнинг шойиста ёрлиғи эканини уқтирди.
Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмасининг раиси, шоир, публицист Саъдулла Ҳаким ўз сўзида “Илҳом булоқлари” тўпламининг яратилиши хайрли ва маърифий мақсаднинг нишонаси эканини эътироф этиб ўзлари ёзган “Ватан байроғи” деб номланган шеърини ўқиб бердилар. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги номидан вазир ўринбосари Узоқбой Бегимқулов таълим муассасамизнинг халқаро майдондаги нуфузи ва мавқеи тобора ошиб бораётганини таъкидлади. Бу институтда йўлга қўйилган тизимлилик, ташаббускорлик ва ташкилотчиликнинг самараси эканини қайд этди. Айниқса, меҳнат фахрийси 91 ёшни қаршилаб, оқлаган ва ҳақлаган устоз, академик Оқил Умурзакович Салимовнинг маслаҳат ва йўл-йўриқлари алоҳида аҳамият касб этгани рост. Улар илмга интилиб барака топиш мумкинлигини айтди. Тақдир яратгандан, тадбир бандадан деган ҳикматнинг моҳиятини ўз умри ва фаолиятида ҳис этиб, амин бўлгани борасида сўзлаб, заҳмат чекмагунча раҳмат эшитилмаслигини эътироф этдилар. Ректоримизнинг бугунги кундаги жўшқин фаолияти таҳсинга арзигулик эканини алоҳида таъкидладилар.
Тадбирда бугунги кунда қизғин ижодий фаолияти билан кенг жамоатчиликка ибрат бўлиб келаётган шоир ва ёзувчилардан Нодир Жонузоқ, Рустам Мусурмон, Ғайрат Мажид, Фахриддин Ҳайит, Адҳамбек Алимбеков ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан бошқарма бошлиғи Отабек Бозоровларнинг иштироки ҳамда “Ўзбекистон - 24” телеканали томонидан ёритилиши ушбу тадбирнинг салмоғи кенг ва аҳамияти катта эканини билдиради. “Бундай тадбирларнинг мунтазам равишда ташкил этилиши ноанъанавий шаклдаги, таъсирчан таълимий дарс ўрнида қимматлидир”, - деди тадбир ташкилотчиларидан институтнинг Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Рузимурот Чориев.
Китобга шеърлари киритилган ижодкор талабалардан Сарвиноз Холованинг миннатдорлик изҳорлари ва барча талабалар номидан билдирган истаклари эътиборга молик бўлди. Шунингдек, институтимизнинг “Гуманитар фанлар” кафедрасининг профессори, тарих фанлари доктори, иқтидорли ҳофиз Ҳожиакбар Ҳамидовнинг бир жуфт дилтортар таронаси кўпчиликка маъқул келди. Тадбир ниҳоясида Шоир Сирожиддин Саййид мажмуадан жой олган 21 та талабани уюшманинг эсдалик совғалари билан тақдирлади. Келгусида ҳам ушбу ҳамкорлик бардавом бўлишига ишонч ҳосил қилинди.
Институт матбуот хизмати раҳбари Раҳимбой Жуманиёзов