Коррупция - жамият коррозияси ва эрозияси
"Коррупцияга қарши кураш борасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг асосий йўналишлари" бугунги кунда долдарб мавзудир. Айни пайтда жамиятнинг оғриқли нуқтаси ҳам шундадир. Икки кун мобайнида институтимизнинг барча факультетлари профессор ўқитувчилари билан ўтказилаётан тадбирда худди шу масалага эътибор қаратилган. Президентимиз "Коррупция жамият ривожига ғов бўлаётган бало, иллат" эканини эслатарканлар, бу мудҳиш иллатни қандай йўл билан илдизларини қуритиш мумкинлиги борасида ҳаммамизга топшириқ ва таклифлар бераётганлари ҳам масаланинг жиддийлигини, бу жамиятимиз учун катта хавф эканлигини билдиради.
23 январь куни тушгача “Сув хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш”, “Ер ресурсларини бошқариш”, “Гидротехника қурилиши” факультетлари, тушдан кейин эса “Гидромелиорация” ва “Гидромелиорация ишларини механизациялаш” факультетларининг ўқитувчилари билан ўтказилган тадбирни институтнинг ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Рузимурод Чориев бошқариб борди. Даставвал, юридик фанлар номзоди, доцент Гулнора Худойбердиева коррупция тўғрисидаги қонун ва дастур талабларидан келиб чиққан ҳолда, тақдимот дастури орқали маъруза қилди. Коррупция сўзининг маъноси, унинг келиб чиқиш тарихи ва жазолаш услублари ҳақида муфассал маълумот берди. Сўнгра Ойбек ака Орифжоновнинг видеоролик билан билдирган мулоҳазалари кўпчиликнинг эътиборини тортди.
Маълумки, 18 январь куни Бош прокуратурада бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев раислигида Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссиясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтганди. Видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилишда олий таълим соҳасида коррупцияга қарши курашиш аҳволи ва қонунийликни таъминлашга доир масалалар муҳокама қилинганди. Бош прокурор ўз маърузасида олий таълим соҳасида коррупция тарқалган йўналишларни санаб ўтди. Жумладан, коррупция ҳолатлари, асосан, талабалик сафига қабул қилиш, ўқиш жараёнида топшириладиган турли синовлар, талабаларнинг битирув малакавий иши ёки магистрлик диссертациясини тайёрлаш ва ҳимоя қилиш, магистратурага қабул, шунингдек, талабаларнинг ўқиш жойини кўчириш, ўқиш йўналишини ўзгартириш ҳамда ўқишга қайта тиклашда коррупция ҳолатлари кузатилаётганлиги қайд этилди.
Йиғилишда сўнгги икки йилда тизимдаги 326 нафар ходим таълим жараёни билан боғлиқ жиноятлари учун жавобгарликка тортилганлиги, уларнинг 220 нафари коллеж ва лицейларга, 106 нафари олий ўқув юртларига тўғри келиши танқид остига олинди. Институт ва университетларнинг жиноят содир этган ходимларидан 3 нафарини ректорлар, 5 нафарини проректорлар, 15 нафарини декан ва декан ўринбосарлари, 62 нафарини ўқитувчилар ташкил этади. Коллеж ва лицейларда эса, 34 нафар директор, 31 нафар директор ўринбосари, 94 нафар ўқитувчи жиноятга қўл урган. Ушбу фактлардан хулоса қилиш асносида институтимиз профессор-ўқитувчилари ўз мулоҳазаларини билдиришди. Бу борада профессор Қ. Назаров, академик Ш. Йўлдошевлар, профессор С. Вафоевлар ўз мулоҳазалари билан фаоллик кўрсатишди. Хуллас, жамиятнинг чиришига, емирилишига юз тутадиган эрозияга ўхшаш бу иллатни таг томири билан қирқиб ташлаш кераклиги тадбирда қайта-қайта эслатилди.
Институт матбуот хизмати раҳбари Раҳимбой Жуманиёзов