Маҳаллалар билан ҳамкорлик. Ёшлар бандлиги ва ижтимоий фаоллик масалалари.
Бугун Мирзо Улуғбек туманидаги “Асака” маҳалласида “Ёшларнинг бандлиги ва ижтимоий фаоллик масалалари” мавзусида маҳалла фаоллари билан давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг бир гуруҳ профессор-ўқитувчилари, жумладан Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор Т.Султонов, “Ер ресурсларини бошқариш” факультети декани Ш.Нарбаев, “Ердан фойдаланиш” кафедраси мудири А.Алтиев, Ёшлар билан ишлаш бўйича декан муовини Ҳ.Эшова, “Ердан фойдаланиш” кафедраси катта ўқитувчиси З.Ҳафизовалар иштирок этишди. Тадбирда профессор Абдрашид Алтиев маъруза қилди. Давлатимиз томонидан фуқаролар манфаатидан келиб чиқиб, мулкчилик шаклидан қатъи назар, хоҳ у давлат ташкилоти бўлсин, хоҳ у хусусий тадбиркорлик субъекти ёки оилавий бизнес бўлсин, меҳнат қилишига тенг шароит муҳайё этилган.
Маҳаллаларда бандлик масаласини ҳал этиш учун, энг аввало, аҳолининг асосий қисмини тадбиркорлик фаолиятига қизиқтириш, уларни молиявий қўллаб - қувватлаш ҳамда ёшларни касбга ўргатиш зарур. Қолаверса, ёшларнинг билим даражасини ошириш, уларни билим олишга ва касбга йўналтириш, бозор муносабатларига хос “муносиб иш шароитларни барпо этиб”, уларни “ишга чорлаш”, “ишга жалб этиш” иқтисодий механизмининг жорий қилиниши мақсадга мувофиқдир. Бу аҳолини, айниқса, ёш мутахассислар бандлигини таъминлаш, ижтимоий фаоллигини ошириш учун катта имкониятдир. Давра суҳбатида мавзу доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда бугунги куннинг долзарб муаммолари ҳақида суҳбат ўтказилди. Тадбир жуда қизиқарли ва мароқли савол - жавобларга бой тарзда бўлиб ўтди.
ЕРБ факултети Ёшлар билан ишлаш бўйича декан муовини Ҳуррият Эшова ахбороти
ТИҚХММИ матбуот хизмати