«Гендер тенглик» мавзусидаги масофавий семинар тренинг

Жорий йилниг 22 майида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида «Гендер тенглик» мавзусида семинар тренинг бўлиб ўтди. Ушбу йиғилишда «Гуманитар фанлар» кафедрасининг доценти Г. Худайбердиева маъруза қилдилар. Г.Худайбердиева ўз маърузасида Гендер тенгликни таъминлаш масаласи дунё бўйлаб муҳим аҳамиятга эга эканлигини, БМТ томонидан қабул қилинган ҳужжатларда, хусусан, 2015 йил қабул қилинган 70-сонли резолюцияда бу ўз ифодасини топганлиги, БМТ Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш мақсадида мамлакатимизда “Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалари” қабул қилинган ва Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги 5-мақсад – “Гендер тенгликни таъминлаш ва барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш” тўғрисида муфассал маълумот бериб ўтди.

“Гендер” тушунчасига таъриф берилди. Унга кўра, гендер – хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги муносабатларнинг жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида, шу жумладан, сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, мафкура ва маданият, таълим, илм-фан соҳаларида намоён бўладиган ижтимоий жиҳат ҳисобланиши таъкидланди. Гендер – ижтимоий жинс деган тушунчани беради ва уларнинг тенглигини эътироф этади. Гендер — аёл ва эркак муносабатларининг мажмуини ташкил этади ва у ривожланиш жараёнининг барча босқичларида: оилада, жамиятда, таълимда, сиёсатда намоён бўлади. Жинс – аёл ва эркакнинг биологик фарқланишини билдиради. Ҳозирги замон гендер тенглигини таъминлаш мақсадида бир жинс вакилларининг бошқарувда 60 % дан ошмаслигини назарда тутади. Шу хусусда проф.Исмаилова З.К., доцент Мукумова Д. ва Р.Кадировалар ўз мулоҳазаларини билдириб ўтишди. Барча аёлларимиз фаол катнашиб ўзларига керакли бўлган маълумотларни олишди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, бугунги кунда гендер тенгликни таъминлаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илғор қадамларидан бири саналади. Янги қонун бунинг яққол далили бўлиб, келгусида мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга ҳисса қўшадиган тарихий ҳужжат бўлди. Институтимизда ҳар ҳафта мунтазам равишда ўтказиб туриладиган бундай йўсиндаги виртуал тадбирлар педагоглар жамоасида фаолликни янада кучайтираётгани сир эмас.

Зулфия Ҳафизова ТИҚХММИ хотин-қизлар кенгаши раиси

ТИҚХММИ матбуот хизмати