Институт ҳисоботи – ютуқ ва камчиликлар исботи
Сарҳисоб қилишнинг моҳияти шундаки, эришилган иш ва таълим жараёнида ютуқ ва йўл қўйилган камчиликларнинг таҳлили, сабаб ва мақсадлар ўзининг рўйи рост ифодасини топади. Жорий йилнинг 23 октябрь куни ректоримизнинг институтдаги қизғин жараён бўйича ҳисоботи тингланди. Умурзаков Ўктам Пардаевич институт раҳбари сифатида иш бошлаганларини назарда тутган ҳолда, ўз маърузаларини 500 кунлик ҳисобот ўрнида қабул қилишларини таъкидлаб ўтдилар.
Танқидий ва таҳлилий тарзда ўтган ушбу ҳисобот - ҳаракатлар исботи сифатида ўзаро самимият ва мақсадлар муштараклиги руҳида ташкил этилди. Ректор 2017-2018 ўқув йилида эришилган натижалар, бу борада юзага келган муаммоларимиз ва 2018-2019 ўқув йилида кўндаланг турган вазифалар, келгуси фаолиятимиз учун долзарб бўлиб турган бир неча масалалар бўйича суҳбатлашиш, фикр алмашиш зарурати замон тақозоси, глобаллашув даври, инновацион ғоялар талаби экани уқтириб ўтдилар. Сўнгра Олий таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар ва Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг 2017-2030 йилларда ривожлантириш Концепциясида белгиланган асосий вазифаларнинг бажарилиши тўғрисида қисқача тўхталиб қуйидагиларни қайд этдилар.
Ўзбекистонда сўнгги 2 йил мобайнида барча соҳаларда бўлгани каби Олий таълим тизимида ҳам улкан ислоҳотлар бошланди ва изчиллик билан давом эттирилмоқда. 2018 йилда ҳам бу йўналишда бир қатор Фармон ва Қарорлар қабул қилинди. Шулар қатори Президентимизнинг биз учун энг муҳим бўлган 2018 йил 8 майдаги “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида олий маълумотли кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 3702-сонли қарорида қишлоқ ва сув хўжалигида юқори малакали кадрларни тайёрлаш бўйича устувор вазифалар белгиланди.
Бунинг ижроси бўйича ишлар жадал суръатда олиб борилаётгани қувонарлидир. Олий таълим билан боғлиқ ислоҳатларнинг яна бир қувонарли томони шундаки, 2 йилдан буён Президентимизнинг қатъий позицияси, талаби асосида узоқ йиллар давом этган нохуш анъанага барҳам бериб, талабаликка қабул жараёнини ҳалол, шаффоф ва адолатли ўтказишни ташкил этилганидир. Бу албатта, малакали ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш йўлида ташланган дадил ва қутлуғ қадамдир. Бундай ўта масъулиятли вазифа, яъни 2018-2019 ўқув йилига талабаларни қабул қилиш институтимизда ҳам бу йил ДТМ томонидан адолатли, шаффофлик тўлиқ таъминланган ҳолда ташкил этилди.
Натижалар ёмон эмас. Жорий ўқув йилида бакалавриатга 960 нафар 1 курс кундузги ва 353 нафар сиртқи таълим шаклига талабалар ўқишга қабул қилинди. Худди шунингдек, магистратура таълимида ҳам икки йилдан бўён энг билимли магистрантлар таҳсил олаётгани сир эмас. Бу ўз навбатида институтда таълим сифатини ошириш, рақобатбардош, малакали кадрлар тайёрлаш йўлидаги муҳим ва мустаҳкам қадам бўлишига шубҳа йўқ. Сўнгра ректоримиз эришилган натижалар ва мавжуд муаммоларни бирма-бир қайд этиб, уларнинг сабабларини изоҳладилар.
Институт ўқув жараёнини замонавий ахборот-коммуникация технология воситалари билан жиҳозлаш, жаҳон таълим ресурсларидан фойдаланиш имкониятини яратиш, таълим жараёнига муносабатни ўзгартириш, дарс ўтиш сифатини яхшилаш, талабни ошириш ва ўқув жараёнида инновацион муҳитни яратиш олдда турган асосий мақсадлардан бири эди.
Бунинг учун институт ўқув жараёнини замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан тўлиқ таъминлаш мақсадида нуфузли хорижий университетлар аналогида “Ақлли (Smart) университет” яъни рақамли университетни яратиш платформаси ишлаб чиқилди. Ҳозирда ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича молиявий манбалари изланмоқда ва барча имкониятлар сафарбар қилинган.
Олдинги дарс ўтиш услуби энди эскирди. Глобаллашув замонининг ўзи буни тасдиқламоқда. Машҳур файласуф ва педагог Джон Дьюи бежиз ушбу фикрни келтирмаганлар: “Биз бугун ўқитишни кечагидек давом эттирсак, фарзандларимизни келажагидан маҳрум қилган бўламиз”.
Ҳозирги ёшлар Z авлоди деб номланади, яъни улар мутлақо бошқа технологик муҳитда вояга етган. Буни тушунишимиз ва қабул қилишимиз керак! Бу авлод вакилларини ҳозиргача ҳали маълум бўлмаган, мутлақо янги фаолият турлари кутмоқда.
Улар аксарият вақтини компьютер билан ўтказмоқда. Шунинг учун уларни ўқитиш учун янги илм фаннинг энг охирги натижаларига асосланган бошқа услублардан фойдаланиш зарур. Савол туғилади. Хўш, биз бу шароитда маъруза , китоб, ва бошқа анъаналардан воз кечишимиз керакми? Йўқ, албатта. Чунки муаллим (устоз)дан улар нафақат билим, шунингдек методик кўникмаларни, касбий этика нормаларни ҳам олади.
Услуб албатта керак, лекин мазмунга кўпроқ эътибор қаратинг. Минг афсус ҳалигача маъруза дарсларида талабаларга мавзу мазмунини диктант қилиб конспект ёздирадиган ўқитувчиларимиз ҳам бор ва ўз навбатида шу конспекти асосида талабани билимини баҳолайди.
Ректор маърузасида келтирилган ушбу мулоҳаза тагдор мазмун ва даъватга эга бўлди. “Сиз дарсни шундай ўтинг-ки, агар талаба шу дарсга келмаса, ўзлаштираолмайдиган даражада бўлсин.” Аудиторияда мана шундай инновацион муҳитни яратиш керак. Талабани мустақил фикрлашга мажбур қилиш лозим. Шу ўринда буюк маърифатпарвар Томаз Алва Эдисоннинг “Цивилизациянинг буюк вазифаси оммани фикрлашга ўргатишдир”, - деган гапларини келтириш ва доимо ёдда тутиш жоиз.
Педагог кўп маълумотни билиши мумкин, назарий жиҳатдан пухта бўлиши ҳам мукин, лекин унда талаба онгига сингдира олиш уқуви бўлмаса, бари беҳуда.
Бундан ташқари лаборатория машғулотларини таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, айрим лаборатория асбоб ускуналари ва жиҳозлари эскирган, ҳаттоки мавжуд эмас ҳолатлари бор! Ректор аниқ рақамлар асосида лабораториялардаги мудҳиш ҳолатларни изоҳлаб ўтдилар. Дарснинг сифати кўп жиҳатдан мудирларга боғлиқ. Кафедрада таълим сифатини таъминлаш тизими яратилмас экан, кутилган натижа бўлмайди. Ҳар қандай омад ва муваффақиятнинг калити кадр танлашга боғлиқ.
Президентимизнинг 2018 йил 8 майдаги 3702-сонли қарорига асосан, ҳар бир мутахассис чиқарувчи кафедра янги қурилаётган иншоотларда амалиёт ўтказиш бўйича объектларини белгиланган эди. Жорий йилда амалиётлар талаб даражасида ташкил этишга ҳаракат қилинди, лекин барча талабалар амалиёт объектига тўлиқ етиб бормаганлиги ҳам сир эмас. Бунинг оқибатида, масалан амалиётга иштирок этмаган ҚХМ факультетининг 14 нафар талабаси, ГИМ факультетининг 5 нафар талабаси курсдан қолдирилди.
Жорий йилда Қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаси бўйича талабалар учун 2 марта халқаро “Ёзги мактаб” ташкил қилинди. Германия, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Афғонистон ва Россия Федерациясидан жами 39 нафар талабалар иштирок этишди. Бирлашган миллатлар ташкилотининг фан, таълим ва маданият масалалари бўйича ЮНЕСКО билан ҳамкорликда институтда Сув дипломатияси, сув манбаларини бошқаруви ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ЮНЕСКО кафедрасини таъсис этиш лойиҳаси ЮНЕСКО Бош қароргоҳи томонидан маъқулланди ва ЮНЕСКО кафедрасини ТИҚХММИда таъсис этиш бўйича рухсат берилди, яқин кунларда ЮНЕСКОнинг бош директори Одри Азуле билан шартномани расмий имзоланиши режалаштирилган.
Сирдарё вилоятида Ўзагротехсаноат холдинг АЖ ва “Mirzaobod universal trade cluster” (Бек Кластер) ҳамкорлигида кадрлар тайёрлашда таълим-фан-ишлаб чиқариш интеграциясини ташкил этиш белгиланган эди. Жорий ўқув йилида раҳбарият ташаббуси билан Гидромелиорация факультети Сув хўжалиги ва мелиорация таълим йўналиши, 2-босқич талабаларини ўқув жараёни давомида Сирдарё вилоятидаги ирригация ва мелиорация объектларига амалиёт ташкил қилинди.
Ташкилий масалалардаги қийинчиликларга қарамасдан, амалиёт даврида талабалар Сирдарё вилоятининг бир қатор туманларидаги каналлар ва фермер хўжаликлар томонидан қўлланилаётган сув тежамкор суғориш технологиялари жумладан,“Бек кластер” МЧЖ томонидан амалга оширилган иссиқхоналарда етиштирилаётган экинларни суғоришда қўлланилаётган агротехнология ва сув тежамкор технологиялар билан тўлиқ танишиш имкониятига эга бўлдилар. Бундан ташқари амалиёт даврида талабалар вилоятдаги Жанубий Мирзачўл магистрал канали ҳамда Дўстлик каналларида сув тақсимлаш, суғориш ва зах қочириш тармоқларидаги иншоотлар, Сардоба сув омбори шунингдек, Сирдарё насос станцияларининг иш фаолияти билан тўлиқ танишишди.
Ўйлайманки, талабалар амалиёт давомида соҳа бўйича объектлар билан яқиндан танишиши келгусида мутахассислик фанларидан бериладиган назарий билимларга пойдевор бўлиб хизмат қилади дейиш мумкин. Шунинг учун фан ва амалиёт ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш зарур. Бунда илмий тадқиқот ишлари натижаларининг сўнгги ютуқларини ўқув жараёнига татбиқ этиш ҳамда ўқув жараёнини ишлаб чиқариш билан чамбарчас боғлаган ҳолда ташкил этиш лозим. Институтда илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасида интеграцияни ривожлантириш, илмий тадқиқот ишларини натижаларини ишлаб чиқаришга жорий қилиш ва фермербоб ишланмаларни яратиш белгиланган эди.
“Афсуски, институтимизда бу борада олиб борилган ишлар кўнгилдагидек деб бўлмайди№,- дея ўз фикрида давом этди ректор - Кўплаб лойиҳалар амалга оширилишига қарамасдан, сув тежовчи янги технологиялар ёки фермербоб ишланмалар яратилиб, ишлаб чиқаришга қўлланилмаяпти. Давлат гранти асосида олинган илмий натижалар маблағга айланмаяпти. Бир сўз билан айтганда “инновация”нинг олтин қоидаси бажарилмаяпти десак ҳам тўғри бўлади.
Шунингдек, институт ректори ўз ҳисобот маърузасида инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан йил давомида эълон қилинаётган грантлар, илмий тадқиқот ишларининг самарадорлигини ошириш бўйича кафедраларда бажариладиган тадқиқот ишлари, институтда устоз-мураббийлар томонидан ахборот ва мураббийлик соатини юқори савияда тизимли амалга ошириш механизми, ижарада яшовчи талабаларни хонадон эгалари ва маҳалла йиғини раислари билан ҳам тизимли мулоқот ва алоқа ўрнатилиши, ўқув хоналарини проекторлар билан таъминланиши ва ахборот коммуникацион технологиялардан кенг фойдаланиш, 500 кун давомида эришилган ютуқлар, жумладан, икки ўқув йили давомида бакалавриат ва магистратура бўйича кетма-кет Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендиясига талабаларимиз сазовар бўлгани, икки ўқув йили давомида йилнинг энг яхши педагоги танловида республика ОТМлар орасида кетма-кет 1-ўринни, Республика ОТМлари рейтинги орасида институтимиз 3-ўринни эгаллагани, ўтган йили 14 та монография чоп этилган бўлса, жорий йилда 18 та монография нашр қилингани, ўтган йили 14 та ихтирога патент ва фойдали модел олинган бўлса, жорий йилда ушбу кўрсаткич 25 тани ташкил қилгани, ўтган йили 7 та диссертация ҳимоя қилинган бўлса, жорий йилда ушбу кўрсаткич 19 тани ташкил этгани, Ўрта Осиё Минтақавий экологик маркази (CAREC) билан биргаликда ТИҚХММИда “Инновациялар ва илмий тадқиқотлар кластери” ташкил этилгани, ЮНЕСКО Бош қароргоҳи томонидан институтда Сув дипломатияси, сув манбаларини бошқаруви ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ЮНЕСКО кафедрасини очишга рухсат берилгани, институтда “Китоб дунёси” дўкони ташкил этилгани ва сунъий қопламали спорт майдони фойдаланишга топширилгани, халқаро миқёсдаги 2 (иккита) йирик лойиҳа тайёрлангани, Ўзбекистон ва Россиянинг етакчи олий таълим муассасалари ташаббуси билан Тошкент шаҳрида шу йилнинг 18-19 октябрь кунлари биринчи маротаба «Ўзбекистон-Россия таълим форуми» доирасида эътиборга молик шартномалар тузилгани борасида сўзлаб ўтдилар.
“Бу ютуқлар олдимизга қўйилган катта стратегик вазифаларнинг дебочаси албатта,” - дея таъкидлади ректор. Шунингдек, Ў. Умурзаков Президентимизнинг қатор қарорларига асосан, институтда 10 та янги таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қуйилгани, битирувчиларни ишга жойлашув бўйича ва маркетинг масалалари, малака ошириш, масофавий таълим, АРМни бадиий ва илмий адабиётлар билан тўлдирилиши, журналларга обуна бўлиш, илмий – тадқиқот ишлари, халқаро ҳамкорлик, маънавий-маърифий ишлар, қурилиш ва таъмирлаш ишлари, моддий техник базани яхшилаш бўйича ва ходимларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб қувватлаш масалаларига ҳам тўхталиб ўзларининг конкрет таклифларини бердилар. Олдимизда турган вазифаларни аниқ баён этдилар.
Булар асосан қуйидагилардан иборат: “Ишлаб чиқаришдан илгариланган таълим бериш” моделига ўтиш, илғор хорижий тажрибаларни ва кадрлар истеъмолчиларининг талабини инобатга олиб Давлат таълим стандартлари, ўқув режа ва фан дастурларни такомиллаштириш, ўқув адабиётлар билан таъминлашда хорижий ҳамкорлар тажрибасидан кенг фойдаланиш, ўқув жараёнига хорижий мутахассисларни кўпроқ жалб қилиш ва таълим олувчи хорижий фуқароларнинг салмоғини ошириш, ўқув жараёнида замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари, замонавий ўқув-лабораториялари, соҳага оид дастурий таъминот маҳсулотлари ёрдамида таълим бериш технологияларини янгилаб бориш ва институтнинг барча биноларини оптик толали боғлаш тизимини яратиш, институтнинг халқаро рейтингини кўтариш, институтнинг барча фаолият йўналишлари сифатини ошириш, институтни бозор иқтисодиёти шароитида барқарор динамик ўсиш траекториясига олиб чиқиш, уни замонавий меҳнат бозорида рақобатбардош ва эҳтиёж юқори бўлган мутахассислар (битирувчилар) тайёрлаш билан ажралиб турадиган институтга айлантириш, фундаментал ва амалий илмий тадқиқотлар, шунингдек, инновацион фаолиятни ривожлантириш, жаҳон стандартларига мувофиқ мутахассислар тайёрлашни таъминлаш, илмий тадқиқотлар ўтказиш, таълим ва қўшимча хизматлар кўрсатиш, инновацион технологияларни ишлаб чиқиш ва ўқув жараёни, илм-фан, бошқарувга тадбиқ этиш, илмий ишларнинг натижаларини оммалаштириш, халқаро илмий республика илмий журналларида шунинг импакт факторга эга журналларда чоп этиш орқали иқтибосликлар сонини ошириш, бу борада ҳар бир ходимнинг рейтингини мониторингини юритиш, таълим–фан-ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш ишларини узлуксиз давом эттириш, кафедраларнинг халқаро илмий грантлар кўламини кенгайтириш, ишлаб-чиқариш, лойиҳа ва илмий муассасалардаги филиаллари фаолиятини яхшилаш, ёшлар қалбида миллий тафаккур ва соғлом дунёқараш асосларини мустаҳкамлаш, уларнинг онгли яшашга, ўз касбига содиқ бўлишга, иродали, фидойи ва ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялаш ва уларда лидерлик ҳиссиёти шакллантириш, институт биноларида капитал таъмирлаш ишларини йўл харитасида белгиланган муддатда амалга ошириш, муддати ўтган, маънавий ва жисмоний жиҳатдан яроқсиз бўлиб қолган лаборатория жиҳозларини ҳисобдан чиқариш ва институт ҳудудини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва шу каби ишларни мунтазам равишда олиб бориш, институт музейини ташкил этиш, халқаро ҳамкорликни кучайтириш каби масалаларга алоҳида тўхталиб бу борада зудлик билан йўл харитаси ишлаб чиқиш заруратини жамоа олдига кўндаланг қўйдилар. Танқидий ва таҳлилий, талаб ва талабчанлик, масъулият ва мажбурият руҳида ўтган ректоримиз ҳисоботи жамоа томонидан бирдек қабул қилинди ва маъқулланди.
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов