Ҳужжатли фильм тақдимотида

Маълумки, 2020 йилнинг март ойида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев пойтахтимизда ташкил этилган “Адиблар хиёбони”да илм-фан ва санъат вакиллари билан учрашиб мазкур маънавият маскани ўзида жам этган адиблар ижодини ўрганиш, ёш авлодни уларнинг асарлари руҳида тарбиялаш борасида қатор вазифаларни қўйган эдилар. Адиблар ижодини ўрганиш, уларнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида музей ташкил этиш ҳамда ҳужжатли фильм яратиш шулар жумласидандир.

Ушбу учрашувнинг самараси ўлароқ, Ўзбекистон Республикаси Админстрациясининг топшириғига кўра адиблар ижодини ўрганиш, тарғиб этиш ва оммалаштириш ишига олий таълим муассасалари бириктирилди. Айнан Абдулла Орипов шахсан муҳтарам Президентимиз таклифига биноан бизнинг институтимизга бириктирилди. Бу эса биз учун катта шараф, шу билан бирга улкан масъулият юклайди.

Ўтган бир ярим йил давомида институтимиз Абдулла Ориповга бағишлаб кўплаб тадбирларни амалга оширди. Институтимизда Абдулла Ориповнинг Ватанни мадҳ этувчи сара шеърлари китоб ҳолига келтирилиб чоп этилди, адиб номи билан аталувчи Ёшлар боғи ташкил этилди. Ректорат биносида музей ҳам ташкил қилиниб фойдаланишга топширилди. Шоирнинг оила аъзолари билан яқин алоқа ўрнатилиб талабаларимизнинг Қарши шаҳридаги адиб номидаги ижод мактаби ҳамда шоирнинг киндик қони тўкилган  Некўз қишлоғига ташрифлар амалга оширилди. Шу билан бирга адиблар хиёбонида профессор-ўқитувчилар, талабаларимиз томонидан 150 га яқин тадбирлар ташкил этилди. Амалга оширган энг муҳим ишларимиздан бири бу адиб ҳаёти ва ижоди ҳақидаги ҳужжатли фильм бўлди.

Бугун институтимизнинг катта мажлислар залида ўша фильмнинг премьераси бўлиб ўтди. “Халқ юраги” рукнида суратга олинган ҳужжатли фильмлардан бири сифатида бу алоҳида қийматга эга.  Мазкур фильм “СПЕКТР” студияси билан ҳамкорликда тайёрланиб истеъдодли режиссёр Фурқат Усмонов ҳамда оператор Давронбекларнинг  тинимсиз изланишларининг самараси ўлароқ, дунё юзини кўрди. Ушбу фильмни суратга олиниши жараёнида факультетларимиз профессор-ўқитувчилари ва талабалари ҳам кунни-кун, тунни-тун демай иштирок этишди. Шунингдек, Абдулла Ориповнинг замондошлари ва ҳамкасблари, энг асосий адибнинг оила аъзолари ҳам фильмни яхши чиқиши учун ўз меҳнатларини аямади.

Премьерада Улуғ шоирнинг рафиқаси Ҳанифа опа ва қизлари Шоирахонлар иштирок этишди. Шунингдек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзолари ва телевидение ходимлари қатнашишди. Ҳужжатли фильм Тошкент ва Қарши шаҳарлари, шунингдек, адиб туғилиб ўсган жой Косон тумани Некўз қишлоғида суратга олинган. Фильмда истеъдодли шоир Шодмонқул Салом Абдулла Орипов сиймосини гавдалантирган.

 

ТИҚХММИ матбуот хизмати