Коррупция тараққиётига тўсиқ

Коррупция дунё миқёсида ҳал этилиши лозим бўлган глобал муаммолардан биридир. Ушбу иллат ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади. Шу боис унга қарши кураш халқаро аҳамият касб этиб, жаҳон сиёсатининг муҳим масалалари қаторидан жой олган.

Институтимизда унга қарши кураш мавзуидаги тадбирлар кетма кет ўтказилмоқда. 24 январь куни жамият ривожига тўсиқ бўлувчи иллат - коррупцияга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Бу гал "Қишлоқ хўжалигини механизациялаш" ва "Қишлоқ сув хўжалигининг электр таъминоти" факультетларининг педагоглар жамоаси иштирок этишди. Тадбирни ёшлар билан ишлаш бўйича проректор Рузимурот Чориев олиб борди. Институт доценти Г. Худойбердиеванинг мавзу бўйича маърузаси тингланди. У шу хусусда ўз мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Ҳозирги даврда коррупция кўпгина давлатларнинг иқтисодий ва сиёсий салоҳиятига ўзининг салбий таъсирини кўрсатиб бера олди. Унга қарши курашиш, мунтазам равишда амалга оширилиши зарур бўлган долзарб вазифалардан бирига айланди. Шулардан келиб чиқиб, 2017 йил 3 январь куни “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилиниб, коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизми яратилди. Унинг асосий мақсади коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.

Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни 3-моддасида асосий тушунчалар берилган бўлиб, унда коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ва манфаатлар тўқнашувига доир тушунчаларга таъриф берилган, яъни коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини, ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишидир. Мазкур Қонун ўз навбатида, фуқароларга коррупция ва коррупцияга оид ҳуқуқбузарликнинг нима эканлиги ва уларнинг салбий иллатлари ҳақида маълумот беради. Маъруза тинглангач, педагогларниг мавзуга дахлдор мулоҳазалари тингланди. Тадбир якунида шундай хулосага келинди. Демак, коррупция ҳар қандай жамиятнинг иқтисодий, ижтимоий, маънавий ҳаётига хавф соладиган, қолаверса, мамлакат тараққиётига тўсиқ бўладиган иллатдир.

Институт матбуот хизмати раҳбари Раҳимбой Жуманиёзов