Севимли шоира Зулфияхонимнинг таваллудининг 106 йиллиги муносабати билан Адиблар хиёбонига ташриф

ГТҚ факультети 2 босқич 5 гурух талабари ва гуруҳ мураббийи Назарий ва қурилиш механикаси кафедраси катта ўқитувчиси  Э.Тошматов билан Зулфияхонимнинг таваллудининг 106 йиллиги муносабати билан Адиблар хиёбонига ташриф буюришди. Талабалар ташриф давомида Зулфияхонимнинг хаёти ва ижоди билан ҳам танишишди. Ўзбек халқининг севимли шоираси, таниқли жамоат арбоби Зулфия Исроилова 1915 йил 1 март куни Тошкентда ҳунарманд оиласида туғилган.  Шоира хотин-қизлар билим юртида ўқиган вақтларидаёқ (1931—1934) адабий тўгаракларда шеърлар машқ қила бошлади. 1935—1938 йилларда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институти аспирантурасида таҳсил олди. Сўнгра 1938—1948 йилларда Болалар нашриётида муҳаррир, Ўзбекистон Давлат нашриётида бўлим бошлиғи, 1950—1953 йилларда эса «Ўзбекистон хотин-қизлари» («Саодат») журналида бўлим бошлиғи. 1953—1980 йилларда эса бош муҳаррир бўлиб ишлади. Зулфия 17 ёшида ёзган «Хаёт варақлари» (1932) биринчи шеърлар тўплами билан Ойдин, Музайяна Алавия, Хосият Тиллахоновалар сафига кириб келди.

Зулфиянинг ижодий камолотида ўзбек ва рус мумтоз адабиёти, халқ оғзаки ижодиёти ва жаҳон адабиёти анъаналарининг роли бениҳоя бўлди. Шоира «Шеърлар» ва «Қизлар қўшиғи» (1938) каби поэтик асарларини она-Ватан ва унинг дала, чўлларида меҳнат қилаётган пахтакорлар, механик, тракторчи қизларнинг қайноқ ҳаётларига бағишлайди. Айни чоғда мазкур тўпламлардаги шеърлари шоиранинг шеърий маҳорат сирларини эгаллаётган даврини характерловчи асарлар сифатида ҳам муҳим эди. Уруш даврида шоиранинг «Уни Фарҳод дер эдилар» (1943), «Ҳижрон кунларида» (1944) каби тўпламларининг нашр этилиши Зулфиянинг пешқадам шоирлар қаторига дадил кириб келаётганлигидан нишона эди. Тўпламдаги шеърлар ватанга муҳаббат, душманга нафрат ва ғалабага ишонч руҳида яратилганлиги билан характерлидир. Зулфиянинг «Менинг Ватаним», «Қўлимда қуролу устимда шинель», «Бизни кут» каби умидбахш шеърлари уруш даври ўзбек шеъриятининг жанговар руҳини ифодаловчи асарлар қаторидан ўрин олган.

Шоиранинг урушдан сўнгги йилларда ёзилган «Далада бир кун» (1948), «Тонг қўшиғи» (1953) каби бир қатор шеърлар туркуми, «Мен тонгни куйлайман», «Юрагимга яқин кишилар» (1958), «Куйларим сизга» (1965) тўпламларида Ватан мадҳи, меҳнат жараёнида фидокорлик кўрсатаётган кишилар ҳаёти жўшиб куйланади. Республикамизда Зулфия номидаги давлат мукофоти таъсис этилган бўлиб анъанавий тарзда "Зулфияхоним қизлари" Республика кўрик танлови  ҳам ўтказиб келинмоқда.Талабалар Зулфияхонимнинг хаёти ва ижоди бўйича кенг тассуротга эга бўлишди.

 

ТИҚХММИ матбуот хизмати