Умурзаков Ўктам Пардаевич оламдан ўтдилар

2021 йил 26 июль Ўзбекистон Республикаси илм-фан соҳасига улкан ҳисса қўшган, таълим соҳасининг етук намоёндаларидан бири, Республика олий таълим Кенгаши раиси, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механихацилаш муҳандислари институти ректори, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Умурзаков Ўктам Пардаевич оламдан ўтдилар. Умурзаков Ўктам Пардаевич 1952 йил 20 августда Сирдарё вилоятида туғилган, 3 нафар фарзанднинг отаси сифатида фарзданларини зиёли қилиб, ўстирди ва тарбиялади. Умурзаков Ўктам Пардаевич кўп йиллардан бери ўз иш фаолияти давомида Ўзбекистон Республикасида илм-фан ва таълим соҳасида катта ташуббусларни илгари суриш билан бир қаторда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ривожланиши учун улкан ҳисссаларини қўшиб келаётган эди. 1974-йилдан 1977-йилгача Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш инженерлари институтининг “Машиналар пухталиги ва ремонти” кафедрасининг кичик илмий ходими, 1977-1980-йилларда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш инженерлари институтининг илмий-тадқиқот лабораторияси кичик илмий ходими, 1980-1990-йилларда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш инженерлари институтининг “Материалшунослик ва машинасозлик” кафедраси ассистенти, 1990-1992-йилларда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш инженерлари институтининг Малака ошириш факультети декани, 1992-1996-йилларда

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш инженерлари институтининг қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари тайёрлаш маркази проректори, 1996-1999-йилларда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш инженерлари институтининг “Қишлоқ хўжалигини механизациялаш” факультети декани, 1999-2004-йилларда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг Илмий ишлар ва ахборот технологиялари бўйича проректори, 2004-2011-йилларда Тошкент ирригация ва мелиорация институтининг Ўқув ишлари бўйича биринчи проректори, 2011-2013-йилларда эса Тошкент ирригация ва мелиорация институтинингнг Ўқув ишлари бўйича биринчи проректори, ректор вазифасини бажарувчи, 2013-йилдан ҳозирга қадар Тошкент ирригация ва мелиорация институтининг “Сув хўжалиги иқтисоди” кафедраси профессори, 2017-йил 26-майдан ҳозирга қадар Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг ректори, Республика Олий таълим Кенгаши раиси сифатида меҳнат фаолиятини олиб бораётган эдилар. Умурзаков Ўктам Пардаевич Ўзбекистон Республикаси илм-фан ва таълим соҳасида алоҳида ҳурмат ва эътиборга эга инсон бўлиш билан бирга, замонавий илм-фан, дунёдаги нуфузли таълим тизимлари билан халқаро интеграция масалаларида ҳам ташаббус кўрсатиб, кўплаб илмий-амалий лойиҳаларни ҳам амалга оширдилар ҳамда буни барча Республикамиздаги олий таълим муассасаларига ҳам тарғиб қилдилар. Республика Олий таълим Кенгаши раиси сифатида олий таълим соҳасида ҳам сезиларли амалий ишларни бажардилар. Берилган таклиф ва ташаббуслар ҳукуматимиз томонидан қўллаб-қувватланиб, ҳозирги кунда ҳам иш жараёнида татбиқ этилмоқда. Илм-фан соҳасида ҳам иқтисодиёт фанлари бўйича, ҳам қишлоқ ва сув хўжалиги иқтисодиёти бўйича Ўзбекистон Республикасига кўплаб салоҳиятли, фидоий ва жонкуяр кадрларни тайёрлаб бердилар. Биргина Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти йўналишида ўзининг 100 га яқин шогирдлари диссертация ҳимояларини Ўктам Пардаевич раҳбарлигида муваффақиятли ҳимоя қилиб, ҳозирги кунда ишлаб чиқариш тармоқларида ўз фаолиятларини олиб бормоқдалар. Профессорни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтидаги фаолиятини бир китоб қилиб ёзса, бир инсон ҳаёт даврига арзигулик ишларни амалга оширди десак ҳам адашмаган бўламиз. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида Республика олий таълим муассасалари орасида алоҳида ташаббус кўрсатиб, институт Узрепорт телеканали ва HUAWEI компанияси билан ҳамкорликда профессор-ўқитувчилар маърузаларини оммавий-ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали талабалар эътиборига етказиш ишларини амалга оширди, ушбу компания билан истиқболли ишлар ҳозирги кунда ҳам давом этаётгани алоҳида аҳамият касб этади. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари инсититути билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари рейтингида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти 2018 йилда 3-ўринни эгаллаган бўлса, 2019 йил натижалари бўйича 2-ўринни, 2020 йилда эса 0.1 балл фарқ билан иккинчи ўринни қайд этди. Ҳозирда жаҳон университетларининг халқаро рейтингини аниқловчи Quacquarelli Symonds (QS) рейтинг агентликлари томонидан “Ривожланаётган Европа ва Марказий Осиё” (Emerging Europe and Central Asia – EECA) рейтингида мамлакатимизда биринчи бўлиб, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти мазкур рейтингида 301+ ўринни қайд этган, ҳозирги кунда бу ўрин янада мустаҳкамланиб, юқори ўринларн қайд этмоқда. Бундан ташқари, худди шундай яна битта халқаро рейтинг агентлиги Times Higher Eduducation (THE) томонидан ҳам Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари инсититути Республикада биринчи бўлиб, “Тоза сув ва санитария” йўналишида - 201-300 ўрин, “Ердаги ҳаёт” йўналишида 201+ўринни эгаллаб, дунё университетлари рейтингида соҳаси бўйича 201+ ўринни қайд этди, ҳозирда эса Ўзбекистон олий таълим мауссасалари орасида халқаро рейтингда энг юқори ўринларни эгалламоқда. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари инсититути халқаро миқёсда 30 дан ортиқ мамлакатлар билан қўшма дастурлар, меморандумлар ва ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиб, истиқболли режаларни белгилаган ҳолда ҳозирда ҳам ушбу ҳаракатлар фаол давом эттирилмоқда. Албатта бу ютуқлар бошида Умурзаков Ўктам Пардаевичнинг катта меҳнатлари, ташаббуслари ва оқил раҳбар сифатида фаолияти сабаб бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 июлдаги 6024-сонли “Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси”да назарда тутилган вазифаларни бажариш борасида Умурзаков Ўктам Пардаевич Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари инсититутини янги босқичга олиб чиқишдек, катта режаларни мақсад қилиб олган эди. Таҳлил қилиб айтидаган бўлсак, ҳорирги кунга қадар Ўктам Пардаевич томонидан тузилган режаларни давом эттириш борасида кераклича шарт-шароит яратиб ва салоҳиятли кадрларни тарбиялаб кетдилар. Охирги йилддарда институтда бажарилган улкан бунёдкорлик ишлари, замонавий технологиялар асосида жиҳозланган лаборатория ва аудиториялар, таълим технологиялари,иқтидорли талаба-ёшларни, ёш олимларни қўллаб-қувватлаш борасидаги катта маблағлар ва инвестиция жалб этилишидек муҳим ислоҳотларни қоғозга туширадиган бўлсак, Умурзаков Ўктам Пардаевичнинг ўрни ва меҳнатлари самарасини кўриш қийин эмас.

Талабалар назарида қарайдиган бўлсак, Ректор. Бу сўзни эшитганда ҳар бир инсоннинг ҳаёлида қаттиққўл ва илмий протоколдан чиқмайдиган ўта расмий шахс гавдаланади. Ўктам Пардаевич эса ҳар бир талабасининг қалбига қандай йўл топишни биладиган кучли психолог, халқчил, самимий ва талабапарвар устоз эдилар. Ҳар бир битирувчи шахсан ректор қўлидан диплом олиши керак эканлигини кўп эслатар ва бу ишни жуда катта эътибор билан бажарар эдилар. Уларнинг шахсан ўзидан диплом олган юзлаб битирувчилар бу жараён қандай ҳаяжонли ва нақадар ички ундовчи кучни уйғотишини билишади, яхши эслашади.

Устозда ёшларга ҳос бўлган ташаббускорлик ва ёши улуғ инсонларда ҳаёт тажрибаси шакллантирадиган донишмандлик уйғунлашиб кетган эди. Яхши ташаббусларни ёқтирар, қўллаб-қувватлар уни янада мукаммал бўлиши учун ўз тажрибасидан мисоллар келтириб, тузатиш ва қўшимчалар киритар эдилар.

 

Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун.

Ўктам Пардаевич фидойи олим, илм-фан ва таълимнинг ҳақиқий жонкуяри эдилар.

 

Устознинг барча оила аъзолари, яқинлари ва шогирдларига, жумладан фарзандлари Бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаковга ҳамдардлик билдириб қоламиз.