Сув ресурсларини бошқариш йўналишида хориж билан ҳамкорлик

Хорижий давлатлар билан ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши таълим тизимида ҳам ўзига хослик ва катта аҳамият касб этади. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида ташкил этилган "ЎЗБЕКИСТОН ВА ГЕРМАНИЯ ЎРТАСИДА СУВ РЕСУРСЛАРИНИ БОШҚАРИШ ЙЎНАЛИШИДА ҲАМКОРЛИК ЛОЙИҲАЛАРИ” мавзусидаги онлайн вебинар худди шу жиҳати билан эътиборга молик бўлди.

2020 йил 26 июнь куни Тошкент, Ўзбекистон ва Берлин, Германия ўртасидаги виртуал мулоқотни ТИҚХММИ ректори, профессор Умурзаков Ўктам Пардаевич ўзларининг самимий истаклари билан очиб бердилар ва ҳамкорликнинг натижалари ҳар иккала давлат учун аҳамиятли бўлишини қайд этдилар. Улар ўз кириш сўзларида муҳтарам элчи Набижон Содиқжонович Қосимов жанобларига, Германияда фаолият юритаётган ватандошларга қизғин саломларини йўлладилар. Шунингдек, "пандемия шароитида,  барча иштирокчилар жумладан, ёшлар билан онлайн шаклда учрашиб турганимиздан  мамнунман. Яқинлашиб келаётган 30 июнь – Ўзбекистон ёшлар иттифоқи  ташкил этилган кун билан бевосита боғлиқ бўлиб, у Ўзбекистонда “Ёшлар куни” деб белгиланган"-дея уқтирдилар ректор.

Маълумки, 2017 йил   30 июнда  бўлиб ўтган Ўзбекистон “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг сўзлаган нутқи ва ушбу тарихий анжуманда юртимизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган делегатлар ҳамда видеоконференция орқали маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари ва ҳудудлардаги ёшларнинг ҳам қатнашганлиги бугун бутун мамлакатимиз ёшларининг қалбида янада жўшқин кайфият, ғайрат ва шижоат уйғотгани аниқ. Президентимизнинг ватанимиз фарзандлари қалбига катта ишонч бағишловчи, ҳаёт ҳақиқатидан келиб чиқиб таъкидлаётган фикрлари, қўллаб-қувватлашлари бутун Ўзбекистон ёшларини янги марралар сари руҳлантириб, етакламоқда.

Бугун “30 июнь-Ўзбекистон ёшлари куни” га бағишлаб, Ўзбекистон Республикасининг Германия Федератив Республикасидаги элчихонаси,  Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассосиацияси, Берлиндаги Гумболдьт Университети ва Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳамкорлигида "Ўзбекистон ва Германия ўртасида сув ресурсларини бошқариш йўналишида ҳамкорлик лойиҳалари” мавзусидаги онлайн шаклда вебинар ҳам ана шу жиҳати ва мақсадлари билан катта аҳамият касб этди.

Мазкур вебинардан кўзланган мақсад Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги сув ресурсларини бошқариш йўналишида илмий ва таълимий ҳамкорликлар ҳамда мавжуд грантлар бўйича маълумотлар бериш, шунингдек, Вебинар давомида Жаҳон Рейтингида топ-100 университетлари ичида бўлган Берлиндаги Гумболд Университети ҳақида ҳам батафсил маълумот бериб ўтилади. Бундан ташқари, Германияда PhD дастурига қабул қилиш ва муваффақиятли ҳимоя қилиш талаблари ҳақида танишишингиз мумкин бўлади. Энг асосийларидан бири бўлган, Scopus ва Web of Science базасига кирган кучли журналларда қандай қилиб мақолалар чоп этиш бўйича ҳам маълумотлар берилиши кўзда тутилган.

Бугун вебинарда асосий спикерлик қилувчи – қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, Берлиндаги Гумбольтд университети профессори Хамидов Ахмаджон Мухамадханович ҳам ёш ватандош олимларимизлар ҳисобланади. У бизга нафақат ватандош, балки Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг битирувчиси бўлгани ҳам бизни руҳлатирмасдан қолмайди.

Хамидов Ахмаджон Мухамадханович 2002 йилда институтнинг бакалавриатурасини, 2004 йилда магистратурасини тамомлаган. 2005-2007 йй. - Испания давлатининг Кадиз университетининг магистратурасида ҳам ўқиган. Меҳнат фаолияти давомида Америка Қўшма Штатларининг «Жаҳон банки» ходими (2007-2009), Тошкент ирригация ва мелиорация институти илмий ходими (2009-2010), 2010 йилдан Германия Федератив Республикасининг Берлиндаги Гумболдт университети докторанти, доценти, профессори, шу билан бирга Лейбниц номли қишлоқ хўжалигини ландшафтлаштириш илмий тадқиқот маркази (ZALF) катта илмий ходими лавозимларида ишлаб келмоқда Хозирда ZALF маркази ва ТИҚХММИ ҳамкорлигидаги  «WEFUz - Суғорма деҳқончиликда сув-энергетика-озиқ-овқат хавфсизлигини барқарорлигини баҳолаш: Ўзбекистондаги дарёлар мисолларида» илмий лойиҳага координаторлик қилиб келмоқда.

"Мамлакат тараққиёти илм-фан тараққиёти билан узвий боғлиқ равишда кечадиган жараён саналади. Ушбу икки тушунчани бир-бирисиз тасаввур қилиб бўлмайди, - дейди илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Тоҳир Зокирович Султонов - Бу уйғунлик ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, қобилиятли йигит-қизларни қўллаб-қувватлаш орқали янада ёрқин намоён бўлиб, албатта, кутилган натижаларни беради". Сўнгги бир йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг талабалари Республика миқёсида ўтказилган фан олимпиадаларида 10 та фахрли ўринлар эгаллаган бўлса, 1 нафар докторант ва 1 нафар магистрант, 1 нафар бакалавриат талабамиз қишлоқ хўжалиги йўналишида Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияси, 1 нафар Навоий давлат стипендияси, 2 нафар Беруний давлат стипендияси соҳиблари бўлдилар.

Сўнгги 1 йилда 10 нафар докторант, 14 нафар магистр ва 9 нафар бакалаврларни чет элда ўқитиш амалга оширилди. Шунингдек, институтда 2019 йилда сув ресурслари, озиқ-овқат хавфсизлиги, энергетика йўналишлари қамраб олган мавзуларда Ўрта Осиё мамлакатлари ва Афғонистон Республикаси, Европа университетларининг магистрантлари ва ёш тадқиқотчилари иштирокида 2 марта  “Ёзги мактаб” лар ташкил этилди. Бундай саъйи ҳаракатларимиз бўлажак мутахассисларимизни янада халқаро миқёсда ўзларининг билимларини тенгдошлари билан ўртоқлашишлари ва соҳага доир долзарб муаммоларни биргаликда аҳиллик билан ҳал этишларига замин яратиб беради.

Албатта, ўқишда ва илмда ҳамда тадбиркорликда фаол бўлган ёшларимизни доим қўллаб-қувватлашга давлатимиз, хориждаги элчихоналаримиз ва Ёшлар иттифоқи тайёр эканлигини яна бир бор таъкидлаб айтмоқчиман. Тадбир якунида институт ректори  Республика Олий таълим муассасалари кенгаши раиси, Ў. П. Умурзаков вебинар иштирокчиларига ташкилий қўмита номидан миннатдорчилик билдирди.

ТИҚХММИ матбуот хизмати