Бугун “Халқаро Ёзги мактаб” ўз фаолиятини бошлади

(International Summer School Sustainablity Assessment of the Water –Energy-Food Nexus for Irrigated Agriculture: Interdisciplinary Approaches for Central Asia) Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида (ТИҚХММИ) Германиянинг Лейбниц қишлоқ хўжалигини ландшафтлари илмий-тадқиқот маркази (ZALF) билан ҳамкорликда Европа, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон, Эфиопия, Ҳиндистон, Канада, Колумбия давлатларининг ёш тадқиқотчилари, докторантлари ва фан докторлари иштирокида “Суғорма деҳқончилик учун сув–энергия–озиқ-овқат хавфсизлиги барқарорлигини баҳолаш: Марказий Осиё бўйича фанлараро ёндашувлар” мавзусидаги Халқаро ёзги мактаб жорий йилнинг 29 апрелида бошланди.

Ушбу тадбир Германиянинг Фольксваген фонди (VolswagenStiftung) томонидан молиялаштирилмоқда. 29 апрель эрта тонгдан институт кириш дарвозалари меҳмонларни кутиб олиш учун кенг очилди. Меҳмонларни институт раҳбарияти ҳамда ташкилий ишчи гуруҳ кутиб олишди. Дастлаб, ташриф буюрган барча Халқаро меҳмонлар, Халқаро ёзги мактаб иштирокчилари, институтдан иштирокчилар, докторантлар ва профессор-ўқитувчилар рўйхатга олинди ва Халқаро анжуманлар залига таклиф этилди.

Тадбирда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг Халқаро ҳамкорлик бўйича проректори сўзга чиқиб, йиғилганларга меҳмонларни таништирди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири ўринбосари сўз берди; вазир ўринбосари барча иштирокчиларни табриклаб, Халқаро ёзги мактабни очиб берди. Шундан сўнг, Германиянинг Лейбниц қишлоқ хўжалигини ландшафтлари илмий-тадқиқот маркази (ZALF) вакили Профессор Katharina Helming ушбу самарали фаолиятнинг муҳим йўналишлари билан таништириб, институт раҳбариятига ўз миннатдорчилигини билдирди ва барча иштирокчиларга омад тилади. Халқаро ёзги мактабнинг мақсади - сув–энергия–озиқ-овқат хавфсизлигининг барқарорлигини баҳолаш бўйича билим ва кўникмаларни докторантлар, ўқитувчилар ва ёш олимларга етказиш ва уларнинг бу борадаги билимларини мустаҳкамлашдан иборат.

Ёзги мактаб қатнашчиларига ўқиш даврида:

‒ Иқлим ўзгариши ва сув танқислиги шароитида ҳосилдорликни ошириш;

‒ Тупроқ хусусияти ва сув танқислиги шароитида қайта тикланувчи энергияни ишлаб чиқариш;

‒ Бир нечта секторлар учун трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш;

‒ Ер ресурсларидан унумли фойдаланиш ҳамда иқтисодий тиклаш тизимни йўлга қўйиш;

‒ Cув–энергия–озиқ-овқатнинг ўзаро боғлиқлиги ва синергияни бошқариш мавзуларида қизиқарли маъруза ва амалиёт машғулотларини ўтиш имкониятига эга бўладилар.

Машғулотларни Германия, Ўрта Осиё ва ТИҚХММИнинг сув ва энергия ресурсларини бошқариш ва қишлоқ хўжалиги соҳасининг етук олимлари олиб борадилар. Таълим олиш мобайнида иштирокчиларни амалий ва ижодий машғулотлар, қизғин муҳокамалар кутмоқда. Шунингдек, ёзги мактаб дастурида ирригация ва мелиорация объектларида сайёр машғулотлар ўтиш, Тошкент шаҳрининг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар ва спорт-маданий тадбирларни ўтказиш ҳам кўзда тутилган. Ўқув курси якунида барча иштирокчилар халқаро малака ошириш сертификатига эга бўладилар. Халқаро ёзги мактаб 5 майга қадар давом этади. Шунингдек, институтимиз талабалари, магистрантлари, докторантлари Халқаро меҳмонлар билан танишиш, фикр алмашиш, ўзаро таълим йўналишидаги алоқаларни мустаҳкамлаш имкониятига эга бўлишади. Ташриф буюрган Халқаро меҳмонлар ва Халқаро ёзги мактаб иштирокчиларини юқорида айтиб ўтганимиздек, дарсдан ташқари олдинда қизиқарли давра суҳбатлари, саёҳатлар, қизиқарли викториналар ва бошқа яхши таассуротлар кутмоқда. Сиз ҳам ташриф буюринг! Камида ўзингиз ўрганаётган битта чет тили фанидан оз бўлсада тажрибага эга бўласиз. Бизни кузатиб боринг!

 

Институт Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчиси Акмал Бердимуродов ахбороти

Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов