Юқори даражали минтақавий онлайн анжуман

Етакчи олий таълим муассассаси бўлишнинг ўзи шараф, бунинг учун эса кучли илмий-педагогик жамоа, юқори тажриба ва анъаналарга эга бўлган таркибли таълим тизими бўлиши шарт. Ўзбекистон-Россия етакчи олий таълим муассасалари ректорларининг минтақалараро онлайн конференциясида ана шу руҳ устуворлик қилди.

2020 йил 27 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Республика Олий таълим Кенгаши ҳамда Россия ректорлар Кенгаши ва М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университети ташаббуси билан “Ўзбекистон-Россия етакчи олий таълим муассасалари ректорларнинг минтақалараро онлайн конференцияси” ўтказилди. Конференция 2020 йилда Москва шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган Ўзбекистон ва Россия Президентлари саммити дастурига киритилган Ўзбекистон-Россия иккинчи таълим форумига тайёргарликнинг муҳим босқичи бўлиб хизмат қилади. Минтақалараро онлайн анжуманда икки мамлакатнинг юқори мартабали давлат ҳокимияти органлари вакиллари ҳамда 120 дан ортиқ нуфузли олий таълим муассасаси ректорлари иштирок этди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор АБДУВАХИТОВ, Россия Федерацияси Президенти Администрацияси бошқарма бошлиғи Владимир ЧЕРНОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон МАЖИДОВ, Россия Федерацияси фан ва олий таълим вазири Валерий ФАЛЬКОВ кириш сўзлари билан анжуман қатнашчиларига мурожаат қиладилар. Ўзбекистон Республика олий таълим кенгаши раиси, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ректори Ў.УМУРЗАКОВ ва Россия ректорлар кенгаши раиси, М.Ломоносов номидаги Москва давлат университети ректори В.САДОВНИЧИЙ ялпи мажлисда маъруза билан қатнашдилар.

Анжуман дастури доирасида икки давлат ОТМлари ректорлари ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш баробарида долзарб вазифа ва масалаларни тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотда биргаликда муҳокама қилишди. Россия ва Ўзбекистон университетлари ректорларининг минтақалараро онлайн-конференцияси иштирокчилари ҳамжиҳатликда қуйидаги якуний қарорга келишди. Улар Биринчи Россия-Ўзбекистон таълим форумининг қарорларини келгусида амалга ошириш муҳимлигидан келиб чиққан ҳолда, таълим, фан, техника ва маданият соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш, қўшма дастурлар ишлаб чиқиш, мутахассислар ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш, икки мамлакат илмий жамоалари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга интилишни ҳисобга олиб, Рус тилининг миллатлараро мулоқот тили ва Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси илмий ва таълим шериклигининг муҳим воситаси эканлигини алоҳида эътиборга олиб, ушбу вазифаларни амалга оширишни зарур деб билишди.

1.  Юқори малакали кадрлар тайёрлашда кўп қиррали ҳамкорликни изчил ривожлантиришга қизиқиш билдириш;

2.  Таълимнинг энг муҳим йўналишлари бўйича ҳамкорликда ўқитиш, ҳамкорликда илмий ва инновацион тадқиқотлар, профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш, илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш, инсон капиталини ривожлантириш манфаатларига таълим сифати ва ундан фойдаланиш имкониятларини ошириш бўйича қўшма лойиҳалар бўйича университетлараро лойиҳаларни амалга оширишни қўллаб-қувватлаш;

3.  Таълим, илмий ва инновацион соҳаларда: илмий ва технологик ўқув марказлари, қўшма факултетларда ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли форматларини амалий равишда амалга оширишга кўмаклашиш;

4.  Ўзбекистонда Россия университетлари филиалларининг келгусида очилиши ва тўлиқ фаолият кўрсатишига кўмаклашиш;

5.   Масофавий технологиялар ёрдамида икки томонлама ўқув лойиҳаларини кенгайтириш;

6.  Россия ва Ўзбекистон ўртасида ёшлар ўртасидаги мулоқотни кучайтиришга қаратилган лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва тадбирларни ўтказиш;

7.  Минтақалараро ҳамкорлик форуми доирасида Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси Президентлари иштирокида 2020 йилда Москвада Иккинчи Россия-Ўзбекистон таълим форумининг ўтказилишини қўллаб-қувватлаш;

8. Ҳар томонлама тараққиётни таъминлашнинг муҳим омиллари мамлакатлараро ўзаро манфаат замирига қурилса, у ҳар бир давлатнинг миллий, илмий, иқтисодий ва сиёсий ҳолатларидан келиб чиқса ҳамкорлик доимий ва барқарор бўлиши табиий.