Вазир билан ёшларнинг мулоқоти

Давлатимиз раҳбари 20 ноябрь куни Чилонзор туманига ташрифи пайтидаёқ Ёшлар форумини ўтказиш зарурлигини айтган эдилар. Ундан сўнг республикамизнинг турли вилоятларида бу ташаббус қўллаб-қувватланди ва шу йўсинда қатор тадбирлар ўтказилди. Яқинда ёшлар билан ишлаш бўйича Тошкент шаҳри намунаси яратилди. Ушбу тажриба доирасида пойтахтимизда ўтказилган “Ёшлар ойлиги”да ўғил-қизларимизнинг муаммолари, таклиф ва истаклари “маҳаллабай” ўрганилди. Уларнинг ечимлари бўйича манзилли дастурлар ишлаб чиқилди. Бу эзгу ташаббус мамлакатимиз бўйлаб кенг қанот ёйди. Шунингдек, барча шаҳар ва туманларда Ёшлар фестиваллари бўлиб ўтди. Ушбу тадбирлар доирасида қатор вазирлар, ҳокимлар, банкирлар ва бошқа мутасаддилар билан очиқ мулоқот қилингани эътиборга молик бўлди.  Мамлакатимизда илк бор Тошкент шаҳридаги “Humo arena” саройида Ўзбекистон ёшлари форумининг ўтказилиши ва унда Президентимизнинг иштирок этиб нутқ сўзлаши худди  шу маънода катта аҳамият касб этгани аниқ. Ёшлар форумида Президент бундан буён вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, вазирлар ва бошқа масъул раҳбарлар жойларда ёшлар билан учрашувларни доимий равишда ташкил этиб боришлари борасидаги фикри айни муддао бўлгани рост. Ёшлар ўз дард-у ташвишларини, режаларини эндиликда бемалол айтиши мумкин бўлади. Чунки, уларни эшитиш истиқболга ишонч, улар қалбида ислоҳотлар сари дадил одимлаш руҳини уйғотади. Умидсизлик ва ишончсизлик эса улуғвор мақсадларни амалга оширишга ғовдир. 

Шунингдек, форумда фарзандларнинг ҳунар ўрганишга иштиёқини кучайтириш, “устоз-шогирд”лик анъанасини қайта ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди. Чунки, устоз - шогирдлик анъанаси – тараққиёт тантанаси эканини асло, унутмаслик керак. Бу борада Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ёшлар ишлари агентлиги билан бирга, ёшлар, айниқса, уларнинг уюшмаган қатлами билан масъуллар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатишга хизмат қилувчи “Ёшлар мурожаати” электрон платформасини яратилиши борасидаги таклиф жуда кўплаб муаммоларнинг ечилишига замин ҳозирлаши, шубҳасиз. Ёшлар форумидан руҳланган ҳолда 2020 йил 28 декабрь куни Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев тизимда ишлаётган ёшлар билан мулоқот ўтказди. Тадбирда ТИҚХММИ нинг иқтидорли, фаол талабалари ҳам иштирок этишди. Вазирлик тизимида 7 мингдан зиёд ёшлар меҳнат қилмоқда. Уларнинг сафи йилдан йилга кенгайиб бораяпти. 2019-2020 йилларда республикамиздаги олий таълим муассасаларини ирригация ва мелиорация йўналиши бўйича тамомлаган олий маълумотли 500 нафардан, жами 1000 нафардан зиёд ёш кадрлар ишга олинди. Ҳозирда тизимда олий маълумотли кадрлар 45 фоизни ташкил этаётган бўлса, 2030 йилгача уларнинг сони 65 фоизга етказилади.  Ёш кадрларнинг касбий маҳоратини ошириш мақсадида уларни тажрибали мутахассисларга бириктириш, “устоз-шогирд” тизими йўлга қўйилган.

Шу билан бирга, уларнинг ишни пухта ўрганиши, соҳага кўникиб кетиши тизимдаги ҳар бир раҳбар олдига масъулият этиб белгиланган.  Соҳада 5 йилдан ортиқ фаолият юритаётган, ўрта махсус маълумотга эга бўлган, фаол ва ташаббускор ёшларга олий таълим муассасаларининг сиртқи бўлимларига имтиёзли кириш бўйича тавсияномалар берилмоқда. Ўтган йили 100 нафар, жорий йилда 69 нафар ёшлар тавсиянома асосида ўқишга қабул қилинди. Ўзбекистон ёшлари форумида муҳтарам Президентимиз шундай фикрларни билдириб ўтдилар: “Ёшлар билан ишлаш Президентдан тортиб вазиргача, ҳокимдан тортиб маҳалла раисигача – ҳаммамизнинг энг асосий ишимизга айланиши зарур”.  Мулоқот чоғида бундан буён сув хўжалиги тизимида ҳам барча даражадаги раҳбарлар фаолиятига ёшлар билан ишлаш, уларнинг муаммоларини бартараф этиш юзасидан амалга оширган ишларига қараб баҳо берилиши алоҳида таъкидланди.  Вазирлик ҳузуридаги Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институтида 34 нафар ёшлар илмий тадқиқот ишларини олиб бормоқда. Мисол учун, Александр Долидудко “Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашда коллектордан фойдаланиш ишончлилигини ошириш усуллари” мавзусидаги докторлик диссертацияси устида ишлаяпти. 2020 йилда 5 та илмий мақоласи чоп этилди, 1 та монография, 3 та муаллифлик гувоҳномасига ҳаммуалиф ҳисобланади. Мулоқот чоғида шу каби илмий ишларни олиб бораётган ёшларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, тизимдаги ҳар қайси ташкилот раҳбарига илмга қизиқиши юқори бўлган 5-6 нафар истеъдодли ёшларни саралаб, уларни ҳар томонлама тарбиялаш ва мунтазам рағбатлантириш тизимини йўлга қўйиш вазифаси топширилди. Бугун сув хўжалиги соҳасида ўзининг ташаббускор ғоялари билан ютуқларга эришаётган ёшлар кўп. Оққўрғон туман ирригация ходими Ирода Ғаниева Чирчиқ-Оҳангарон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси кафиллигида банкдан 100 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, ўз хонадонида 40 сотих ер майдонида иссиқхона қурган. 3 кишини иш билан таъминлаб, помидор ва бодринг етиштирмоқда. Бу йил 25 миллион сўм соф фойда олишни мўлжаллаб турибди. Наманган Насос станциялари ва энергетика бошқармаси ходими Абдусамат Абдулазизов ўзи ишлайдиган насос станциясида алоҳида жой ажратиб, 5 мингта бедана боқаяпти. Бир йилда олган даромади 144 миллион сўмга етибди. 5 кишини иш билан таъминлаган. Мулоқот чоғида Сув хўжалиги вазирлиги Ёшлар етакчиси Ойбек Нуриддинов, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти тадқиқотчилари Эъзозбек Озодов, Сарвар Мелиқўзиев ва бошқалар сўзга чиқиб, вазирга ўз таклиф ва ғояларини айтдилар. Ёшларнинг барча таклифлари инобатга олиниб, уларни амалга ошириш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.

 

ТИҚХММИ Матбуот хизмати