Келажак лидерлари танлови ғолиби
2021-йилнинг 30-июнь куни Тошкент шаҳрида жойлашган "Ботаника" боғида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев Миромонович иштирокида мамлатимизда ёшлар кунига бағишлаб, ўтказилган байрам тадбирида сўзлаган нутқларида "Келажак лидерлари" ибораси янграши, ёшларга яна бир бора ишонч ва масъулият юклади, юқори даражада мотивация берди. "Иқтидорли ёшлар орасидаги янги авлод захира кадрлари Келажак лидерларини шакллантирамиз, бугун шуни мамнуният билан таъкидлашни истардимки, бундай ёшларимизнинг кўпчилиги жонкуярлик билан хизмат қилмоқдалар" дея, таъкидлаб ўтганларида йиғилганлар томонидан олқишлар билан қўллаб-қувватланиб, кутиб олинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-йил 13-июлдаги “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6260-сон Фармони билан республикамизнинг барча вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳрида фаол ва ташаббускор ёшларни давлат фуқаролик хизматига қизиқтириш ҳамда янги авлод кадрлар захирасини шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги бошчилигида "Келажак лидерлари" клубини ташкил этиш вазифаси берилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан "Келажак лидерлари" клубига аъзолик учун республика бўйлаб, танлов учун эълон берилди. Дастлабки саралаш босқичи учун республикамиз бўйича жами 6246 нафар номзод ҳужжатларини топширди ҳамда шундан, 2796 нафар номзодлар танловнинг иккинчи босқичига ўта олдилар. Номзодлар барча вилоятларда тасдиқланган низом бўйича тўрт босқичли танлов саралаш, тест, эссе ёзиш ва суҳбат босқичларидан ўтиши белгиланди.
Тошкент шаҳар "Келажак лидерлари" клуби аъзолиги учун республикамиз жами номзодларининг қарийиб 10 фоизи, 652 нафари ҳужжат топширишди шундан, 350 нафар номзод саралаш босқичдан ўтиб, иккинчи босқичга тавсия этилди. Тест жараёни тўғридан-тўғри онлайн ёритилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Тошкент шаҳар филиали томонидан Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ташкил этилди. Махсус дастур орқали ўтказилган Тест жараёни натижасига кўра 350 нафар иккинчи босқичга ўтган номзодлардан 179 нафари учинчи босқич эссе ёзиш босқичига ўта олдилар. Эссе ёзиш босқичи "Халқни севган давлат хизматчиси" мавзусида очиқлик асосида тўғридан-тўғри онлайн ёритилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Тошкент шаҳар филиали томонидан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида ўтказилди. Учинчи эссе ёзиш босқичидан 179 нафар номзоддан 152 нафари охирги тўртинчи босқич, суҳбат босқичига ўта олдилар. Якуний босқич Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Тошкент шаҳар филиалида тасдиқланган комиссия иштирокида очиқлик асосида тўғридан-тўғри онлайн ёритилган ҳолда, ўтказилди. Учинчи ва тўртинчи суҳбат босқичида баллар 100 баллик тизимда баҳоланиб, 50 нафар энг юқори бал тўплаган номзодлар клуб аъзолигига қабул қилинди.
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат Бошқарув Академиясида Давлат фуқаролик хизмати учун янги авлод кадрларини шакллантириш мақсадида Тошкент шаҳар "Келажак лидерлари" клуби фаолиятини ташкил этиш ва клубнинг расмий очилиши тадбири ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директори биринчи ўринбосари Хасанов Отабек Абдурашидович, Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Тошкент шаҳар филиали раҳбари Инагамов Жовдатхон Султанович, Тошкент шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Рахимова Дурдона Шукуруллаевна, 50 нафар клуб аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакллари иштирок этишди. Давлатимиз раҳбари ҳамда давлат ташкилотлари эътиборида бўлган Тошкент шаҳар "Келажак лидерлари" клубига Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти таянч докторанти Бердимуродов Акмалжон Азамат ўғли ҳам танловлардан ўтиб, юқори натижа билан қабул қилинди. Ушбу клубда докторантлар учун ҳам махсус имкониятлар бўлиб, ўқув-услубий йўналишда олиб борилади.
Клубнинг мақсади, вазифалари ва функциялари белгилаб олинган. Клубнинг асосий мақсади 20-35 ёшдаги фаол, ташаббускор ва иқтидорли ёшларни давлат фуқаролик хизматига қизиқтириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва қўллаб-қувватлаш, улар орасидан давлат фуқаролик хизмати учун янги авлод истиқболли кадрларини селексия қилиш, давлат органлари ва ташкилотларидаги ёш мутахассисларни лидерлик (раҳбарлик) кўникмаларига ўргатиш, юқори малакали давлат фуқаролик хизматчилари қатлами ва янги авлод кадрлари захирасини шакллантиришдан иборат. Клубнинг асосий вазифалари Тошкент шаҳридаги ёшлар орасидан энг фаол ва ташаббускорлар қатламини аниқлаш, улар орасидан истиқболли ва иқтидорлиларни саралаб олиш бўйича тизимли ишларни олиб бориш, ёш давлат фуқаролик хизматчиларида юксак касбий ахлоқ-одоб, коррупцияга қарши туриш маданияти ва унга тоқатсиз муносабатни шакллантириш, клуб аъзолигига қабул қилинган ёшларни давлат фуқаролик хизматига ҳар томонлама тайёрлаш, ўқитиш ва малакасини ошириш, маҳаллий ҳокимлик органларининг раҳбарлик ва бошқарув лавозимларининг захирасини юқори натижаларга эришган клуб аъзоларидан шакллантириш,ёш давлат фуқаролик хизматчилари билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш, уларни таҳлил қилиш ҳамда ушбу муаммоларни бартараф этиш таҳлилий ва ташкилий чораларни амалга ошириш, давлат фуқаролик хизматида гендер тенгликни таъминлашга кўмаклашишдан иборат. Клубнинг функциялари ёшлар орасида барча даражалардаги давлат фуқаролик хизмати нуфузини ва жозибадорлигини ошириш, истиқболли мутахассислар, шу жумладан, ёшлар ва хотин-қизлар орасида давлат фуқаролик хизматининг ижобий тимсолини шакллантириш чора-тадбирларини амалга ошириш, истиқболли ва иқтидорли шахсларни ёшлар орасидан излаб топиш ва саралаб олиш, истиқболли кадрлар селексиясини амалга ошириш, сараланган ёшларни давлат фуқаролик хизматига тайёрлаб бориш, давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари билан биргаликда ёшлар ўртасида давлат фуқаролик хизмати ва кадрлар маъмуриятчилиги соҳасида амалга оширилаётган ишлар, шу жумладан давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш, давлат фуқаролик хизматчиларига юксак маънавий ва ахлоқий фазилатларни сингдириш бўйича тарғибот ишларини олиб бориш, клуб аъзолигига қабул қилинган ёшларни ватанга содиқ инсон этиб тарбиялаш, уларда мустақил фикрлаш, бошқарув ва лидерлик кўникмаларини шакллантириш ҳамда давлат бошқаруви соҳасида дунёқарашини кенгайтириш мақсадида ўқув-семинарлар, учрашувлар ва мастер-класс ҳамда тренинглар ташкил этиш, ёш давлат фуқаролик хизматчилари билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш, уларни таҳлил қилиш ҳамда ушбу муаммоларни бартараф этиш билан боғлиқ амалий ишларни ташкил этиш,ёш давлат фуқаролик хизматчиларининг сафини кенгайтириш, уларнинг касбий компетенсияларини ошириш; ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни манфаатларини ҳимоя қилиш, интеллектуал салоҳиятини тўлиқ намоён этиши, жамиятда муносиб ўрин эгаллашлари учун шарт-шароитлар яратиб беришга кўмаклашишдан иборатдир. Юқоридаги мақсад ва вазифаларни Ўқиб чиқган ҳар бир шахс бу клубнинг аввалги клублардан фарқини англаб етиши аниқ.
ТИҚХММИ матбуот хизмати